Давлатлар: АҚШ

Америка Қўшма Штатлари (АҚШ, ингл. United States of America) – Шимолий Америкадаги мамлакат. Пойтахти – Вашингтон шаҳри, БМТ аъзоси. АҚШ Шарқдан Атлантика, ғарбдан Тинч океани, жануби-шарқдан Мексика қўлтиғи билан ўралган. Маъмурий жиҳатдан 50 штат ва Колумбия федерал округига бўлинади. Аляска ва Гавайи штатлари мамлакат асосий ҳудудидан ташқарида жойлашган. Пуэрто-Рико Ҳамдўстлиги, Шимолий Мариана ороллари Ҳамдўстлиги, Гуам, Виргиния ороллари, Шарқий Самоа ҳам АҚШга қарашли.


Номи: Америка Қўшма Штатлари
Пойтахти: Вашингтон шаҳри
Ҳукумат: Президентлик Республика
usa-1Президент: Барак Обама
Вице-Президент:  Жое Биден
Телефон коди: +1
Қисқартма: USA
Интернет домен: .US
Давлат тили: Инглиз тили
Майдони: 9373000 км2
Аҳолиси: 320,061 млн. киши (2014)
Зичлик: 30 одам/км²
Пул бирлиги: АҚШ доллари (USD)
Миллий байрами: 4-июл, 1776-йил
Йирик шахарлари: Йирик шаҳарлари: Нью-Йорк, Чикаго, Лос Анжелес, Филадельфия, Хьюстон, Детройт, Сан Франциско, Вашингтон, Бостон, Даллас, Кливленд.

Давлат тузуми

АҚШ – федератив республика. Амалдаги конституцияси 1787 йилда қабул қилинган. Давлат ва ҳукумат бошлиғи, қуролли кучлар бош қўмондони – президент, унинг ваколатлари жуда катта. Вице-президент билан бирга бавосита, икки босқичли сайлов йўли билан (сайловчилар ҳайъати орқали) 4 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни сенат ва вакиллар палатасидан иборат икки палатали конгресс амалга оширади. Сенатда 100 сенатор бор (улар 6 йил муддатга, ҳар штатдан 2 тадан сайланади ва 1/3 қисми ҳар 2 йилда янгилаб турилади). Вакиллар палатасига 435 депутат 2 йилга сайланади. Ижрочи ҳокимият органи – АҚШ ҳукумати президент томонидан сенатнинг розилиги билан тайинланади; 13 вазирдан иборат бўлади. Ҳукумат конгресс олдида масъул эмас. Ҳар бир штатнинг ўз конституцияси бор. Штатдаги қонун чиқарувчи ҳокимиятни қонун чиқарувчи мажлис, ижрочи ҳокимиятни эса губернатор амалга оширади. АҚШ давлатининг конституциявий тизимига уч сиёсий-ҳуқуқий қоида асос қилиб олинган, бу қоидалар – ҳокимиятнинг бўлиниши, федерализм ва суднинг конституциявий назоратидан иборат. Ҳокимиятнинг бўлиниш қоидаси давлат ҳокимиятининг уч тармоғи – қонун чиқарувчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларининг мустақиллигини ва улар ўртасида вазифаларнинг чегаралаб қўйилишини назарда тутади. Федерал даражадаги уч тармоқ – Конгресс, Президент ва Олий суддир.

