Фанлардан ўқитувчилар билиши лозим бўлган компетенциялар бўйича йўриқнома - Ta’lim / Образование

Фанлардан ўқитувчилар билиши лозим бўлган компетенциялар бўйича йўриқнома

Ўқитувчиларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу саҳифага уларнинг ўз фанларидан билиши лозим бўлган маълумотлар бўйича йўриқномани юкладик. Ҳозирда жуда кўп бора ишлатиладиган термин – “компетенция” нимани билдиради?

Мундарижа


Компете́нция (лотинча competere — мос келиш) – кўзланган натижаларга эришиш учун билим, кўникма ва малакаларни қўллай олиш қобилиятини намойиш эта олишни билдиради. Таълимий компетенциялар икки гуруҳдан иборат: таянч (умумий) ва махсус (фанга оид) компетенциялар.

Таянч компетенциялар:

1. Коммуникатив компетенция

  • жамиятда ўзаро мулоқотга киришиш учун она тили ва бирорта хорижий тилни мукаммал ўзлаштириш ҳамда мулоқотда самарали фойдалана олиш;
  • ўз фикрини оғзаки ва ёзма тарзда аниқ ва тушунарли баён қила олиш, мавзудан келиб чиқиб саволларни мантиқан тўғри қўя олиш ва жавоб бериш;
  • ижтимоий мослашувчанлик, ўзаро мулоқотда муомала маданиятига амал қилиш, жамоавий ҳамкорликда ишлай олиш;
  • мулоқотда суҳбатдош фикрини ҳурмат қилган ҳолда ўз позициясини ҳимоя қила билиш, уни ишонтира билиш;
  • турли зиддиятли вазиятларда ўз эҳтиросларини бошқариш, муаммо ва келишмовчиликларни ҳал этишда зарур (конструктив) бўлган қарорларни қабул қила олиш;

2. Ахборот билан ишлаш компетенцияси

  • мавжуд ахборот манбаларидан (интернет, телевизор, радио (аудио-видео ёзув), телефон, компьютер, электрон почта ва бошқ.) фойдалана олиш;
  • медиа воситалардан зарур бўлган ахборотларни излаб топа олиш, саралаш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш ва фойдаланишда медиа-маданиятга риоя қилиш;
  • маълумотлар базасини ярата олиш, асосийларини танлай олиш ва уларни таҳлил қила билиш;
  • кундалик фаолиятда учрайдиган ҳужжатлар билан ишлай олиш (оддий табрикномалар ёза олиш, анкеталарни тўлдириш, меҳмонхона рўйхатида ўзи тўғрисидаги маълумотларни қайд эта олиши ва бошқ.)

3. Шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш компетенцияси

  • шахс сифатида доимий равишда ўз-ўзини ривожлантириш, жисмоний, маънавий, руҳий ва интеллектуал камолотга интилиш;
  • ҳаёт давомида ўқиб-ўрганиш, билим, тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориш;
  • ўз ҳатти-ҳаракатини адекват баҳолаш, ўзини назорат қила билиш, ҳалоллик, тўғрилик каби сифатларга эга бўлиш;
  • ўқиб-ўрганганлари ва ҳаёт тажрибасидан фойдаланган ҳолда кундалик турмушда учрайдиган муаммоларни ҳал эта олиш.

4. Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси

  • жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва фаол иштирок этиш;- ўзининг фуқаролик бурч ва ҳуқуқларини билиши, унга риоя қилиш (яъни харидор, сайловчи, мижоз, ишлаб чиқарувчи сифатида фаолият юрита олиш);
  • меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомала, иқтисодий, ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш;
  • касбий мавқеининг ўсишига интилиш билан жамият ва оиласи манфаатлари учун хизмат қилиш, ёрдамга муҳтожларга саховатли бўлиш.

