Халқ таълими тизимидаги мактабларнинг директорлари ҳамда фан ўқитувчилари орасидан илғор, ташаббускор, ижодкор, фидоий, компетентли, ишбилармонларини аниқлаш ва уларнинг ижодий фаоллигини ошириш, ёшларни баркамол шахслар этиб тарбиялаётган, инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб самарали натижаларга эришаётган раҳбар ва ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида хар йили умумтаълим мактаб директорлари ўртасида «Йилнинг энг яхши мактаб директори» кўрик-танлови ўтказилади. Қуйида ушбу танлов низоми билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактаблар директорлари ўртасида “Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Кўрик-танлов “Маҳоратли бошқарув-таълим самарадорлигини ошириш омили” шиори асосида ташкил этилади.
2. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш ихтиёрий, ошкоралик, холислик, тенглик тамойилларига асосланган ҳолда амалга оширилади.
3. Кўрик-танлов шартлари, унинг ўтказилиш жараёни ва натижалари тўғрисидаги ахборотлар вазирликнинг www.uzedu.uz расмий сайтидаги “Замонавий мактаб директори” рукнида ҳамда “Таълим менежменти” журнали саҳифаларида бериб борилади.
Кўрик-танловнинг мақсади:
4. Мактаб директорлари орасидан илғор, ташаббускор, ижодкор, масъулиятли, замонавий директор талабларига жавоб берадиган, компетентли ва жамоани мақсад сари интилишга йўллай оладиган директорларни аниқлаш ҳамда уларнинг фаолиятини кенг жамоага тарғибот этиш.
Кўрик-танловнинг вазифаси:
5. Мактаб директорларининг ижодий қобилиятини, ижодкорлигини, ишбилармонлигини, ташаббускорлигини ривожлантириш, касбий маҳоратини рўёбга чиқишига кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
– аниқланган илғор, замонавий тажрибаларни оммалаштириш ва кенг тарғиб этиш, уларни келажак мактабини яратишга йўналтириш;
– мактаб директорлари орасидан юксак касб маҳоратига эга бўлган, директорлик лавозимининг ҳақиқий эгаларини саралаб олиш ҳамда маълумотлар банкини шакллантириш;
– мактаб директорининг ижтимоий ва касбий ижобий имиджини шакллантириш;
намунали ва илғор иш тажрибаларни “Таълим менежменти” илмий-методик журналида ёритиш;
– мактабларда таълим-тарбия самарадорлигини оширишдаги бошқариш технологиясини аниқлаш;
– раҳбарнинг юксак маънавияти, маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳамда унинг ташаббускор ва ижодкорлигини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш.
II. Кўрик-танловни ўтказиш тартиби
6. Кўрик-танловда камида уч йил директорлик иш тажрибасига эга, меҳнат жамоаси ўртасида обрўли, мактабда соғлом муҳитни ярата олган, кейинги 3-5 йил давомида педагогик жамоаси муайян натижаларга эришган, ўз касбига фидоий, садоқатли, компетентли, ижодкор, ташаббускор бўлган мактаб директорлари иштирок этиши мумкин.
7. Кўрик-танловда иштирок этиш учун ҳар йили 10 мартгача бўлган муддатда Республика ташкилий қўмитасига “Келажак мактаби” мавзусида ўзининг концепция материалларини (концепция ҳажми камида 10 бетдан иборат, Times New Roman 14 шрифтда бўлиши шарт) ҳамда концепция муаллифи ўзи ҳақида қуйидаги ҳужжатлар: объективка, диплом ва паспорт нусхаси, рангли фотосуратларнинг электрон вариантини direktor2017@inbox.uz электрон манзилига юбориши керак.
Ҳар бир иштирокчи ўзи раҳбарлик қилаётган умумий ўрта таълим мактабида таълим-тарбияни ривожлантиришга оид йўналишга қараб “Келажак мактаби” мавзусини танлайди ва қуйидаги талаблар асосида ўз концепциясини баён этади.
Умумий ўрта таълим мактабининг аҳволини ташхис қилиш ва уни ёритиш (мактабнинг ҳозирги кундаги ҳолати, таълим-тарбияга оид амалга оширилаётган ишлар, ўқув сифати ва уни яхшилаш йўллари, баркамол шахсни тарбиялаш, кадрлар, уларнинг маҳоратини оширишга оид ишлар ёритилади).
Келажак мактаби лойиҳасини яратишдан мақсад (мақсадда аниқланган муаммоларни ҳал этилиши, нима қилмоқ керак?, қачон?, қаерда? каби саволлар ёритилиши лозим).
Резюме (лойиҳани қисқача мазмунини ифодалаш), (бунда реал, муайян, тушунарли, аниқ, қисқа, эриша оладиган масалалар ёритилиши лозим).
Лойиҳанинг вазифаси (вазифани ёритишда унинг ўлчамга, ҳудудга эгалиги, аниқ реал муддатлари белгиланган ҳолда ёзилиши лозим).
Лойиҳани амалга ошириш йỹллари, усуллари (лойиҳанинг мақсадидан келиб чиқкан ҳолда, нима иш қилиниши, ишни ким амалга ошириши, қандай ресурслардан фойдаланиши аниқ ифодаланиши лозим).