Табиати

Атлантика океанининг АҚШ қирғоғида кўрфаз ва қўлтиқлар жуда кўп, соҳиллари асосан пасттекисликдан иборат; энг катта яриморол – Флорида. Мамлакат рельефи уч турга бўлинади. Ғарбдаги Кордильера тоғ тизмаси АҚШ ҳудудининг учдан бир қисмини эгаллайди. Тинч океан соҳили баланд тоғлар (Аляска тизмасида АҚШ ва бутун – 6194 метр баландликдаги Мак-Кинли чўққиси жойлашган; бундан ташқари Қирғоқбўйи тизмалари ва Каскадли тоғлар, СьерраНевада тоғлари бор). Шарқий минтақани Қояли тоғ тизмалари эгаллаган. Мазкур иккала тоғли минтақа оралиғида Колумбия ва Колорадо платолари бор. Катта Ҳавза чўл ясси тоғликларини чуқур даралар бир-биридан ажратиб туради. Шарқда унча баланд бўлмаган Аппалачи тоғлари (баландлиги. 2037 метргача, Митчелл тоғи) бўлиб, уни торгина Атлантика бўйи пасттекислиги океандан ажратиб туради. Кордильера билан Аппалачи ўртасида Марказий текисликлар, Буюк текисликлар (ёки Прерий платоси) ва Мексикабўйи текисликларини ўз ичига олган ички текисликлар жойлашган. Шимолда сув-муз шаклидаги рельефли Лаврентий тепалигининг бир қисми жойлашган. АҚШ – фойдали қазилма захиралари ва хилма-хиллиги жиҳатидан дунёнинг энг бой мамлакатларидан бири. Кўмир, нефт, газ, мис, қўрғошин, пйх, уран, темир, титан рудалари, симоб, олтин, молибден, волфрам, фосфорит конлари мавжуд. Тош ва калий тузлари, олтингугурт ва бошқа минераллар ҳам бор. АКШ ҳудудининг деярли ҳаммаси мўътадил ва субтропик минтакаларда, Аляска – субарктика, Флориданинг жанубий қисми тропик минтақаларда жойлашган. Мамлакатнинг шимолий-шарқий ва шарқий қисмлари иқлими илиқ Голфстрим оқими, Тинч океан соҳили иқлимига совуқ Калифорния оқими анчагина таъсир ўтказади. Ҳудуд юзасининг тузилиш хусусиятларига кўра шимолий ва жанубий минтақалар ўртасида ҳавонинг фаол алмашинуви муносабати билан об-ҳаво тез-тез ўзгариб туради. АҚШ ички минтақаларининг иқлими — континентал, Кордильера ички ҳудудларида кескин континентал. Бисмарк ш.да (Шим. Дакота штати) январнинг ўртача ҳарорати -19°, июлда +21°, Чикаго ш.да январда -3,7° ва июлда +32°. Мексикабўйи пасттекислиги ва Атлантика бўйи пасттекислигининг жанубий қисмида субтропик иқлим. Ҳавонинг энг паст ҳарорати (-64° гача) Юкон ясси тоғлиги (Аляска)да, энг юқори ҳарорати эса (+50°) Ажал водийси (Калифорния)да кузатилган.

Аҳолиси

АҚШнинг ҳозирги аҳолиси уч асосий этник таркибий қисмдан: АҚШ америкаликлари, муҳожирлар ва туб жой аҳолисидан иборат. АҚШ аҳолисининг 82,8 % ни асли келиб чиқиши европаликлар, 12,6 % ни африкаликлар, 3,6 % ни осиёликлар, 1 % ни ҳиндулар, эскимослар, алеутлар ташкил этади. Аҳолининг 80 % шаҳарларда яшайди. АҚШ америкаликлари миллат сифатида асосан XVIII асрнинг II-ярмида европанинг турли мамлакатларидан келган муҳожирларнинг аралашиб кетиши натижасида таркиб топган. Афроамерикаликлар («қоралар» деб аталувчи негрлар) АҚШ америкаликларининг ирқий-этнографик гуруҳи бўлиб, улар XVII-XIX асрларда мамлакатга келтирилган африкалик қулларнинг авлодларидир. Афроамерикаликлар кўп асрлар давомида айирмачилик ва камситувга дучор қилинишига қарамай, африкаликларнинг оқ танлилар билан жисмоний аралашуви содир бўлди. Дурагайлар афроамерикаликлар умумий сонининг анчагина қисмини ташкил этади. АҚШда мексиканлар, италянлар, немислар, французлар, шведлар, норвеглар, голландлар, японлар, поляклар, хитойлар ва бошқа халқлар ҳам яшайди. АҚШда 5 мингга яқин ўзбек истиқомат қилади. Улар асосан Нью-Йорк, Вашингтон, Нью-Жерси штатларида, Филаделфия шахарларида ҳамда мамлакатнинг бошқа штат ва шаҳарларида яшайди. Улар турли касб ҳамда тижорат ишлари билан шуғулланадилар. АҚШ аҳолисининг зичлиги – 1 км2 га 27,2 киши. Расмий тили – инглиз тили.

Йирик шаҳарлари: Нью-Йорк, Чикаго, Лос Анжелес, Филадельфия, Хьюстон, Детройт, Сан Франциско, Вашингтон, Бостон, Даллас, Кливленд.