5. Умуммаданий компетенциялар

  • Ватанга садоқатли, инсонларга меҳр-оқибатли ҳамда умуминсоний ва миллий қадриятларга эътиқодли бўлиш;
  • бадиий ва санъат асарларини тушуниш, таъсирлана олиш;
  • ораста кийиниш, юриш-туришда маданий меъёрларга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш,
  • умумбашарий аҳамиятга эга бўлган қадриятларни (урф одатлар, маросимлар, миллий-маданий анъаналар ва.ҳ.к.) билиш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;
  • ўзгаларга нисбатан меҳр-мурувват, сахийлик, ўзгаларнинг дунёқараши, диний эътиқоди, миллий ва этник ҳусусиятлари, анъана ва маросимларини ҳурмат қилиш;
  • халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраш, жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш.

Информатика фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

АКТ­ компетентлилик – ўқувчиларнинг ахборотли жамиятда ўз ўрнини муносиб эгаллаш ва муваффақиятли меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун ахборотга эга бўлиш, уни излаш, қайта ишлаш, баҳолаш, яратиш ва узатишни амалга оширишда ахборот­коммуникация технологияларидан самарали фойдалана олиш қобилияти ва лаёқати.

Ўқувчиларда АКТ­ компетентлиликни шакллантириш ва ривожлантириш – информатика фанига оид комепетенцияларни ҳамда фойдаланувчилик комепетенцияларни, яъни ҳамкорлик қилиш ва мулоқотни амалга ошириш, билимларни мустақил равишда эгаллашни ва уларни АКТдан фойдаланган ҳолда амалиётда қўллашни шакллантириш ва ривожлантиришни ўз ичига олади.
Информатикадан компетенциялар икки гуруҳдан иборат: умумий ва махсус компетенциялар.

1. Умумий компетенциялар (ҳаётий кўникмалардан иборат):

Ижодий ёндошув ва новаторлик:

  • ўқув ва меҳнат фаолиятида ижодкорликни ва ихтирочилик кўникмаларини намоён қилиши;
  • янги ғояларни ривожлантириш, қўллаш ва бошқаларга етказа олиш;
  • муаммоларни хал эта олиш ва танқидий фикрлаш;
  • мураккаб вазиятларда қарор қабул қила олиш;
  • ахборотларни танқидий таҳлил қилиш;
  • турли нуқтаи-­назарларга аниқлик киритувчи ва энг яхши ечимга олиб келувчи саволларни аниқлаш ва қўйиш;
  • масала ва муаммоларни ҳал этишда ҳамда саволларга жавоб топишда ахборотларни структуралаш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш.

Коммуникабеллик ва ҳамкорлик:

  • ғоя ва фикрларни оғзаки ва ёзма тарзда аниқ ва самарали ифода этиш;
  • турли жамоаларда самарали фаолият юрита олиш;
  • ҳамкорликдаги фаолиятда масъулиятни бўлиша олиш.

Мослашувчанлик:

  • юклатилган турли ҳил масъулиятларга мослаша олиш;
  • нотаниш шароитларга мослаша олиш;
  • ташаббускорлик ва мустақиллик;
  • ўқишга бўлган эхтиёжларини белгилай олиш;
  • билим даражасини кенгайтириш ва янги тажрибага эга бўлиш мақсадида асосий кўникмалар ва/ёки ўқув дастури доирасидан чиқа олиш;
  • кўникмаларини профессионаллик даражасига кўтаришда шахсий ташаббус кўрсатиш;
  • ўз олдига вазифаларни мустақил равишда белгилаш, уларни приоритетлаш (муҳимларини аниқлаш) ва ҳал эта олиш;
  • вақтдан самарали фойдаланиш ва иш юкламасини бошқара олиш;
  • бутун ҳаёти давомида таълим олишни намойиш эта олиш.

Самарадорлилик

  • юклатилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун юқори стандарт ва мақсадларни белгилаш ва уларга эришиш;
  • тиришқоқлилик ва ижобий аҳлоқий сифатларни намоён эта олиш (масалан, пунктуаллилик);
  • лидерлик ва масъулиятлилик;
  • умумий мақсадга эришиш йўлида бошқаларнинг кучли жиҳатларидан фойдалана олиш;
  • халоллик ва аҳлоқий нормаларни намойиш эта олиш.

