Таълим муассасаси аттестацияси (услубий кўрсатма) - Ta’lim / Образование

Таълим муассасаси аттестацияси (услубий кўрсатма)

Таълим муассасалари аттестация комиссиялари фаолиятини ташкил этиш ва аттестация натижаларига оид тақдим этиладиган материаллар тўғрисида
УСЛУБИЙ КЎРСАТМАЛАР

(Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари учун)

Мазкур услубий кўрсатмалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 21-сонли Қарори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2008 йил 14 июлда 1836-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаалрини аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари бўйича йўриқнома” асосида ишлаб чиқилди.

Давлат тест марказига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳамда туман ҳокимликлари таълим муассасалари аттестацияси комиссиялари(кейинги ўринларда – Комиссия) томонидан ўтказилган аттестация натижалари тўғрисида қуйидаги мазмундаги ҳужжатлар тақдим этилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

1. Давлат тест маркази қошидаги доимий фаолият кўрсатувчи Аккредитация комиссияси раиси номига Комиссия раиси номидан ёзилган расмий хат (хат ҳокимият бланкасига ёзилиши ва белгиланган тартибда рўйхатга олинган бўлиши шарт). Хат мазмунида таълим муассасаси “Аттестациядан ўтди” деб топилганда, уни давлат аккредитациясидан ўтказиш, “Аттестациядан шартли ўтди” ёки “Аттестациядан ўтмади” деб хулосаланганда аттестация натижалари қайд этилган материаллар юборилаётганлиги акс этиши лозим.

2. Таълим муассасасининг маҳаллий ҳокимият томонидан рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (ёки нима учун олинмаганлигини тасдиқловчи маълумотнома Комиссия раиси томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳолда илова қилинади) ва Уставининг нотариус томонидан тасдиқланган нусхаси.

3. Таълим муассасаси аттестацияси натижалари бўйича маълумотнома кўринишидаги умумий хулосалар (намуна илова қилинади).

4. Таълим муассасаси аттестацияси натижаси бўйича комиссия йиғилишининг ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган баённомасидан кўчирма.

5. Аттестация натижаси эълон қилинган педагогика кенгаши йиғилишида баённомасидан кўчирма.

6. Таълим муассасасини аттестацияси натижалари бўйича тегишлича баллар қўйилган ҳолда расмийлаштирилган баҳолаш мезонлари.

7. Аттестация жараёнида таълим муассасасининг ҳар бир бўлим бўйича тўплаган баллари формулалар ёрдамида ҳисобланган жадваллар.

8. Таълим муассасасида ўтказилган аттестацияга оид ҳужжатларнинг қути(пакет)га жойлаштирилганлиги ва белгиланган тартибда расмийлаштирилганлиги ҳақида тузилган далолатноманинг бир нусхаси.

9. Аттестация жараёнида тузилган далолатномалардан нусхалар.

10. Таълим муассасасларининг мустақил равишда ёзилган ўқув концепцияси, шунингдек, иқтидорли мактаб ёки иқтидорли болалар учун чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлари мавжуд бўлган таълим муассасалари томонидан тегишлича ўзгартирилган ўқув режа ва дастурлар ҳам тақдим этилади. 


Намуна

_______________ вилояти, ___________ тумани (шаҳри)даги мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари аттестация комиссиясининг ____ – таълим муассасасида ўтказилган аттестация натижалари бўйича
ХУЛОСАСИ

200_ йил «____»_________

1. Таълим муассасаси бўйича умумий маълумотлар:

  • таълим муассасасининг қурилган йили, филиал ва бинолари сони, тури (лойиҳа асосида ёки мослаштирилган), синф хоналари (гуруҳ ва ётоқхоналари), фан кабинетлари (мусиқа хонаси), спорт иншоотлари (ўйин майдонлари) сони ҳамда ўқув майдонининг ўлчами;
  • таълим муассасасининг қуввати, ўқувчи(тарбияланувчи)лар контингенти, синф(гуруҳ)лар сони (1, 4, 9, 11-синф (тайёрлов гуруҳ)лар синф(гуруҳ)лар кесимида ва ўқувчи(тарбияланувчи)лар бўйича алоҳида), ўқув жараёнининг навбатлилиги (смена), ўқитиш тили;
  • таълим муассасаси штат жадвали бўйича ва амалда ишлаётган педагоглар сони ҳамда уларнинг салоҳияти (маълумот ва тоифалар бўйича сонда);
  • таълим муассасаси гувоҳномаси ва Уставининг амалдаги тартибда расмийлаштирилганлиги ҳақидаги маълумотнома;
  • таълим муассасаси бўйича аввалги аттестация хулосаси ва ўтган санаси;
    таълим муассасасининг юридик ва электрон манзили ҳамда телефон, факс рақамлари;
  • таълим муассасасининг раҳбари ҳақида (туғилган йили, маълумоти, қачон ва қайси олий ўқув юртини тамомлаган, диплом серияси ва рақами, диплом бўйича мутахассислиги, тоифаси(қачон берилганлиги), аттестациядан ўтганлиги, умумий педагогик ва раҳбарлик иш стажлари, илмий даражаси, унвони ва давлат мукофотлари) аниқ маълумот берилади.

2. Таълим муассасасининг Комиссия томонидан қачон ва қайси муддатда аттестациядан ўтказилганлиги кўрсатилади.

3. Таълим муассасасининг аттестация натижасига кўра умумий ва бўлимлар бўйича тўплаган баллари алоҳида-алоҳида келтирилади ва уларга қисқача изоҳ берилади.

