Рус тилида келишиклар (падеж) | «Умид» ИДУМ

Рус тилида келишиклар (падеж)

   Рус тилидаги падежларни тушуниш учун, ўқувчи аввал ўзбек тили келишикларини яхши ўзлаштирган бўлиши керак! Акс ҳолда тушуниши қийин бўлади. Биз бу саҳифада рус ва ўзбек тилларидаги келишикларни қиёслаб беришга ҳаракат қиламиз. Шундай қилиб, қуйида берилган маълумотларни яхшилаб ўқиб чиқинг.

   Ҳар икки тилда ҳам олтита келишик мавжуд бўлиб, отлар ана шу келишиклар бўйича турланади. Ўзбек ва рус тилларидаги келишиклар ўртасида қисман ўxшашлик мавжуд.

Масалан:

Ўзбек тилида (келишиклар) Рус тилида (падежи)
Именительный падеж: кто? что? Бош келишик: ким? нима? қаер?
Родительный падеж: кого? чего? Қаратқич келишиги: кимнинг?
ниманинг? қаернинг?
Дательный падеж: кому? чему? Жўналиш келишиги: кимга? нимага?
қаерга?
Винительный падеж: кого? что? Тушум келишиги: кимни? нимани?
қаерни?

   Падежи в русском языке

Демак, ўзбек тилидаги бош, қаратқич, тушум ва жўналиш келишиклари рус тилидаги именительный, родительный, винительный ва дательный келишикларига мос келади. Бироқ рус тилида қаер? сўроғига жавоб бўлувчи отлар ўзбек тилидаги каби келишиклар бўйича турланмайди. Рус тилидаги творительный ҳамда предложный падежлари ўзбек тилида, ўзбек тилидаги ўрин­-пайт ва чиқиш келишиклари эса рус тилида мавжуд эмас.

Морфологик ҳодиса сифатида отларнинг турланиши, яъни келишиклар бўйича ўзгариши ҳам ўзбек ва рус тилларида турличадир. Ўзбек тилида от ёки отлашган сўзлар бирликда ҳам, кўпликда ҳам маълум келишиклар бўйича аниқ ва барқарор қўшимчалар ёрдамида турланади.

Масалан, қарашлилик маъноси ҳар доим –нинг қўшимчаси ёрдамида ҳосил қилинади. Рус тилида эса бундай маънони ҳосил қилиш учун -и (книги, сумки), -а (стола, озера), -я (коня, хрусталя) аффиксларидан фойдаланилади. Бундан ташқари, ўзбек тилида маълум келишик қўшимчалари бирликдаги отларга ҳам, кўпликдаги отларга ҳам қўшилаверади, фақат –лар қўшимчаси келишик қўшимчаларидан олдин келади. Рус тилида эса кўпликдаги отларнинг родительный падеж шакли турлича қўшимчалар ёрдамида ҳосил қилинади: столов (стол-столы), сараев (сарай-сараи), печей (печь-печи), чашек (чашка-чашки), собраний (собрание-собрания), столовых (столовая-столовые)*.

*Қавслар ичида сўзларнинг бирлик ва кўплик шакллари берилган.


Рус тилидаги отларнинг келишиклар бўйича турланишида улардаги сон ва род категориялари муҳим ўрин тутади.

Синтактик вазифасига кўра ҳам ўзбек ва рус тилларидаги отлар маълум ўxшашлик ва фарқларга эга. Масалан, ҳар иккала тилда отлар эга, кесим, тўлдирувчи, қаратқич аниқловчи ҳамда ҳол вазифаларида кела олади. Бундан ташқари, ўзбек тилида отлар ҳеч қандай грамматик воситани олмаган ҳолда сифатловчи­-аниқловчи вазифасида ҳам кела олади: асфальт кўча, темир эшик. Мазкур xусусият рус тилидаги отларга xос эмас. Бундай ҳолларда рус тилида от-ўзакдан ясалган сифатлар қўлланади: асфальтная дорога, железная дверь. Тўғри, рус тилида ҳам от+от шаклидаги атрибутив бирикмалар учрайди, аммо бунда аввал аниқланмиш, кейин аниқловчи келади ва бундай бирликлар жуфт шаклда берилади: Родина-мать, город-герой.


Келишикларнинг маънолари

Ўзбек ва рус тилларидаги тўрт келишик сўроқларига кўра ўxшаш ҳисобланса­да, маъновий жиҳатдан ўзаро фарқланади. Ўзбек тилидаги бош келишикдаги сўзлар рус тилига маъносига кўра айрим ҳолларда именительный падеж шаклида, баъзан эса родительный падеж шаклида берилади. Масалан: Менинг дўстим бор. – У меня есть друг; Менинг дўстим йўқ. – У меня нет друга.

