Қаттиқ «х»ми ёки юмшоқ «ҳ»: қандай фарқлаш керак?

Кўпчилик ўқувчилар х ва ҳ ундошларини қўллаш жараёнида хатога йўл қўйишади. Баъзан бу хатолар ўқитувчиларнинг ўзларида ҳам учраб туради. Қуйида “ҳ” ва “х” ундошини фарқлашга ёрдам берадиган баъзи усулларни тавсия қилмоқчимиз.

Aввало, ўқувчиларга “ҳ” ва “х” ундошининг талаффузи яхшилаб тушун­тирилади. Талаффуз қилаётганда бўғиз бўшлиғида — ун пайчалари ўртасидаги тор оралиқда ҳосил бўладиган, жарангсиз сирғалувчи боғиз товуши “ҳ” ҳамда чуқур тил орқасидан чиқадиган, жарангсиз сирғалувчи “х” товушлари­нинг талаффуздаги фарқли томонлари амалда кўрсатилади.

Қуйида ҳарфларни ажратиш методикаси ва уни хотирада сақлаб қолиш усуллари ҳақида маълумот берамиз.

Биринчидан, рус тилидан кирган сўзларда ҳеч қачон “ҳ” товуши учрамайди. Масалан: техника, химия…

Иккинчидан, сўз ўртасида келган “ҳ” ундоши қатнашган сўзни талаффуз қилишда “ҳ” ундоши “й”лашади. Масалан, Раҳим — Райим, Шо­ҳиста — Шойиста, Шоҳимардон — Шойимардон, Зоҳид — Зойид, Соҳиб — Сойиб, Шоҳида — Шойида…

Бунда эътибор бериш керак бўлган ҳолат: “ҳ” дан кейин “и” унлиси келган бўлиши керак. Чунки и унлисидан бошқа товуш келганда “ҳ” “й”лашмайди. Масалан: Бурҳон, Қаҳҳор, заҳар, баҳам, Исъҳоқ ва бошқалар.

Учинчидан, “и” унли товушидан кейин доим “х” ҳарфи келади: ихтилоф, ихтиёр, ихлос, ихтиро, ихтисос, ихчам, омихта, пих, мих, сих…

Бунда шарти: х ундоши ёпиқ бўғиннинг охирида келиши керак. Бўғиннинг бошланишида келса, “ҳ”лашади. Масалан, жи-ҳат, имти-ҳон, ни-ҳо­ят, жи-ҳоз, исти-ҳола, ни-ҳол ва ҳоказо.

Тўртинчидан, “э” унли товушидан кейин ҳамиша “ҳ” ҳарфи келади: меҳ-мон, деҳ-қон, бе-ҳи, эҳ-тиром, истеҳ-зо, истеҳ-ком, меҳр, меҳ-роб, меҳ-рибон, сеҳр, чеҳ-ра, эҳ-сон, эҳ-тиёж, эҳ-тимол, эҳ-тирос, эҳ-тиёт, эҳ-ром, Беҳ-зод…

Бешинчидан, “х” товуши билан бошланган аксар сўзлардан х товуши олиб ташланса, сўз маъноси тубдан ўзгаради. Ҳ билан бошланган сўзларда эса маъно ўзгармайди.

Хаёл — аёл, хона — она, хазон — азон, хамир — амир, ханда — анда, хаста — аста, хато — ато, хил — ил, хол — ол, хола — ола, хон — он, хор — ор, хос — ос, хотин — отин, хоч — оч…

Олтинчидан, яна шундай шаклдош сўзларни кўриш мумкинки, ҳар иккаласи ҳам, деярли, бир хил ёзилгани билан маънолари турлича бўлади. Бунда шу сўз қатнашган гап маъносига эътибор берилади. Масалан, ҳил (ҳил-ҳил пишмоқ) — хил (бирон нарсанинг тури), ҳол (ҳолат, вазият) — хол (юздаги хол маъносида), шоҳ (подшоҳ) — шох (дарахтнинг шохи) сўзларини мисол қилиш мумкин. Бу сўзларни билимни мустаҳкамлаш дарслари ёки дарсдан ташқари машғулотларда ўйин тарзида ўргатиб, ёздириб қўйиш орқали ўқувчида маъноларига қараб туриб товушларни ажрата олиш кўникмаси ривож­лантирилади.

Шундай сўзларни осон ёдлашлари учун ўқувчиларга бу ҳарфлар қатнашган мақол, топишмоқ ва тез айтишларни бериш фойдадан холи бўлмайди.

 


🔥12.6 K марта кўрилди

One thought on “Қаттиқ «х»ми ёки юмшоқ «ҳ»: қандай фарқлаш керак?

Fikr bildirish

55863853