Янги ўқув йили учун квоталар тасдиқланди. Қабул 20 июндан бошланади - Ta’lim / Образование

Янги ўқув йили учун квоталар тасдиқланди. Қабул 20 июндан бошланади

2022/23 йилги ўқув йили учун Ўзбекистон ОТМларига қабул квоталари тасдиқланди. Қабул жараёнларини ташкил этиш тўғрисида президент қарори эълон қилинди.


imtihon_javoblari_600_2021

Президентнинг тегишли фармойишига асосан янги ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги йўналишида 77 477 нафар, сиртқи йўналишда 26 095 нафар, кечки таълим шаклида 3 725 нафар, янги турдаги масофавий таълим шаклида эса 3 410 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Магистратура учун қабул 10 688 нафар этиб белгиланган.

Янги ўқув мавсумида қабул 20 июндан бошланадиган бўлди. Қабул жараёнида абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва ДТМ расмий сайти орқали ҳар йили 20 июндан 20 июлга қадар (20 июл куни ҳам), чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича эса 10 июлга қадар (10 июл куни ҳам) амалга оширилади.


Қарорда ўқишни кўчириш бўйича янги тартиб ҳам белгиланган. Унга кўра, давлат ОТМсининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:

1. Талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;

2. Давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.

Бошқа ҳолларда бир давлат ОТМдан бошқасига (ҳудудидан қатъи назар) ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди. Хориждан ва Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМлардан ўқишни кўчиришда амалдаги тартиб сақланиб қолган.


Магистратурага бир йилда 2 марта қабул бўлади

Қарорга кўра, давлат ОТМларининг магистратурасига қабул бир йилда икки марта – август ва январ ойларида ташкил этилади. Август ойидаги қабул навбатдаги ўқув йили учун тасдиқланган давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги ҳамда молиявий мустақиллик берилган ОТМларнинг кузатув кенгашлари томонидан тасдиқланган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ амалга оширилади.

Январ ойидаги қабул эса дастлабки қабул натижаларига кўра тўлмаган ўринлар ҳамда давлат комиссияси томонидан тасдиқланган қўшимча тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ амалга оширилади.

Leave a Reply