Тарихи

Америка Қўшма штатлари рамзи (озодлик хайкали)

Қадим замонларда ҳозирги АҚШ ҳудудида индейс ва эскимослар яшаган. Америка 1492 йилда Христофор Колумб томонидан кашф этилгандан кейин XVI асрда Испания, Франция, Англия, Голландия, Швеция Шимолий Америкадаги бўш ерларни эгаллашга киришди. Англия XVIII аср ўрталарида асосий рақибларини суриб чиқариб, қитъанинг шарқий қисмида ўзининг мустамлакачилик ҳукмронлигини ўрнатди. Ерларни эгаллаш ва ўрнашиб олиш билан айни бир вақтда маҳаллий аҳоли қирғин қилинди ва Африкадан қул негрлар оммавий равишда олиб келинди. 1775-1783 йиллардаги Шимолий Америкада мустақиллик учун уруш давомида 1776 йил 4 июлда федерал давлат – АҚШга асос солинди ва у республика деб эълон қилинди. Жорж Вашингтон АҚШнинг биринчи президента этиб сайланди. Мамлакат шимолида саноат ва фермерлик, жанубда қулдорликка асосланган деҳқончилик ривожланди. Ғарбдаги индейс қабилаларини ҳайдаб юбориш ва янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига АҚШ ҳудуди тез кенгая борди. 1803 йилда Франциядан Ғарбий Луизиана «сотиб олинди», 1819 йилда Испания Флориданинг баҳридан ўтди, 1836 йилда Мексикадан Техас тортиб олинди. XIX аср мобайнида ҳозирги Калифорния, Аризона, Нью-Мексико, Невада штатларининг ҳудудлари, Колорадо ва Ваёминг штатларининг бир қисми қўшиб олинди. XIX аср ўрталарида АҚШда «икки партияли тизим» таркиб топди. Энди ҳокимиятни Демократик партия билан Республикачилар партияси галма гал бошқарадиган бўлди. Шимол буржуазияси билан жануб плантаторлари ўртасидаги зиддият АҚШда 1861-1865 йилларда фуқаролар урушига олиб келди, унда президент Авраам Линкольн бошчилигидаги шимолий штатлар ғалаба қозонди. Уруш давомида ер улушлари ҳақида (1862), қулдорликни бекор қилиш тўғрисида (1865) қонунлар қабул қилинди. Фуқаролар урушидан сўнг мамлакат иқтисодиёти жадал ривожлана бошлади. 1867 йилда АҚШ чор Россиясидан Аляска ва Алеут оролларини сотиб олди; XIX аср охирида Филиппин, Гавайи, Пуэрто-Рико, 1903 йилда Панама канали зонасини қўлга киритди. Икки аср бўсағасида АҚШга кўчиб келишнинг янги тўлқини бошланди. Муҳожирларнинг аксарияти жанубий-шарқий Европадан эди. Биринчи жаҳон уруши даври (1914-1918)да АҚШ аввалига бетарафлик мавқеида турди, 1917 йил апрелида Антанта томонида туриб ҳаракат қилди. Урушдан кейин АҚШ иқтисодий юксалиш даврига кирди. Аммо тез орада иқтисодий инқироз (1929-1933) бошланиб, ишсизлик кучайди (1933 йилда 17 млн. ишсиз бор эди), корхоналар синди, ишлаб чиқариш кескин пасайди. Инқироз шароитида Ф. Рузвельт (1933-1945 йилларда АҚШ президенти) бошчилигидаги Демократик партия маъмурияти ҳокимият тепасига келди. Унинг ташаббуси билан бир қанча ижтимоий-иқтисодий тадбирлар амалга оширилди, «янги йўл» деб аталган бу йўл АҚШни инқироздан олиб чиқиш мақсадини кўзлар эди. 1941 йилда Япония Американинг ПёрлХарбор ҳарбий-денгиз базасига ҳужум қилганидан кейин АҚШ 2-жаҳон урушига қўшилди ва Гитлерга қарши коалиция томонига ўтди. Америка қуролли кучлари асосан Тинч океанда Японияга қарши жанговар ҳаракатларда қатнашди. 1943 йилда Италияга қўшин туширди. АҚШ иттифоқчиларнинг халқаро анжуманларида (1943 йил Техрон, 1945 йил Қрим, 1945 йил Поцдам конференсияларида) қатнашди. Ниҳоят, 1944 йил 6 июнда АҚШ билан Буюк Британия иккинчи фронтни очди. 1945 йил августда Г. Трумен (1945-1953 йилларда АҚШ президенти) буйруғи билан Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташланди; ўн минглаб тинч аҳолининг қирилишига сабаб бўлди. 1950-1953 йилларда АҚШ Корея урушида қатнашди, 1956-1975 йилларда Вьетнамда уруш олиб борди. 1945 йилдан АҚШ — БМТ, шунингдек Америка давлатлари ташкилоти, НАТО аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатларини 1992 йил 12 февралида ўрнатган.

