“Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–5140-сон, 08.06.2021 й.).
Қарорга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:
- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида қўшимча равишда 28 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;\
- 864 та фуқаролар йиғинларида тикувчилик, ошпазлик-қандолатчилик, эркаклар ва аёллар сартарошлиги, компьютер саводхонлиги, бухгалтерия ва тадбиркорлик асослари бўйича маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари;
- вазирлик ва идоралар тасарруфида бўлган 18 та профессионал таълим муассасаларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қисқа муддатли касб-ҳунарга, хорижий тилларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курслари.
Қарорга кўра, “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда масканларнинг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари мақоми бўйича профессионал таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарига тенглаштирилади.
Умумий ўрта таълим муассасаларининг 9–11-синф ўқувчиларини асосий таълим жараёнларидан бўш бўлган вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш тартиби жорий қилинади.
Қарор билан:
- бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг касб-ҳунарга ўқитиш ва касбий малакани ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди;
- Касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ва касбий малакани ривожлантириш департаменти тузилди.
Шунингдек, “TUMO” креатив технологиялар марказининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилди.
2022 йил 1 мартгача Филиалда ёшларни веб-ишланмалар, графика дизайни, 3D-моделлаштириш, рақамли дастурлаш, робототехника, рақамли медиа, видеоўйинлар яратиш йўналишлари бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик соҳаларида кооперативлар ташкил этилади.
2022 йил 1 январга қадар ҳар бир туман (шаҳар) секторида камида биттадан кооперативлар ташкил этилади.
Кооперативларга аъзо бўлган ҳар бир иш билан банд бўлмаган фуқаро учун БҲМнинг 15 бараваригача субсидия ажратилади.