Мексика (исп. México [ˈmehiko]), расман — Мексика Қўшма Штатлари (Estados Unidos Mexicanos) — Шимолий Американинг жанубий қисмида жойлашган давлат.
Майдони: 1 972 550 км2 .
Ахолиси: 116 220 000 дан ортиқ.
Пойтахти: Мехико шаҳри.
Бошқарув шакли: президентли республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Пул бирлиги: мексика песоси.
Тил: Испан тили
Аҳолиси: 120 286 655 (2014 йил)
Маъмурий тузилиши: 31 штат (estados) ва битта федерал округ.
Йирик шахарлари: Мехико, Гвадалахара, Монтеррей, Пуэбла.
Интернет-домен: .mx
Телефон коди: +52
География
Шимолий Америкада жойлашган. Ўрта Американинг асосий қисмини эгаллаган. Шимолда АҚШ, жануби-шарқда Белиз ва Гватемала билан чегарадош. Ғарбини Калифорния кўрфази ва Тинч океани, шарқини Мексика кўрфази ва Кариб денгизи сувлари ювиб туради.
Иқлими тропик ва мўтадил. Йиллик ёғин миқдори 300-600 мм ва ундан камроқ. Жанубий тоғли ҳудудларда, жумладан, Мехико ва Гвадалахарада 600-1000 мм атрофида. Қишки ҳарорат шимолда +2 – +15 °С оралиғида бўлади, жанубий ҳудудларда эса, +20 даражадан пастга тушмайди. Қирғоқбўйи ерлари ва Юкатан оролида +24 – +28 даража атрофидаги йиллик ўртача ҳарорат кузатилади. Ўлкани шимолдан жанубга томон иккита тоғ тизмаси – Шарқий Серра Мадре ва Ғарбий Серра Мадре кесиб ўтган. Мексика марказий ва шимолий ҳудудларининг асосий қисми юксакликларда жойлашган. Мамлакат марказидан шарқдан ғарбга қараб “Серра Невада” номи билан машҳур вулқон белбоғи ўтади. энг баланд чўққилар ана шу вулқон белбоғида: Орисаба (5700 м), Попокатепетл (5462 м), Истаксиуатл (5286 м) ва Невадо де Толука (4577 м).
Мексика 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва 1992 йил 16 мартда элчилик муносабатларини ўрнатган. 1945 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – 16 сентябр – Мустақиллик эълон қилинган кун (1810).
Иқтисоди. Мексика саноатлашган аграр мамлакат. Иқтисодий ривожланиш бўйича Лотин Америкаси давлатлари орасида етакчи. Нефт, газ, темир рудаси, олтингугурт, симоб ва графит қазиб олинади. Шпат минерали ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Рангли ва рангсиз метални қайта ишлаш, машинасозлик, кимё, нефт кимёси, пахтани қайта ишлаш ва озиқ-овқат тайёрлаш саноатнинг асосий тармоқларидир. Нефтни қайта ишлаш яхши ривожланмаган. Мексика дунёнинг энг йирик нефт сотувчиларидан бири, лекин ўзи тайёр нефт маҳсулотларини сотиб олади.
Қишлоқ хўжалигида маккажўхори, буғдой, соя, гуруч, ловия, пахта, қаҳва, мевалар, помидор йетиштирилади. Қорамол ва товуқ боқилади. Ёғоч тайёрлаш, балиқ ва қисқичбақа овлаш ривожланган. Мексика Шимолий Америка эркин савдо ҳудуди (НАФТА) аьзоси.
Аҳолиси. Мексикаликлар ўзларини “мексиканос” деб атайди. Ирқий таркиби: метис-дурагайлар – 60 фоиз, ҳиндулар – 30 фоиз, оқтанлилар – 9 фоиз, бошқа этник гуруҳлар – 1 фоиз. Аҳолининг йиллик ўсиши 1,1 фоиз. Шаҳар нуфуси – 77 фоиз.
Расмий тили – испан тили. 92,7 фоиз аҳоли испан тилида, 5,7 фоизи испан ва бирор-бир ҳинду тилида, 0,8 фоиз аҳоли эса фақат маҳаллий ҳинду тилларида сўзлашади.