Хўжалиги

АҚШ – дунёда иқтисодий жиҳатдан энг юксак даражада ривожланган мамлакат. Ялпи миллий маҳсулот ва саноат ишлаб чиқариш ҳажми, товар ва капитал экспорт қилиш, илмий тадқиқотларга сарф-харажат бўйича 1-ўринда туради. Бутун дунёдаги саноат ишлаб чиқаришнинг учдан бир қисми АҚШ улушига тўғри келади. Халқаро бошқарув тараққиёти институти ўтказган тадқиқот маълумотларига кўра, 1994-1996 йилларда иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан етакчи давлатлар ўртасида ҳам АҚШ биринчи ўринда турибди.

Саноати

АҚШ миллий даромадининг 66,3 % саноатда ҳосил қилинади. Саноат иишлаб чиқаришнинг ярмига яқини саноат корпорациялари қўлида. Улар орасида: «Exon», «Mobil», «Texaco», «Shevron», «Standart oil of California», «Standart oil of Indiana», «Galf oil» нефть, «General Motors», «Ford motor», «Crysler» автомобил, «IBM», «General electric», «ITT» электр машинасозлиги, «U.S. Still» пўлат қўйиш, «Dupon de Nemur» кимё ва бошқа корпорациялар бор. Ҳарбий саноат корпорациялари орасида «General dynemix», «Lockheed», «Grumman», «McDonnell Douglas», «Hughes Aircraft» етакчи ўринни эгаллайди. Авиа-ракета-космик, энергомашинасозлик, электрон, шунингдек нефть кимёси, атом ва энергетика саноати ғоят тез суратлар билан тараққий этмоқда. Электр энергиянинг 74 % иссиқлик электр станцияларида, 12,1 % ГЭСларда, 14,1 % АЭСларда ҳосил қилинади. Нефть (Мексика қўлтиғи соҳилидаги Гальф, Калифорния, Аляска), табиий газ ва олтингугурт (Галф), кумир (Аппалачи ва Марказий ҳавзалар), темир руда (Юқори кўл атрофи), фосфорит (Флорида), уран, рангли металлар, калий тузлари ва ш.к. қазиб олинади. Қора металлургиянинг асосий марказлари – Чикаго, Питцбург , Детройт, Кливленд, Буффало, Балтимор, Филаделфия. Алюминий саноати Галф атрофида ҳамда Колумбия ва Теннесси дарёлари ҳавзаларида жойлашган. Саноатнинг етакчи тармоғи – машинасозлик ва металлсозлик. Саноат ва энергетика асбоб-ускуналари, қурилиш ва қ.х. машиналари и.ч. асосан шим.-шарқий штатларда, электротехника ва алоқа воситалари и.ч. шим.-шарқ ва Калифорнияда йўлга қўйилган. Автомобилсозликнинг бош маркази Детройт шаҳридир. Самолётлар, ракета ва космик техника ишлаб чиқарувчи заводлар асосан Лос-Анджелес, Сан-Диего, Бостон, Нью-Йорк, Филадельфия, Балтимор, Буффало, Даллас, Атланта ва бошқа шаҳарларда жойлашган. Кемасозлик (асосан ҳарбий кемасозлик) АҚШ шим.шарқий соҳили портларида ривожланган. Атом саноатининг асосий марказлари – Ок-Риж, Падюка, Порцмут, Эйкен, Ханфорд. Кимё саноати химикатлар, пластмассалар, кимёвий тола, синтетик каучук, локлар, кир ювиш воситалари, бўёқлар, маъданли ўғитлар ва ш.к.ни ишлаб чиқаради. Мазкур тармоқ корхоналари асосан шим.-шарқий штатларда, Мексика қўлтиғи соҳилидаги шаҳарларда жойлашган. Ҳарбий саноат асосан Калифорния, Нью-Йорк, Техас, Коннектикут, Миссури, Массачусец, Виргиния штатларида. Енгил саноат тармоқларидан энг салмоқлиси тўқимачилик (кўпроқ Шим. Каролина, Жан. Каролина ва Жоржия штатларида) ва тикувчилик (Нью-Йорк ва жан. штатлар). Чарм-пойабзал саноати яхши ривожланган. Озиқ-овқат саноати ўз хом ашёси билан яхши таъминланган. Унинг етакчи тармоқлари – гўшт, сут, ун, ёғ, қанд-шакар, консерва, алкоголли, алкоголсиз ичимликлар, тамаки.

