Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда.… Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим.
Ш.М.Мирзиёев
Умумбашарий тараққиёт ва ахборот алмашув тизимларининг тез суръатларда ривожланиши инсониятга катта манфаат келтираётганини барчамиз ҳис этмоқдамиз. Хусусан, интернет тармоғи орқали дунёнинг турли нуқталари билан алоқа ўрнатиш, керакли маълумотларни тўплаш, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларини ривожлантиришда самарали фойдаланиб келинаётганини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Афсуски, виртуал тармоққа барча ёшдаги, шу жумладан, ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган, онги энди ўсиб бораётган ўсмирларнинг ҳам кира олиши фарзандларимизни миллий қадриятларимизга содиқ инсон сифатида тарбиялаш масалаларида жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда. Бошқача айтганда, хонадонимиздан минглаб километр узоқдаги ёвуз ниятли шахслар виртуал тизимлар орқали дунёга келганидан буён кўз қорачиғимиздек авайлаб-асраб келаётган фарзандларимизнинг онгини турли сохта ғоялар билан тўлдириб, уларга “ега чиқиш” ва уларни бошқариши имконияти юзага келганини очиқ тан олишимиз лозим.
Интернетда ўсмир ёшдаги фарзандларимизнинг онгига хуруж қилаётган жиддий таҳдидлардан бири ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган бузғунчи ўйинлар экани кўпчилигимизга маълум. Ҳозирги кунда ёшларни эътиборини тортаётган ана шундай ўйинлардан бири “Кўк кит” ҳисобланади. Аввал «В Контакте» ижтимоий тармоғида пайдо бўлган ушбу хатарли ўйин кейинчалик Facebook ва Instagram каби тармоқларда ҳам тарқалиб кетди.
Бу ўйинга кириш учун ўйин маъмурлари энг аввало “18 тўлганмисиз” ёки “18 ёшдан каттамисиз” деган савол беради. Бундан қўриниб турибдики, модераторлар ёшларнинг онги ва маънавий дунёси энди ривожланиб келаётганидан ғараз мақсадларида фойдаланишни ният қилган. Ўйин маъмурлари болаларни назоратида ушлаб туриш учун топшириқни бажарган ёки бажармаганига доир суратни ўзига юборишни талаб қилиб олмоқда ҳамда ушбу буйруқни бажарганларни “қаҳрамон” қилиб кўрсатишмоқда. Ўйин иштирокчиларига 50 яқин ҳаёт учун хатарли топшириқлар берилади. Улар қаторида тана аъзосинининг бирор қисмига “Кўк кит” (“Синий кит”) деган ёзувни тилиб ёзиш ёки юриб кетаётган машина олдидан югуриб ўтиш каби беъмани ва ўта қалтис ишларни кўрсатиш мумкин.
Айни вақтда, ўйиндан чиқиб кетмоқчи бўлганларга нисбатан руҳий босим ўтказилиши, хусусан, бундай ўсмирларга унинг маълумотларини ўрганиб, болани “сен мана шу манзилда яшайсан, агар ўйинни давом эттирмасанг, яқинларингни ўлдирамиз” деб қўрқитилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бундай ҳолатда ёш боланинг руҳий олами қўрқув исканжасига тушиб қолиши ва модераторнинг измидан чиқа олмай қолиши мумкин экани эса ҳеч кимга сир эмас. Чунки бола бу ўйинни “рост” деб билади ва ишонади ҳам. Охир оқибат, ўйиннинг шарти бўйича ўз жонига қасд қилиш билан ўсмирнинг ҳаётига нуқта қўйилади.
«Кўк кит» ижтимоий тармоқдаги энг хавфли ўйинлардан бўлиб, у асосан 14-18 ёшдаги ўсмирлар ичида тарқаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Оммавий ахборот воситаларида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларда бу ўйин қурбонлари ҳақидаги маълумотлар тез-тез бериб борилмоқда.
Интернетда бу каби “ўлим гуруҳи” бўлган ёвуз ўйинларнинг бошқарувчиси — модератори, яъни “админ”лари кўрсатмасига кўра ўз жонига қасд қилганлар ҳақида кўплаб маълумот ва видеотасвирлар мавжуд. 2017 йилнинг 10 феврал куни Россиянинг Ростов шаҳрида Дон дарёсининг қирғоғида 16 ёшли ўспирин йигитнинг жасади топилди. Политсия ходимлари марҳумнинг ўртоқлари билан суҳбатда у “Кўк кит” ўйинига аъзо бўлгани ва ўз-ўзини ўлдирганини аниқлади. Ўлими олдидан ўспирин дўстларига мазкур ўйинга кирмасликни маслаҳат берган.
Сўнгги вақтларда (аниқроғи, январь ойидан эътиборан), халқаро майдондаги янгиликларни кузатиб бораётган бўлсангиз, МДҲнинг қатор мамлакатлари, хусусан, Украина, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонда ўсмирлар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг уришмоқда. Хўш, уларнинг бундай қарор қабул қилишлари ва ёш умрларини хазон қилишига нима сабаб бўлаяпти?
