Бошланғич таълим ўқитувчиларига ҳам Миллий сертификатлар учун устамалар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон Фармонинг 9-банди (г-кичик банди)да Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда ҳар йили 1 августга қадар:
- “миллий баҳолаш тизими мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар рўйхатини;
- таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотлар рўйхатини;
- халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхатини ҳамда ҳар ойлик устама олиш учун уларнинг энг кам даражасини” тасдиқлаши ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш белгилаб қўйилган.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023-2024 ўқув йилида устама тўланадиган сертификатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.
Мазкур қарор лойиҳасида бошланғич таълим ўқитувчиларига она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ёки математика фанидан 60 ва ундан юқори балл тўплаб олинган Миллий сертификат учун 20% устамалар белгиланиши кўзда тутилмоқда.