Таълим сифати паст мактабда дарс бериш учун бошқа ҳудуддан жалб қилинган ўқитувчига махсус устама тўланади - Ta’lim / Образование

Таълим сифати паст мактабда дарс бериш учун бошқа ҳудуддан жалб қилинган ўқитувчига махсус устама тўланади

“Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

dars_taqdimoti_kalkulyator_tetrad-230

Қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан таълим сифати паст мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади.

Бунда:

  • бир вилоят доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
  • бошқа вилоятдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.

Таълим сифати паст мактаблар рўйхати Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аниқланади ва жорий йилда 15 февралгача, келгуси йилларда эса ҳар йили 1 сентябрга қадар Халқ таълими вазирлиги веб-сайтида эълон қилинади.

Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим сифати паст мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги йил учун ҳам тўланади.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотлари ва тиббиёт муассасаларида бўш иш ўринлари юзасидан маълумотлар ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг бешинчи кунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари веб-сайтларида жойлаштириб борилади.

 

Leave a Reply