Лойиҳани амалга ошириш босқичлари (белгиланган вазифаларни босқичларга тақсимлаган ҳолда аниқ ифодалаш лозим).
Лойиҳадан кутилаётган натижа (иштирокчи томонидан берилган лойиҳа амалга оширилса, қандай натижага эришилади. Лойиҳадан кутилаётган натижага эришилиши аниқ ифодаланиши лозим).
III. Кўрик-танловнинг Республика босқичини ўтказиш тартиби
8. Танлов, эксперт ва аппеляция комиссиялари, ҳакамлар ҳайъати таркиби ҳамда кўрик-танловнинг Республика босқичи иштирокчилари рўйхати ташкилий қўмитанинг қарори билан тасдиқланади.
Танлов комиссияси
9. Республика ташкилий қўмитасига тақдим этилган концепция материаллари 5-7 нафар олимлар, малакали ўқитувчилар ва масъул ходимлардан иборат Танлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, натижасига кўра юқори кўрсаткичларга эга бўлган директорлар кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этиш учун тавсия этилади.
10. Танлов комиссияси қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида иштирокчиларнинг яратган концепциясини баҳолайди:
- ўзи фаолият кўрсатаётган умумий ўрта таълим мактабининг фаолиятини тўғри, асосли ва муаммоларни кўрган ҳолда ёрита олиши;
- муаммо ёки эҳтиёжни аниқлай олганлиги ва уни ҳал қилиш учун лойиҳада таклиф аниқ ишлаб чиқилганлиги;
- лойиҳада мақсадни аниқ, тушунарли ва пухта қỹйилганлиги;
- лойиҳада амалга оширилиши мумкин бўлган вазифаларнинг белгиланганлиги;
- лойиҳани бажариш босқичлари ва амалга оширишга оид белгиланган ресурслар, белгиланган вақтларнинг реаллиги;
- қандай вазиятда қачон, қаерда, қандай ўзгаришларга олиб келиши, кўрсаткич қанчага ошади, кўрсатилган вазифаларда қандай ўзгаришларга олиб келишини ифодаланиши.
Эксперт комиссияси.
11. 3-5 нафардан иборат эксперт комиссияси республика босқичига тавсия этилган ғолиб мактаб директори ишлайдиган муассаса фаолиятини жойида ўрганади, ҳужжатларни таҳлил қилади ва баҳолайди.
12. Эксперт комиссияси томонидан мактаб фаолиятини жойида ўрганиш босқичи жами 50 балл билан баҳоланади. Бунда мактаб ўқувчиларининг “Билимлар беллашуви”даги иштироки, эгаллаган ўрни, мактабнинг ҳудуди, бинонинг таъмирланиш ҳолати, жиҳозларнинг сақланиши, бюджетдан ташқари маблағ топиши, таълим-тарбия жараёнининг ташкил этиш аҳволи каби жараёнларга эътибор берилади.
13. Танлов комиссиясининг ижобий хулосасига кўра кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган ва уларнинг иш фаолиятини жойида ўрганиш натижаларига кўра ғолиб деб топилган директорлар кўрик-танловнинг кейинги шартларида иштирок этади.
14. Кўрик-танловнинг Республика босқичи 3 турда ўтказилади.
1-тур. Дарс кузатиш ва таҳлил қилиш – 20 балл.
2-тур. Педагогик кенгашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартибини белгилаш – 15 балл.
3-тур. Муаммоли вазият (педагогик ёки психологик) – 15 балл.
Ҳакамлар ҳайъати
15. Кўрик-танловнинг Республика босқичини ўтказиш учун 5-7 нафар олимлар, таълим муассасаси раҳбарлари, методистлардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби тузилади.
16. Ҳакамлар ҳайъати тасдиқланган баҳолаш мезони асосида иштирокчиларни баҳолайди ва олган баҳоларини умумлаштирган ҳолда кўрик-танлов ғолибларини аниқлаб беради.
17. Кўрик-танловнинг Республика босқичидаги ҳар бир тур топшириқларининг материаллари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази томонидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, кўп вариантлилик асосида махфийлиги таъминланган ҳолда тайёрланади.
Апелляция комиссияси
18. Кўрик-танлов иштирокчилари томонидан билдирилган ҳар қандай оғзаки ёки ёзма ариза ва эътирозни кўриб чиқади ҳамда хулосаларни расмийлаштиради.
IV. Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш
19. Кўрик-танловнинг Республика босқичи ғолибларига Халқ таълими вазирлигининг “Йилнинг энг яхши мактаб директори” дипломи ва 1 000 000 (бир миллион сўм) миқдорида пул мукофоти берилади.
20. Республика босқичида иштирок этган бошқа мактаблар директорларининг иш тажрибалари Республика, вилоят миқёсида оммалаштирилади, улар иштирокида семинарлар ташкил этилади.
21. Кўрик-танловнинг ғолиблари халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат мукофотларига тавсия этилиши мумкин.