2. Махсус компетенциялар (фанга оид компетенциялар):

  • ахборотларни йиғиш;
  • ахборот манбаларини билиш;
  • ахборотларни кераклисини танлай олиш;
  • ахборотларни саралаш;
  • ахборотларни қайта ишлаш;
  • матнли ахборотни таҳрирлаш;
  • форматлаш;
  • график элементларни ясаш;
  • жадваллар ҳосил қилиш;
  • формулалар киритиш;
  • график ахборотни таҳрирлаш;
  • график файлларда матн киритиш ва уни форматлаш;
  • график шаклларни ўзгартириш;
  • ранглар билан ишлаш;
  • анимация сценарийларини ёза олиш;
  • файлларни архивлаш (rar, zip архиваторларни ишлата олиш);
  • ахборотларни узатиш;
  • технологиялар орқали ахборотларни узата олиш;
  • электрон почта билан ишлай олиш;
  • факсда ахборот узата олиш;
  • чат (видео­чат) орқали ахборот узата олиш;
  • ҳуқуқий ва аҳлоқий меъёрларни билиш;
  • муаллифлик ҳуқуқларини билиш;
  • эркин фойдаланиладиган дастурлар;
  • тижорат дастурлари;
  • дастурлар лицензияларини фарқлаш


Математика фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

Математика фанининг компетенцияси – математика фани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётида дуч келадиган амалий ва назарий масалаларни ечишда фойдаланиш ва амалиётда қўлай олиш қобилиятидир.

Математика фанидан компетенциялар қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

Ўқув – ўрганиш компетенцияси – ўқувчида реал ҳаётдан билимларни олиш, ностандарт жараёнларда ҳаракат усулларига, муаммоларни ечишнинг эвристик методларига, ўлчаш малакаларига, билишнинг бошқа методларидан фойдалана олиш лаёқатини ҳосил қилиш.

Математик билимларни амалиётда қўллаш компетенцияси – ўқувчида ўрганилган билим ва кўникмаларни кундалик амалий ҳаётда қўллай олиш лаёқатини ҳосил қилиш.

Ахборот – ўқувчида турли даражадаги ўқув, касбий масалаларни еча олиш, масалаларни ечишда маълумотларни излаш, оғзаки машқлар, кроссвордлар, электрон дарсликлар, слайдлар, мустақил ишлар, интерактив тестлар, дидактик материаллар билан ишлай олиш лаёқатини ҳосил қилиш.

Математик саводхонлик компетенцияси – ўқувчида мантиқан тўғри нутқни ривожлантириш, математик диктантлар ёза олиш, математик формулаларни тўғри ўқий олиш ва ёза олиш лаёқатини ҳосил қилиш.

Мантиқий фикрлаш – ўқувчида мантиқан математик тўғри фикрлаш (математик таъриф, теорема, аксиомаларга асосланган ҳолда) лаёқатини ҳосил қилиш.

 


Она тили фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

Она тили коммуникатив компетенцияси – она тили бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларни мулоқот жараёнида қўллаш қобилияти.

Она тили фанидан компетенциялар қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

Лингвистик компетенция – тил сатҳлари (фонетика, лексика, грамматика) ҳақида билимлар ва тилнинг ифода воситаларини (ўқиш техникаси, ўзгалар фикрини ва матн мазмунини англаш, фикрни ёзма шаклда баён этиш) эгаллашни назарда тутади.

Социолингвистик компетенция -сўзловчининг бирор бир нутқий вазият, коммуникатив мақсад ва хоҳиш-истагидан келиб чиққан ҳолда керакли лингвистик шакл, ифода воситаларини танлаш имконини яратади.

Прагматик компетенция – коммуникатив вазиятда тушунмовчиликлар пайдо бўлганда такроран сўраш, узр сўраш ва ҳоказолар орқали мураккаб вазиятлардан чиқиб кета олиш, эгалланган билимларнинг амалий имкониятларидан ўринли фойдалана олиш қобилиятини назарда тутади.

