Ўз фанидан халқаро ёки миллий сертификатга эга бўладиган ўқитувчиларга 50 фоизгача устама олиш имконияти пайдо бўлади. Бу ҳақда ХТВ президентнинг қабул қилинган янги қарорига асосланиб хабар берди.
“2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги янги Фармонга кўра, умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга қуйидаги тартибда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади:
- халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
- халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида.
Бунда, миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим;
Давлат тест марказининг мазкур банднинг тўртинчи хатбошида кўрсатилмаган миллий тест тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида.
Бунда, 2025 йил 1 январга қадар чет тили фанидан камида С1 даражадаги миллий сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик устама 50 фоиз миқдорида тўланади;
- педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама – умумтаълим фанлари бўйича сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади;
- умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ фоиз устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.
Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида ҳар йили 1 августга қадар миллий баҳолаш тизимига мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар рўйхати, таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотлар рўйхати ҳамда халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхатини ҳамда ҳар ойлик устама олиш учун уларнинг тегишли даражаларини эълон қилиб боради.
Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва “Болалар кутубхоналари” ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилади.