Малакали раҳбарлар муҳитини шакллантириш мақсадида ҳудудларда энг тажрибали директорлардан иборат “Директорлар кенгаши” ташкил этилади. Бу ҳақда кеча, 22 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев танишган мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимотида айтилди.
Директорларини лавозимига тайинлаш “Директорлар кенгаши” тавсиясига асосан очиқ танлов асосида амалга оширилади.
2023-йил 1-сентябрдан бошлаб:
▪️ Умумий ўрта таълим муассасалари директорларига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади;
▪️ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида энг тажрибали умумий ўрта таълим муассасалари директорларидан иборат бўлган “Директорлар кенгаш”лари ташкил этилади;
▪️ умумий ўрта таълим муассасалари директорларини лавозимига тайинлаш “Директорлар кенгаш”и тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан очиқ танлов асосида амалга оширилади.