 


Адабиёт фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

Адабий компетенция – адабиёт фани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётда дуч келадиган воқеа-ҳодисаларга татбиқ этиш, адабий жараён янгиликларини тушуниш, адабий-назарий қоидалардан бадиий асарларни таҳлил қилиш ва баҳолашда ўринли фойдала олиш қобилиятидир.

Адабий-маърифий тушунчалар:

  • адабиётнинг сўз санъати эканлиги, унинг эстетик, тарбиявий, таълимий аҳамияти, бадиий сўз қудрати, сўзнинг ифода имкониятлари, сўз орқали инсон руҳий олами, ҳис-туйғулари ҳамда табиат манзараларининг тасвирланишини билиш, тушуниш, англаш ва идрок этиш;
  • адабиёт ва маърифат, адабиёт ва маънавият, адабиёт ва тарбия, халқ оғзаки ижоди, мумтоз ва замонавий адабиёт, жаҳон адабиёти намуналари ва уларнинг ижодкорлари, адабий тур ва жанрлар ҳақида умумий тушунчага эга бўлиш;
  • тавсия этилган бадиий ижод намуналари (насрий, шеърий, драматик асар)ни ифодали ўқиш, уларнинг мазмун-моҳиятини тушуниш, англаш ва идрок етиш;
  • бадиий матн ёки унинг парчасини ифодали ёд айтиш, қайта ҳикоялаш, ўзгаларга тушунтириб бериш, уларда тасвирланган воқеа-ҳодисалар, образлар тизимини шарҳлаш, муносабат билдириш ва баҳолай олиш.

Адабий-назарий билимлар:

  • Ўрганилган халқ оғзаки ижоди, мумтоз ва замонавий адабиёт, жаҳон адабиёти намуналарининг ўзига хос жанр хусусиятларини билиш ва уларни фарқлаш;
  • уларнинг шаклий тузилиши, мавзу доираси, бадиий хусусиятлари, уларга хос таъсирчанлик, теранлик, оддийлик, образлар тизими, ёшларни эзгу инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, шахс сифатида шакллантириш воситаси эканлигини билиш ва ҳаётий воқеалар билан қиёслаб тушунтириш.

Адабий билимларни амалиётда қўллаш:
Ўрганилган халқ оғзаки ижоди, мумтоз ва замонавий адабиёт, жаҳон адабиёти ҳақида умумий маълумот бериш, намуналаридан тегишли хулосалар чиқариш, ибрат олиш, улардан кундалик оғзаки сўзлашувда ўринли фойдаланиш, асар ва унинг қаҳрамонларига ёзма ва оғзаки тавсиф бериш, аннотация ва тақризлар, реферат ва иншолар, ижодий матнлар ёза олиш, оғзаки ва ёзма нутқни бойитиш, ривожлантириш, тушунарли ва равон нутққа эга бўлиш.

 

Рус тили фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

Рус тили фанидан шакллантирилиши лозим бўлган компетенциялар:

Коммуникативная компетенция – это способность индивида решать языковыми средствами коммуникативные задачи в разных сферах и ситуациях общения. Коммуникативная компетентность представляет собой нерасторжимое единство трёх компонентов: речевого, лингвистического и социолингвистического.

Коммуникативная цель предполагает решение следующих задач:

  • формирование, развитие и совершенствование умений и навыков в разных видах речевой деятельности;
  • аудирование, говорение, чтение и письмо – речевая компетенция;
  • достижение определённых теоретических знаний о языковых аспектах (о фонетике, лексике, грамматике) – лингвистическая компетенция;
  • формирование умений соотносить языковые средства с ситуацией общения – социолингвистическая компетенция.

 

Жисмоний тарбия фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

Жисмоний тарбия фанидан шакллантирилиши лозим бўлган компетенциялар:

Жисмоний тарбия фанидан ўқувчининг компетенцияси – жисмоний тарбияфани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётда соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, жисмонан бақувват бўлиши учун фойдаланиш ва амалиётда қўлай олиш қобилиятидир.