4. Таълим муассасасининг эришган ютуқлари ёки аниқланган камчиликлари юзасидан таклиф ва тавсиялар ихтиёрий равишда берилади.

5. Хулоса аттестация комиссияси раиси, раис ўринбосари, аъзолари ва таълим муассасаси раҳбари томонидан имзоланади ҳамда комиссия раиси ва таълим муассаса ваколатлари доирасидаги муҳрлар билан тасдиқланади.

Мазкур хулосадан Комиссиялар намуна сифатида фойдаланишлари лозим, шунингдек, Комиссиялар ўз ваколатлари доирасида хулосаларни ижодий равишда тўлдиришлари ва зарурий материаллар билан бойитишлари мумкин.

Кўрсатма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази таркибидаги Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш бўлими томонидан тайёрланди.


Умумий ўрта таълим муассасаларини аккредитация қилиш учун аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари бўйича кўрсатма ҳамда талаблар

1. Таълим муассасасидаги таълим жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилганлиги:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълимга оид Фармон, Қарорлари ва Фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг Фармойиш ва Қарорларининг таълим муассасаси бошқарувига татбиқ этилиши (1.1-жадвал). Жадвалда номлари қайд этилган ҳамда янги қабул қилинган, тўлдирилган, ўзгартирилган ҳуқуқий-меъёрий ва идоравий меъёрий ҳужжатларни жадвалга киритган ҳолда, уларнинг таълим муассасасининг иш фаолиятига татбиқ этилиши ўрганилади ва баҳоланади.

Мавжуд таянч ўқув режалари ва дастурлари, фан ўқитувчиларининг ишчи тавқим-мавзуий режалари ва дарс жадвалини тузишдаги ўзаро мутаносиблиги (1.2 жадвал). Таянч ўқув режада ҳар бир ўқув фани учун бир ҳафтада ўтилиши керак бўлган дарс соатлари сони ҳамда синфлар кесимида ҳафталик, йиллик ўқув юкламаси белгиланади.

 Намунавий ўқув дастурларида ўқув йили давомида ўқув фанидан ўтиладиган мавзулар ҳамда дарс соатлари кўрсатилади. Таълим муассасалари таянч ўқув режага кўра тасдиқланган ишчи ўқув режаси ва ўқув дастурлари асосида ўқиш жараёнини ташкил этади. Ҳар бир педагог ушбу ўқув режа ҳамда намунавий дастурларга асосан ишчи тақвим-мавзуий режа ишлаб чиқади ва у қуйидаги кўринишда бўлиши мақсадга мувофиқ:

Педагогнинг ишчи тақвим-мавзуий режасининг тузилиши:

Педагогнинг ишчи тақвим-мавзуий режаси методика бирлашма раиси, ўқув-тарбия ишлари бўйича раҳбар ўринбосари томонидан кўриб чиқилади ва таълим муассасаси раҳбари имзоси ҳамда муҳр билан тасдиқланиши керак. Ишчи ўқув режа асосида ўқув йилига мўлжалланган ҳафталик дарс жадвали тузилади. Дарс жадвалидаги ўқув фанларининг дарс соатлари ва дарс соатларининг синфлар кесимидаги ҳафталик юкламаси ишчи ўқув режада кўрсатилган сонларга мос тушиши керак. Ишчи тақвим-мавзуий режа ва дарс жадвалига асосан ўтилган дарсларнинг мавзулари ва санаси синф журналларига қайд этилади. Ўқиш кунларининг байрамларга мос келиши ёки ўқитувчининг бирор бир сабабга кўра дарс қолдириши натижасида ўтилган мавзулар ҳамда уларнинг сони режага мос келмаслиги мумкин.

Ўқиш кунлари байрамларга мос келиши натижасида ўтилмаган мавзуларни бошқа мавзулар билан умумлаштириш орқали тўлдирилганлигига эътибор қаратиш лозим. Ўқитувчининг бирор-бир сабабга кўра дарс қолдириши натижасида ўз вақтида ўтилмаган дарс соатлари ўқув чораги давомида ўтилиши ёки ўриндошлик йўли билан тўлдирилиши керак. Акс ҳолда ўқув режа бажарилмаган деб ҳисобланади. Синф журналларига ўриндошлик йўли билан тўлдирилган дарс соатларининг мавзулари мавзу сатри бошига “ў” (з) ҳарфи ёзилиши ҳамда сатр охирида дарс ўтган педагогнинг имзоси билан тасдиқланиши керак. Шунингдек, “Қолдирилган ва ўрни тўлдирилган дарсларни ҳисобга олиш дафтари”даги қайдлар билан мос тушиши лозим. Таянч ўқув режа, ишчи ўқув режа, намунавий ўқув дастур, ишчи ўқув дастури, ишчи тақвим-мавзуий режа, дарс жадвали ҳамда синф журналидаги ўқув фани бўйича ажратилган дарс соати ва белгиланган мавзулар бир-бирга мос келиши шарт.

Таянч ўқув режа, ишчи ўқув режа, намунавий ўқув дастур, ишчи ўқув дастури, ишчи тақвим-мавзуий режа, дарс жадвали ҳамда синф журналидаги ўқув фани бўйича ажратилган дарс соати ва белгиланган мавзулар бир-бирга мос келиши ҳар бир синф учун ўрганилади ва тегишли жадваллар тўлдирилади ҳамда натижа параллел синфлар кесимида умумлашган ҳолда чиқарилади. 

 

 

 

 

 

Leave a Reply