22. Кўрик-танловнинг Республика босқичида қатнашган мактаб директорлари 5 йилдан сўнг қайтадан иштирок этиши мумкин.
Кўрик-танловнинг баҳолаш мезонлари
1-тур. Дарс кузатиш ва таҳлил қилиш.
Иштирокчи томонидан бир соатлик дарс жараёни кузатилади ва таҳлил қилинади ҳамда жами 20 балл билан баҳоланади. Иштирокчилар бир вақтда умумий ўрта таълим мактабида 1 соат дарс кузатадилар ва кузатилган дарси юзасидан ҳакамлар ҳайъати аъзоларига дарс ўтган ўқитувчилар иштирокида таҳлил қилиб берадилар. Дарс таҳлили учун ҳар бир иштирокчига 5 дақиқа вақт ажратилади.
Дарс таҳлили қуйидагича баҳоланади:
- Дарснинг кузатиш мақсадини белгиланганлиги ва кузатиш жараёни мақсадга йўналтирилганлигига – 2 балл.
- Дарснинг ташкил этиш босқичини таҳлил қилинишига – 2 балл.
- Янги мавзуни ўқувчиларга тушунтириш жараёнини таҳлилига – 4 балл.
- Дарс мазмунини ва ўтиш методларини таҳлил қилишга – 4 балл.
- Ўқувчиларнинг мустақил ишларини ташкил қилишни таҳлил қилишга –2 балл.
- Ўқитувчининг дарсда ўқувчиларга бўлган муносабатини таҳлил қилишга – 2 балл.
- Янги мавзуни мустаҳкамлаш ва ўтилган мавзуларни сўраш жараёнини таҳлил қилишга – 2 балл.
- Ўқувчилар билимини баҳолаш ва уй вазифасини бериш жараёнини таҳлил килишга – 2 балл.
- Дарснинг иштирокчи томонидан таҳлил қилиш жараёнида унинг фикрини аниқлиги, педагогик ва психологик томонидан асосланганлиги, тушунарлиги ҳам хакамлар томонидан эътиборга олинади.
2-тур. Педагогик кенгашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартибини белгилаш.
Мактаб директори ўз лавозим вазифасига кўра педагогик кенгаш йиғилишларини раиси ҳисобланиб, уни ташкил этиш учун тайёргарлик кўради ва ўтказади. Педагогик кенгашнинг кун тартиби мавзулари қуръа ташлаш йўли билан аниқланади. Иштирокчи мавзу асосида педагогик кенгашга тайёргарлиги, ўтказиш сценарияси ҳамда кенгаш баёнини компьютерда ёзади, принтердан чиқаради ва белгиланган 3 соат ичида топширади. Ҳакамлар ҳайъати томонидан педагогик кенгаш баёнлари текширилиб жами 15 балл билан баҳоланади.
Баҳолашда қуйидагиларга эътибор берилади:
- Педагогик кенгашнинг кун тартибини тўғри режалаштирганлиги, олинган мавзуларни таълим-тарбия мазмунига йуналтирилганлиги – 2 балл.
- Педагогик кенгашга тайёргарлик кўриш ишларини тўғри ва тизимли баён этган бўлса – 3 балл.
- Педагогик кенгашнинг ўтказиш технологиясини тўғри, унумли, самара берадиган қилиб ёритилиши, барчани жалб қиладиган усуллардан фойдаланиши, педагогик кенгаш йиғилиши иштирокчилар учун таҳлил қилиш ва фикрини ифодалаш учун шароит яратилганлиги – 4 балл.
- Педагогик кенгашда қабул қилинган қарорни ҳамма учун тушунарлиги ва бажаришга йўналтирилганлиги – 2 балл.
- Педагогик кенгаш баёнининг тўғри расмийлаштирилганлиги – 2 балл.
- Иштирокчининг саводхонлиги – 2 балл.
3-тур. Муаммоли вазият (педагогик ёки психологик). Жами 15 балл билан баҳоланади.
Муаммоли вазият бўйича тайёрланган 2 та саволдан иборат битта билетга (муаммоли вазиятни ҳаракатли, саҳна кўринишли, мимикали ҳолатда намойиш этади) иштирокчи оғзаки жавоб беради. Иштирокчи столдаги билетлардан бирини танлаб олиб, оғзаки ҳимоя қилади. Бунинг учун ҳар бир иштирокчига 5 дақиқа вақт ажратилади.
Баҳолашда қуйидагиларга эътибор берилади:
- Муаммоли вазиятни тўлиқ, тўғри ифодалай олса, асосли дадиллар келтирса – 15 балл.
- Муаммоли вазиятни тўғри тушуниб ифодаласа, лекин асослай олмаса 12 – 10 балл.
- Муаммоли вазиятни биттасига тўғри ва асосли жавоб берса 10 – 8 балл.
- Муаммоли вазиятни биттасига тўғри жавоб берса, лекин асослай олмаса 8 – 6 балл.
- Вазиятни умумий гаплар билан ифодаласа 6 – 5 балл.
Умумий 100 балл. Энг кўп балл тўплаган иштирокчи кўрик-танловнинг ғолиби ҳисобланади.