Қишлоқ хўжалиги

АҚШ миллий даромадининг 8 % дан кўпроғи қишлоқ хўжалигида ҳосил қилинади. Йирик фермалар етакчи рол ўйнайди. Умуман қишлоқ хўжалиги сермаҳсул ва сертовар бўлиб, муайян ҳудудлар айрим маҳсулот турларига ихтисослашган ва марказлашган. Мамлакатда 2 млн.га яқин фермер хўжалиги бор, бир фермер хўжалиги ўрта ҳисобда 190 га ерда деҳқончилик қилади. Меҳнатга яроқди аҳолининг 2,5 % қишлоқ хўжалигида банд. АҚШда асосан маккажўхори, соя, пахта, тамаки, шоли, картошка, кунгабоқар, қанд лавлаги, шакарқамиш ва бошқалар экилади. Буғдойзорлар (“буғдой минтақаси”) Буюк текисликлар ва Колумбия платосида (асосан Канзас ва Шим. Дакота штатлари), маккажўхори (“маккажўхори минтақаси”) Буюк кўлларнинг жан. ва ғарбида (Аёва, Иллинойс штатлари) устунлик қилади, пахтазорлар фақат Миссисипи дарёси водийси ҳамда Техас, Аризона ва Калифорния штатларида учрайди. Қанд лавлаги, шакарқамиш Миссисипи дарёси этакларида ва Гавайи оролларида, тамаки Шим. Каролина, Виргиния ва Кентукки штатларида етиштирилади. Боғдорчилик ва полизчилик Калифорния, Флоридада, Атлантика океани ва Буюк кўллар соҳилларида кўпроқ. Кенг чўллар ва “маккажўхори минтақаси” штатларида гўштбоп чорвачилик, шим.шарқда ва Калифорнияда сут чорвачилиги ривожланган. Миннесота ва Висконсин штатларида сутнинг кўп қисми қайта ишланиб, пишлоқ ва сариёғ ишлаб чиқарилади. Қўйчилик асосан қурғоқчил тоғли штатларда ривожланган. Гўштбоп жўжа (бройлер), товуқ, курка етиштиришга катта аҳамият берилади. Тухум кўпроқ жан.-шарқий штатлардаги йирик паррандачилик фабрикаларида етиштирилади. АҚШда 102 млн. бош қорамол, 51 млн. бош чўчқа, 10 млн. бош қўй бор. Балиқ овлаш ривожланган. Ҳамма турдаги ёғоч тайёрланади.

Транспорти

Ички юк ташишда транспорт йўл, автомобил транспорти, ички сув транспорти, денгиз транспорти, ҳаво транспорти, газ ва нефт қувурлари муҳим аҳамиятга эга. Асосий денгиз портлари: Нью-Йорк, Филаделфия, Балтимор, Янги Орлеан, Хьюстон, Сан-Франциско, Буюк кўлларда – Чикаго, Дулут. Авиация қатнови асосий узеллари – Нью Йорк, Чикаго, Атланта, Лос Анжелес, Маями, Даллас ҳисобланади.

Ташқи савдоси

Дунёнинг турли мамлакатларига бевосита маблағ сарфлаш кўпайиб бормоқда. экспортда ҳам, импортда ҳам тайёр маҳсулот устун. АҚШдан саноат ва энергетика машина-ускуналари, транспорт воситалари, кимё товарлари, тўқимачилик ва қоғоз маҳсулотлари, кўмир, озиқ-овқат ва ембоп дон, соя, пахта, тамаки ва бошқа маҳсулотлар чиқарилади; нефть ва нефть маҳсулотлари, руда ва металл, саноат машина-ускуналари, узоқ муддат фойдаланиладиган рўзғор анжомлари, кийим-кечак, поябзал, ёғоч, қоғоз, балиқ, гўшт, қанд-шакар, кофе ва бошқалар келтирилади. Савдо-сотиқдаги асосий мижозлари – Канада, Япония, Мексика, Ғарбий Европа мамлакатлари.