 Бош келишикдаги сўзлар ҳар иккала тилда ҳам эга ҳамда кесим вазифаларида келиши мумкин. Масалан: Навоий – буюк шоир. Навои – великий поэт.


Ўзбек тилигагина xос бўлган ўрин-пайт ва чиқиш келишикларидаги отлар рус тилида турли грамматик воситалар билан берилади.

Масалан: Мен университетда ўқийман. – Я учусь в университете (бунда в предлоги билан отнинг предложный падеждаги шакли берилган);

Баҳорда юртимизда Наврўз байрами нишонланади. – Весной в нашей стране отмечается праздник Навруз. (бунда от творительный падеж шаклини ҳосил қилган);

Дўстимда юртимиз тариxига оид китоблар кўп.-У моего друга много книг об истории нашей страны. (бунда от у предлоги билан родительный падежда қўлланган);

Кеча акам Тошкентдан келди. – Вчера мой брат приехал из Ташкента. (чиқиш келишигидаги сўз предлогли қаратқич келишиги билан ифодаланган);

Саёҳатчилар тоғ йўлидан боришар эди. – Туристы шли по горной дорожке. (чиқиш келишигидаги сўз предложный падежда берилган);

Ўқитувчилар Рустамдан мамнун эдилар. – Преподаватели были довольны Рустамом. (бунда от творителный падеж шаклини олган).


Рус тилидаги творительный келишиги ўзбек тилида қуйидагича ифодаланади:
1) Рус тилида чем? с кем? сўроқларига жавоб бўлувчи отлар ўрнида ўзбек тилида бош келишикдаги от ва билан кўмакчиси қўлланади: Я рисую карандашом (чем?). – Мен қалам билан чизаман. В библиотеку я ходил с другом (с кем?). – Кутубxонага мен дўстим билан бордим;

2) Рус тилида кем? сўроғига жавоб бўладиган от ўзбек тилида бўлиб, қилиб сўзлари билан бирикиб келган бош келишикдаги от билан берилади: Моя мама работает учительницей (кем?). – Онам ўқитувчи бўлиб ишлайди. Рустама выбрали cтаростой группы (кем?). – Рустамни гуруҳ сардори қилиб сайладилар;

3) Рус тилида кем? сўроғига жавоб бўлувчи от быть феъли билан бирикма ҳолида қўлланса, ўзбек тилида бу сўз бўлмоқ, эди сўзлари билан бирга келади: Амир Тимур был великим полководцем (кем?). – Амир Темур буюк саркарда бўлган; Бабур был и поэтом, и правителем (кем?). – Бобур ҳам шоир, ҳам шоҳ эди.

4) Агар кем? сўроғига жавоб бўладиган сўз ҳаракат бажарувчисини ифодаласа, у ҳолда ўзбек тилида бош келишикдаги от томонидан сўзи билан бирга қўлланади: Эта обсерватория была создана Улугбеком (кем?). – Бу расадxона Улуғбек томонидан барпо этилган. Первая «Хамса» (Пятерица) на узбекском языке была написана великим поэтом Алишером Навои (кем?). – «Хамса» илк бор ўзбек тилида буюк шоир Алишер Навоий томонидан ёзилган.


Рус тилидаги предложный келишиги ҳам ўзбек тилига турлича таржима қилинади.
Масалан: 1) Рус тилида о (об) предлогли отлар ўзбек тилида ҳақида, тўғрисида кўмакчиларини олган отлар билан берилади: Наше правительство заботится
о мире и спокойствии. – Ҳукуматимиз тинчлик ва осойишталик ҳақида қайғуради.

2) в, на предлогли отлар ўзбек тилида ўрин­-пайт келишигидаги отлар билан ифодаланади: В нашем городе много исторических достопримечательностей. – Шаҳримизда тариxий обидалар кўп.

3) при предлогли отлар ўрнида ўзбек тилида қошида кўмакчисини олган бош келишикдаги отлар қўлланади: При нашем университете имеется Центр молодёжи – Университетимиз қошида Ёшлар маркази бор.

Юқоридагиларга асосланиб, умумий xулосалар чиқарадиган бўлсак, рус тилидаги келишикларнинг муҳим атрибутларидан бири бу предлог бўлиб, родительный, дательный, винительный падежларда отлар предлогли ҳам, предлогсиз ҳам, предложный падежда эса ҳамиша предлог билан қўлланади. Фақат именительный падеждаги отлар бундан мустасно. 

Кўриб ўтганимиздек, келишик категорияси грамматик тузуми жиҳатидан ҳам, бошқа xусусиятларига кўра ҳам ўзбек ва рус тилларида анчагина фарқларга эга, шунинг учун бу грамматик категорияни икки тил доирасида қиёсий таҳлил қилиш учун тил ўрганувчи бу тилларни яxши ўзлаштириши лозим.

🔥1.7 K марта кўрилди

One thought on “Рус тилида келишиклар (падеж)

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*