Шундай нохуш воқеалардан бири бир неча соатлар муқаддам Украинада содир бўлди. Хабарларга кўра, ўсмир қизнинг ўлимолди мактубини топиб олган она полицияни хабардор қилган. Киев шаҳар полицияси, миллий гвардиянинг жиддий саъй-ҳаракатлари туфайли қиз 16 қаватли тураржой биносининг томидан топилган. У ёрдамга муҳтож ҳолатда, танасининг турли қисмида пичоқ билан етказилган янги ва эски жароҳат жойлари бўлгани ҳолда топилган.
Унинг суиқасд қилишга уринишидан аввал ижтимоий тармоқлардаги «ўлим гуруҳлари»га аъзо бўлгани, «суиқасд қилиш» китобларини ўқигани, охирги топшириқдан сўнг, бу каби гуруҳларни тарк этгани аниқланган.
Маълумотларга қараганда, турли (асосан, VKontakte) ижтимоий тармоқларда «кўк кит» номи билан разил ғаразгўйлар гуруҳи мавжуд. Уларнинг сони битта эмас, бир нечта экани ҳам маълум. Ачинарли ва ташвишлиси шундаки, уларнинг ғаламисликларига чув тушаётганлар ҳаётнинг аччиқ-чучуги нима эканини билмайдиган ва дунёқараши шаклланиш арафасида бўлган ўсмир ёшлардир. Россия, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг ҳар бирида камида 15 нафар ўсмир ушбу ўйин қурбони бўлишга улгурган.
Ушбу ўйинни ўйнаб кўрган бир журналистнинг сўзларига кўра, «ўлим гуруҳи»га аъзо бўлгач ҳамда ўйинга ўсмирнинг розилиги олингач, унга турли топшириқ берила бошланади. Хусусан, манбага биринчи кунлик топшириқ сифатида «Худо»нинг суратини чизиш топширилган. Мана шунинг ўзиёқ, аслида бундай гуруҳлар ортида қандай кучлар ётганини исботлайди. Манбага, шунингдек, серқатнов кўчадан автомобиллар яқин қолганида югуриб ўтиш ва бу жараённи бевосита видеотасвирга олиш, танасига турли суратларни пичоқ воситасида кесиш йўли билан солиш ва шу каби топшириқлар берилган. Топшириқдан бири улар юборган мусиқани 3 кеча-кундуз тинимсиз тинглаб юриш бўлган.
Эътиборли жиҳати шундаки, гуруҳ администраторлари ўсмирларни назоратида ушлаб туриш учун топшириқни бажарган ёки бажармаганига доир суратни ўзига юборишни талаб қилишади. Бир иштирокчининг сўзларига кўра, «ўлим гуруҳи» унга суиқасд қилишига туртки бериш мақсадида, «у дунё борлигига ишонсанг, билки, сен гуноҳкорсан, агар сен ўзингни ўлдирмасанг, сен учун ота-онанг жазоланади, ўзингни ўлдирсанг, улар қутулиб қолишади, наҳотки, сен уларни ёмон кўрсанг» каби алдовчи сўзларни ҳам билдиришган. Албатта, манбанинг таъкидлашича, у бу каби вазифаларни бажармагач, унга таҳдид қилишган ва охирида алоқани узишган.
Хўш, таҳдид қандай амалга оширилади? Улар махсус дастур орқали фойдаланувчининг IP манзилини аниқлаб, унинг уй манзилини билиб олишади ва шу орқали, «сен шу манзилда яшайсан, шартни бажармасанг оиланг билан йўқ қиламиз, орқага йўл йўқ, бажаришинг шарт», дея шантаж қилишади, ё бўлмаса, ўйин давомида иштирокчининг турли хил шахсий (интим мазмунига эгалари ҳам) суратлари алдов йўллари билан олинади ҳамда сўнгги босқичда суиқасдга мажбурлаш воситасида қўлланилади.
Аммо, бу каби ғаламисларнинг бузуқ ниятларига чув тушаётганлар оз эмаслигини халқаро янгиликлар дастурларида кўриш мумкин. «Ўлим гуруҳи»нинг топшириғи эса, асосан, эрталабки ширин уйқу вақтида, тонгги 4:20-4:50 атрофида берилиши таъкидланмоқда. Уларга сўнгги вазифа берилишида, шунингдек, «бу туш экани, шартни бажариши билан уйғониши ва натижаси қандай бўлганини билиш мумкин»лиги каби гипноз усулларидан фойдаланилгани ҳам хабарларда айтилмоқда.
Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, мақсадимиз бошқа мамлакатларда бўлаётган бу каби салбий воқеа-ҳодисалар юртимизга кириб келмасин! Бунинг учун эса, барча, ота-оналар, маҳаллалар, кенг жамоатчилик, таълим масканлари ва профилактика инспекторлари ҳушёр бўлиши лозим. Ўсмир ёшлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш керак!
Манбалар:
“Ko‘k kit”ning qora qilmishlari
Огоҳ бўлинг: МДҲ мамлакатларида «кўк кит» ўйини