Пул бирлиги – Америка доллари (USD).

Тиббий хизмати

Мамлакат касалхона муассасаларининг 70 % – хусусий. Шифокорларни тиббиёт мактаблари тайёрлайди. Саратога-Спрингс, Клифтен, Тренчлик, Хот-Спрингсда балнеология, Атлантик ситида денгиз бўйи, Санта-Клаус, Монтерей, Санта Барбарада денгиз курортлари бор. Атлантика ва Тинч океанлари соҳиллари ва оролларида, шунингдек тоғ ва чўл жойларда иқлимий санатория жойлашган.

Маорифи ва маданий-маърифий муассасалари

Миллий маориф тизими мустақиллик учун уруш (1775-1983)дан кейин қарор топа бошлади. 1852 йилда Массачусец штати АҚШда биринчи бўлиб мажбурий бошланғич таълим тўғрисида қонун қабул қилди. АҚШдаги кўпчилик штатларда 7-16 ёшдаги болалар учун ўқиш мажбурий. Ўрта мактабнинг турлари кўп: 3 йиллик кичик ўрта мактаб, 6 йиллик бирлашган кичик ва ўрта, 4 йиллик ўрта мактаб. Барча вариантдаги ўрта мактабларда ўқиш муддати – 12 йил. Олий таълим тизими университетларни, 4 йиллик коллежларни бундан ташқари тўлиқ олий маълумот бермайдиган 2 йиллик кичик коллежларни, ҳунар ва техника институтларини ўз ичига олади. Барча олий ўқув юртларида таълим пуллик.

Энг йирик олий ўқув юртлари: Гарвард, Калифорния (Беркли шаҳрида), Висконсин, Мичиган, Иллинойс, Корнелл (Итака шаҳри), Колумбия, Принстон, Чикаго, Пенсилвания университетлари, Калифорния, Стенфорд ва Массачусец технология институтлари.

Йирик кутубхоналари: Конгресс кутубхонаси (1800 й. ташкил этилган), Нодир китоблар ва қўлёзмалар кутубхонаси, Миллий архив кутубхонаси, Миллий тиббиёт кутубхонаси, университетларнинг кутубхоналари, Лос-Анжелес (1872 йилда ташкил этилган), Чикаго (1872 йил ташкил этилган), Бостон (1852 йилда ташкил этилган), Нью-Йорк (1895 йил ташкил этилган) халқ кутубхоналари ва бошқалар.

Машҳур музейлари: АҚШ Миллий музейи, Ҳавода учиш ва космонавтика миллий музейи, Нафис санъат асарлари миллий коллекцияси, Миллий санъат галереяси, Тарих ва техника миллий музейи, Миллий портрет галереяси (ҳаммаси Вашингтонда), Ҳозирги замон санъат музейи, Метрополитен музей, Америка табиатшунослик тарихи музейи (Нью-Йоркда), Бостон нафис санъат музейи ва бошқалар.

Илмий муассасалари

АҚШда илмий муассасаларга раҳбарлик қиладиган ягона марказ йўқ. Вашингтондаги АҚШ Миллий ФА (1863 йилда ташкил бўлган) фан ва техника масалалари бўйича федерал ҳукуматнинг маслаҳатчиси ҳисобланади. 1964 йилда алоҳида Миллий техника академияси тузилган; Калифорния ФА (1853), Чикаго ФА (1857) мавжуд. Барча илмий муассаларининг анчагина қисми университетларда олиб борилади. 1965 йилда ташкил этилган Миллий таълим академияси маориф ва педагогика масалалари билан шуғулланади. Мамлакатда бирталай ихтисослашган илмий ташкилот ва жамиятлар бор. 10 мингдан ортиқ, асосан, хусусий саноат фирмалари, 700 га яқин федерал ҳукумат муассасаси илмий техника ва тадқиқот-конструкторлик ишларини амалга оширади. Конгресснинг ижозати билан федерал ҳукумат барча и.т. ва конструкторлик ишларининг ярмини пул билан таъминлайди. 1950 йилда Миллим илмий фонд ташки этилди. Бу муассаса зиммасига и.т.ларнинг йўналишини белгилаш, уларни мувофиқлаштириш ва пул билан таъминлаш, илмий кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилган. Фан ва техника масалалари бўйича федерал кенгаш президентнинг махсус ёрдамчиси бошчилигида ҳукумат муассасалари бажарадиган тадқиқот ишларини назорат қилади. Давлат муассасалари орасидаги энг йирик фондлар Мудофаа вазирлигига қарашлидир. Бу вазирлик ихтиёрида 100 дан ортиқ и.т. ва тажриба илмий марказлари бор.

