Мактаб ўқитувчиларига қандай устама ва қўшимчалар тўланади? - Ta’lim / Образование

Мактаб ўқитувчиларига қандай устама ва қўшимчалар тўланади?

Ўқитувчилар учун қандай турдаги устамалар бор? Уларнинг миқдори қанча? Қандай ҳолатларда устама тўланади? Ушбу саҳифада мактаб ўқитувчилари учун устама турларини кўриб чиқамиз.

oylik_eng_kam_oylik_ish_haqqi

Сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар ва ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир олиб борилаётган қонунчилик ўзгаришлари таълим фидойилари меҳнатини янада моддий қўллаб-қувватлашда катта аҳамият касб этмоқда.


Устамалар кимларга берилади, шартлари, ҳуқуқий асослари ва миқдорлари

Хусусан, халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган ташаббускор ва иқтидорли ўқитувчилар қуйидаги ҳар ойлик устама ва қўшимча тўловларга эга бўлиб келишмоқда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 4940-сон қарорига мувофиқ:

  • бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
  • бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз устама;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 5117-сон қарорига мувофиқ:

  • таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тиллар (инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду, ҳинд) ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз устама;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 4306-сон қарорига мувофиқ:

  • халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча 150, 175, 200 фоиз;

Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган:

  • халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига 150 фоиз;
  • асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига 100 фоиз устама;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 1 апрелдаги “Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 1315-сон қарорига мувофиқ:

  • қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз устама;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “2022 — 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ – 134-сон қарорига мувофиқ:

  • халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз устама;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 425-сон қарорига мувофиқ:

  • касбий маҳоратини баҳолаш бўйича ўтказилган тест ва суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида устама;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 638-сон қарорига мувофиқ:

инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи синфда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бир нафар бола учун лавозим маошининг 10 фоиздан40 фоизгача устама;


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги 471-сон қарорига мувофиқ:

олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларнинг базавий тариф ставкаларига иш стажидан келиб чиқиб 10 фоиздан50 фоизгача устама;


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 823-сон қарорига мувофиқ:

Директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан Умумтаълим муассасалари ходимларига жумладан, педагог, психолог ва кутубхона ходимларининг базавий тариф ставкаларига нисбатан 10 фоиздан40 фоизгача устама;


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги “Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида”ги 1030-сон қарорига мувофиқ:

Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларнинг лавозим маошига нисбатан:

  • фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражалар) (кейинги ўринларда фалсафа доктори деб аталади) илмий даражасига эга шахслар учун — лавозим маошининг 30 фоизигача;
  • фан доктори (Doctor of Science) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) (кейинги ўринларда фан доктори деб аталади) илмий даражасига эга шахслар учун — лавозим маошининг 60 фоизигача устама;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 3 январдаги “Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2-сон қарорига мувофиқ:

  • “Халқ” ва “Хизмат кўрсатган арбоб” фахрий унвонлари эгаларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари;
  • “Хизмат кўрсатган” фахрий унвони эгаларига (қолган касблар бўйича) базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,6 баравари миқдорида устама;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сон қарорига мувофиқ:

а) синфдаги ўқувчилар сонига кўра синф раҳбарлиги учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 26,4 фоиздан52,8 фоизгача синфдаги ўқувчилар сонига кўра қуйидагича:

  • 15 нафар ўқувчигача — 26,4 фоиз;
  • 16 нафардан 20 нафар ўқувчигача — 31,6 фоиз;
  • 21 нафардан 25 нафар ўқувчигача — 36,9 фоиз;
  • 26 нафардан 30 нафар ўқувчигача — 42,1 фоиз;
  • 31 нафар ва ундан кўп ўқувчи бўлганда — 52,8 фоиз;

б) дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун ўқувчилар сонидан келиб чиқиб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 8,8 фоиздан17,6 фоизгача;

в) информатика кабинети мудирлиги учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 17,6 фоиз;


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети битирувчиларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 347-сон қарорига мувофиқ:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетини битириб, давлат идоралари ва нодавлат ташкилотларга ишга қабул қилинадиган бакалавр ва магистрларнинг лавозим маошларига 20 фоиз устама.



Leave a Reply