1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар оширилади - Ta’lim / Образование

1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар оширилади

Ўзбекистон президентининг 2023 йил 17 ноябрдаги «Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги 196-сонли фармонига кўра, жорий йил 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар 7 фоизга оширилмоқда.


nafaqa_posobie_bola-puli

Яъни:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 372 минг сўм (ҳозир – 347 минг сўм);
  • ёшга доир энг кам пенсия миқдори – 725 минг сўм (677 минг сўм);
  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 1 млн 50 минг сўм (920 минг сўм) этиб белгиланмоқда.

Президентнинг фармони натижасида 4,5 млн кишининг пенсияси ва нафақалари миқдори кўпаяди ва барча бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маошлари декабрдан бошлаб 7 фоизга ошган ҳолда ҳисобланади.

Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори 1 декабрдан 3 фоиз миқдорда (7 фоиз эмас) ўзгариб, 340 минг сўм (ҳозир 330 минг сўм) этиб белгиланмоқда.

Бундан ташқари:

  • ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — 800 000 сўм;
  • меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — 800 000 сўм;
  • белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (725 000 сўмдан) 800 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари — 800 000 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа — 608 000 сўм;
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — 608 000 сўм;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — 608 000 сўм;

Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори ойига 608 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 212 000 сўмдан қўшилади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 608 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.

Умуман олганда, йил давомида иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар жами 14,5 фоизга ошган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдори эса бундан камроқ, яъни 13 фоизни ташкил этди, дея қайд этади ЎзА.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 1 апрелдан пенсиялар ва нафақалар миқдори, 1 майдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 7 фоизга оширилганди.



🔥76.7 K марта кўрилди