Матбуоти, радиоэшиттириш ва телекўрсатуви

АҚШдаги йирик кундалик газеталар: «New-York times» (Нью Йорк вақти, 1851 йилдан), «New-York daily news» (Нью Йорк кундалик янгиликлари, 1919 йилдан), «New-York post» (Нью Йорк почтаси, 1801 йилдан), «Washington post» (Вашингтон почтаси, 1877 йилдан), «Washington times» (Вашингтон вақти, 1982 йилдан), «Wall Street journal» (Уоллстрит газетаси, 1889 йилдан), «Chicago tribune» (Чикаго минбари, 1847 йилдан), «Los Angeles times» (Лос-Анжелес вақти, 1881 йилдан), журналлар: «Time» (Вақт, 1923 йилдан), «Newsweek» (Ҳафта янгиликлари, 1933 йилдан), «United States News and World Report» (Қўшма штатлар янгиликлари ва жаҳонга назар, 1933 йдан), «BusinessWeek» (Бизнес ҳафта мобайнида, 1929 йилдан), «The Nation» (Халқ, 1865 йдан), «Democrat» (1961 йилдан), «Life» (Ҳаёт). Етакчи ахборот агентликлари: Associated Press (АП; 1848 йилда ташкил этилган) ва United Press International (1958 йилда ташкил этилган). Биринчи тижорат радиостанцияси 1920 йилда ташкил этилган. АҚШда 9 мингдан кўпроқ радио ва ИЗО телестанциялар мавжуд. Тажриба телекўрсатуви – 1928 йилдан, мунтазам телекўрсатув 1941 йилдан ишлайди.

Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари

Ўзбекистон Республикаси билан АҚШ ўртасидаги икки томонлама сиёсий ва иқтисодий муносабатлар бир нечта ҳукуматлараро шартнома ва битим асосида тартибга солиб турилади. Ҳамжиҳатлик ҳақидаги меморандум, Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш ҳақидаги шартнома, Савдо битими, Маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисидаги қўшма баёнот, Консуллик муносабатларига оид қўшма ахборот асосий ҳужжатлардир.

Ўзбекистон Республикаси президенти И. А. Каримовнинг 1996 й. июнида АҚШга қилган ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашган муҳим воқеа бўлди. Ташриф чоғида икки томонлама ҳужжатлар мажмуи имзоланди. Бухоро вилоятидаги газ конларини ўзлаштириш лойиҳасини маблағ билан таъминлаш, сурков материаллари ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этиш, қ.х. корхоналарига лизинг хизмати кўрсатувчи қўшма корхона ташкил қилиш тўғрисидаги баённомалар, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) Миллий банки билан АҚШ Савдо ва тарақкиёт агентлиги ўртасида Тошкент авиация и.ч. бирлашмасида биргаликда авиатехника и.ч. лойиҳасининг техник-иқтисодий асосламасини тайёрлаш учун Америка томонидан грант ажратиш тўғрисидаги битим, Ўзбекистон ТИФ Миллий банки билан «Bank of America» ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, Ўзбекистон Республикаси Давлат геол. ва минерал ресурелар қўмитаси билан «Newmont Mining» компанияси ўртасида ҳамжиҳатлик тўғрисидаги меморандум, Ўзбекистон Республикаси Давлат геол. ва минерал ресурслар қўмитаси билан «Newmont Mining» ва «Mitsui» корпорациялари ўртасида «Қизилолмасой» ва «Кўчбулоқ» руда конларини биргаликда ўзлаштириш тўғрисидаги битим шулар жумласидандир.

1999 йилда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 282 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон АҚШдан буғдой, халқ истеъмол моллари, асбоб-ускуналар сотиб олади. экспорт асосан пахта толасидан иборат. АҚШдаги турли фирма ва компанияларнинг Ўзбекистон билан муваффақиятли ҳамкорлиги, делегациялар алмашуви икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга имкон беради.

