Ўрнатилган тартибга кўра, 2023-2024 ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади. Бу ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар бермоқда.
1-босқич: микро-ҳудуд доирасида (20 июн – 31-июл)
2-босқич: микро-ҳудуддан ташқарида (1 – 15-август) амалга оширилади.
43 та туман (шаҳар)да 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда давлат хизматлари орқали амалга оширилади. Бунда, ота-оналар 20 июн соат 12-00 дан бошлаб my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, ариза топширишлари мумкин.
Қолган туманларда анъанавий шаклда, яъни бевосита мактаб томонидан қабул қилиниб, 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирлик электрон тизими (adm.maktab.uz)га киритилади ва назорат этиб борилади.
Маълумот учун: 2023-2024-ўқув йилида республикамиз бўйича 730 мингдан ортиқ болалар 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.
Муҳим эслатма!
“Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг (9-моддаси)га асосан болалар, улар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Яъни бу йил 1-синфларга 2016 йилнинг 1-январидан 31-декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.
Электрон қабул жараёнлари юзасидан Вазирлик Call-марказининг +998712020909 рақами орқали қўшимча маълумот олишингиз мумкин.