9-май Хотира ва қадрлаш куни (видео)

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Ушбу кунда фашизмга қарши курашишларда қатнашган, қолаверса ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқ орзу қилган эркинлик учун курашган миллий қахрамонларимизни рухини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам қарздир.


1999 йили 9 май куни Ўзбекистон пойтахтида Хотира майдони очилди ва шу кундан буён 9 май Хотира ва қадрлаш куни деб нишонланмоқда. Ушбу байрам мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида қахрамона, ўлкамизни ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва халқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар хотирасига бағишланган.

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Ушбу кунда фашизмга қарши курашишларда қатнашган, ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонига фидо қилган, шунингдек Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Номоз-ботир каби қахрамонлар ва асрлар давомида халқ орзу қилган эркинлик учун курашган Қодирий, Бехбудий, Мунаввар-қори, Чўлпон, Авлоний, Фитрат, Усмон Носир каби миллий қахрамонларимизни рухини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам қарздур. Инсоният иккинчи жахон урушида катнашган, бу аёвсиз жангу жадалда қахрамонларча халок бўлганлар хотирасини асло унутмайди!

Иккинчи жахон урушида Жиззах

Немис – фашист босқинчиларининг ҳиёнаткорона бошлаган уруши ана шу бепоён кенгликларда яратувчилик меҳнати билан шуғулланаётган кишиларнинг ҳам тинч турмушини бузди. Мамлакатнинг бошқа ҳамма ерларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам халқ хўжалигини ҳимоя мақсадларига қаратиш ишлари амалга оширилди. Халқ юрт озодлиги ва шарафини ҳимоя қилиш учун жанга отланди.Урушнинг биринчи кунларидан бошлаб ҳарбий комиссарликларга ўзларини фронтга жўнатишларини сўраб минглаб аризалар тушди. Юзлаб юртдошларимиз миллий ўзбек гвардияси сафларида жанг қилдилар.

Вилоят меҳнаткашлари халқ хўжалигини ҳарбий изга солиб юбориш борасида ҳукумат қарорларини бажариш йўлида барча чораларни кўрдилар. Бунда биринчи галда ҳарбий давр талаблари асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга эътибор берилди. Жумладан, дон етиштиришни кўпайтириш зарур эди. 1942 йилга келиб дон экиладиган майдонлар урушгача бўлган йилларга нисбатан 1,5 марта кўпайди.

Уруш йилларида механизатор ходимларнинг умумий сони 10 марта камайди. Шу туфайли хотин – қизлар ва ёшлардан механизаторлар тайёрлашга алоҳида аҳамият берилди. Жиззах ва Каттақўрғон шаҳарларида, машина – трактор станциялари қошида ташкил этилган механизаторлик курсларида 1941 – 1945 йиллар давомида аёллардан 415 нафар механизатор тайёрланди.

1941 – 1945 йиллари юртдошларимиздан 39620 киши урушга сафарбар қилинди. Улар Ленинград ва Сталинград мудофасида, Беларус ва Украина ерларини душмандан озод қилиш жангларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. 7450 киши озодлик учун ўз жонини қурбон қилди. Уларнинг айримлари жанг суронларида бедарак йўқолди.

Жиззахлик уч кишига – Е. Иванин, Э.Исмоилов ва Ж. Тўраевга Халқ Қаҳрамони унвони берилди. 4600 дан ортиқ жангчи орден ва медаллар билан мукофотландилар. Ғаллаороллик Эшонқўл Исмоилов Польшанинг Познань шаҳрини озод қилиш учун бўлган жангда шахсан ўзи 40 фашистни ер тишлатди. Жиззахлик Жўрақўл Тўраев Беларусь тупроғидан душманни ҳайдаб чиқариш учун бўлган жангларда жасорат кўрсатди. У 46-енгил артилерия бригадасининг нишонга олувчи сифатида Пороховшина қишлоғи ёнида жангда душманнинг 12 танкини, «Фердинанд» типидаги 2та ўзиюрар тўпини ишдан чиқарди, бир қанча аскар ва офицерларни қириб ташлади. Зоминлик Авазжон Ниёзматов Брест қалъасини душмандан ҳимоя қилишда мардларча ҳалок бўлди.

Ўзбек халқининг асл фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов урушнинг биринчи кунларданоқ бевосита жангларда иштирок этди. У оғир жароғати туфайли фронтдан қайтгач, ғалабани таъминлаш мақсадида вилоят меҳнаткашларининг сафарбарлигини оширишга ҳисса қўшди.

Юртдошларимиз Назир Сафаров ва Қодирқўл Имомовлар жангчиларнинг жасорати ҳақида мақола, очерк ва шеърларини бевосита окопларда ёздилар. Ажойиб шоир ва публицист Ҳамид Олимжон фашистлар бостириб кирган куннинг эртасигаёқ «Ғалаба қўшиғи» шеърини яратди.

9 май – Хотира ва кадрлаш куни муносабати билан халкимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жахон уруши дахшатларининг гувохи бўлган кишилар тобора камайиб бормокда. Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. Фашизм устидан козонилган ғалабага бу йил 70 йил тўлади. Ана шу воқеалар, кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали хамон ўчгани йўқ.

Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.

Барча фаҳрийларимизни, азиз юртдошларимизни Хотира ва қадрлаш куни билан табриклаймиз!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!


Улуғ Ватан уруши ҳақида видеолар




Фашизм – бу одамзод учун қора доғ келди,
Қуёш нурига қарши чанг билан тупроғ келди.
Ўлакса устидаги қузғун билан зоғ келди,
Ёлғиз менинг Ватаним бахт ўстирар боғ келди.

Кундузни тун деб ўйлаб сарҳадга келди ўғри,
Кўршапалак охири оташга келди тўғри.
Тушар доим эсимга – ўзбек мақолидир бу:
Ким аввал мушт кўтарса, албатта, қурқоқ келди.

Гитлернинг ичда қилган қарғишини билардик,
Ер тагида илоннинг изғишини билардик,
Ғофил деб ўйламасин, ҳар ишини билардик,
Ўрмонда бўри билан шер олишар чоғ келди.

Душманнинг тепасида ёзиб пўлат қулочин,
Калхат Билан олишгай осмонда зўр лочин.
Тарихинг ҳукмидир бу: бизникидир зафар чин,
Қутурган селга қарши осмон бўйи тоғ келди.

Ҳозир бўлсин фашизм ер тагида чиришга,
Мана биз кўкка учдик, тепасида қиришга,
Одамзод – гувоҳмиз, қойил қолсин бу ишга,
Душманларни ер билан яксон қилар чоғ келди.

                                            (Ҳамид Олимжон)


манба: © www.idum.uz
Сайт материалларидан фойдаланилганда манба сифатида кўрсатилиши шарт.

Ўхшаш мавзулар:

One thought on “9-май Хотира ва қадрлаш куни (видео)

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*