Ўзбекистонда бир қанча Ўзбекистон-Америка қўшма лойиҳаларини амалга оширишга киришилди. Улар орасида энг йириклари «Newmont Mining» компанияси томонидан Зарафшон ш.да олтин руда конидан фойдаланиш, «International Teleset Inc» компанияси томонидан Тошкент ш.да кабел телевидениеси тармоғини яратиш ва бошқариш лойиҳаларидир.

Американинг фирма ва компанияларидан «Barents Group» кимё саноати соҳасида, Келлоғ Кўқдумалоқ кони учун компрессор ст-яси қуриш, АИҒ, «MC-I» турли соҳаларда ўзбекистонлик шериклари билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда.

«Зарафшон-Нюмонт» Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси Қизилқум чўлида қисқа муддатда замонавий корхона барпо этди.

МДҲ мамлакатларидаги катта лойиҳаларни рўёбга чиқарувчи Америка фирмаларининг тадқиқотларини маблағ билан таъминловчи АҚШнинг йирик ноҳукумат ташкилоти — Савдо ва тараққиёт агентлиги олтин қазиб чиқарувчи модулли янги завод лойиҳасининг техник-иқтисодий асосламасини маблағ билан таъминлаш учун Навоий кон-металлургия комбинатига грант ажратишга қарор қилди.

Ўзбекистон — Америка ҳамкорлигига хусусий бизнес намояндалари ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Жумладан 1997 йилда Американинг «Кейс интернейшнл» компанияси ёрдамида Тошкент трактор заводи қайта қурилиб, шу фирманинг замонавий тракторларини и.ч. йўлга қўйилди. «Боинг» компанияси эса ўзаро манфаатли шартлар (лизинг) асосида йўловчи ташийдиган самолётлар етказиб берди. «Боинг» қулайлиги жиҳатидан ҳам, учиш хавфсизлиги жиҳатидан ҳам Россиянинг шу тоифадаги самолётларидан катта фарқ қилади.

Дунёдаги энг кучли компютер компанияси IBM эса Ўзбекистон банк тизимини компьютерлаш соҳасида катта амалий ёрдам берди. Американинг IREX, ACCELS, SOROS жамғармаси каби муассасалари эса АҚШ ва Европанинг илмий марказларида Ўзбекистон учун мутахассислар таийерлашга оид дастурларни амалга оширмоқда.

Ўтиш даврининг қийинчиликларини бартараф этишда АҚШ ҳукумати ва хайрия жамғармалари инсонпарварлик ёрдами бериб, Ўзбекистонга болалар ва даволаш муассасалари учун доридармон, тиббиёт асбоб-ускуналари, кийимкечак, озиқ-овқат маҳсулотлари юбориб турибди. 1997 й. ноябрда АҚШ президенти рафиқаси Хиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги самарали алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

1997 йил 9 11 июнда ЎзбекистонАмерика қўшма комиссиясининг тузилиши АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланиб ва ривожланиб бораётганлигини кўрсатди. Қўшма комиссия минтақавий сиёсий муаммоларни ўз ичига олган ўзаро манфаатли масалалар, Ўзбекистоннинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардаги силжиши, ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш ҳамда Ўзбекистонда хо-рижий инвестициялар учун шароитларни муҳокама этади. 1998 й. 26-27 феврал Вашингтон шаҳрида қўшма комиссиянинг биринчи, 1999 йил 24-25 май кунлари Тошкент шаҳрида иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.


АҚШ маъмурий жиҳатдан 50 штатга ва 1 федерал округга бўлинади:

АКШ харитаси (штатлар рўйхати )

Айдаҳо
Аёва
Алабама
Аляска
Аризона
Арканзас
Ваёминг
Вашингтон
Вермонт
Виржиния
Висконсин
Гавайи
Делавер
Жоржия
Гарбий Виргиния
Иллинойс
Индиана
Калифорния
Канзас
Кентукки
Колорадо
Коннектикут
Луизиана
Массачусец
Миннесота
Миссисипи
Миссури
Мичиган
Монтана
Мен
Мериленд
Небраска
Невада
Нью-Ҳемпшир
Нью-Жерси
Нью-Йорк
Нью-Мексико
Огаё
Оклаҳома
Орегон
Пенсилвания
Род-Айленд
Шимолий Дакота
Шимолий Каролина
Теннесси
Техас
Флорида
Жанубий Дакота
Жанубий Каролина
Юта

🔥3.4 K раз просмотрено

Добавить комментарий

55863853