Жисмоний тарбия фанидан компетенциялар қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

  • Соғломлаштирувчи машқларни бажаришни тушуниш ва қўллай олиш: Спорт зали ва майдончаларида фойдаланиладиган спорт анжомларининг номлари ва уларни қўлланиши, шахсий гигиена ва кун тартибига риоя қилиш. Спорт залида туриш ва юриш қоидалари. Гигиеник гимнастиканинг аҳамияти. Саф машқлари. Табиатнинг соғломлаштирувчи (қуёш, сув, ҳаво) омилларининг инсон организмига таъсири. Саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган жисмоний машқлар, жисмоний сифатларни ривожлантириш, қадди-қоматни яхшилаш, иш қобилиятини оширувчи машқлар.Инсон мушакларини бўшаштирилишининг аҳамияти. Ҳар хил ножўя ҳаракатлардан шикастланишнинг олдини олиш. Чиниқтириш муолажаларнинг аҳамияти ва асосий турлари.Қадди-қоматнинг тузилишига махсус машқларнинг таъсири. Машғулот вақтида шикастланишнинг олдини олиш ва биринчи тиббий ёрдам қўрсатишни қўллай олиш.
  • Жисмоний машқлар мажмуасини кетма-кетликда тўғри бажариш: Саф, умумривожлантирувчи (буюмларсиз ва буюмлар билан машқлар бажариш), таяниб сакраш, тирмашиб чиқиш, осилиш ва таянишлар, таяниш, мувозанат сақлаш машқларини ҳамда рақс элементларини (қўл ва оёқ ҳаракатларини) бажариш. Жисмоний машқларни бажариш қоидаларини билиш; машғулот жараёнида бирор бир машқни бошқаси билан боғлай олиш;
  • Жисмоний сифатларни ривожлантирувчи машқларни бажариш: Чаққонлик, кучлилик, тезкорлик, эгилувчанлик, чидамийлик ва ҳаётий зарур кўникмалар (юриш, югуриш, сакраш, улоқтириш, ошиб ўтиш, сафдан юришга тайёргарлик, қоматни ростлашга доир машқлар), ҳаракатлар аниқлиги ва мувофиқлиги, ритм ҳамда суръат сезгиси, жамоа бўлиб ҳаракат қилиш кўникмалари орқали ўқувчиларни “Баркамол авлод учун” меъёрий талабларини бажаришга тайёрланишни шакллантириш.
  • Ўз-ўзини ўрганиш, таҳлил қилиш, назорат қилиш: Жисмоний машқларни бажариш вақтида шикастланишни олдини олиш қоидаларини ўрганиш, машғулот вақтида ўз-ўзини назорат қилиш, жисмоний машқларни бажаришдан олдин ва кейин юрак уриш частотаси ва нафас олишни аниқлаш; бажарилаётган машқлар юкламасини тўғри белгиланганлигини тахлил қилиш ва ўз-ўзини назорат қилиш.
  • Спорт асбоб-анжомларини номи ва тузилишини тушунтириш: Гимнастика, енгил атлетика, ҳаракатли ва спорт ўйинларида ишлатиладиган спорт асбоб-анжомларини номларини билиши, уларни тузилишини таҳлил қилиши ҳамда машғулот жараёнида мустақил қўллай олиш.

 

География фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

География фанидан шакллантирилиши лозим бўлган компетенциялар:

  • табиий ҳодиса ва жараёнларни кузатиш;
  • табиий ҳодисаларни аниқлаш (ўлчаш);
  • табиий жараён ва ҳодисаларни ҳамда экологик таъсирини тушунтириш;
  • амалий иш ва тажрибалар ўтказиш;
  • географик билимларни амалиётда қўллай олиш.

Компетенциялар қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

  • Табиий жараён ва ҳодисаларни кузатиш: Ернинг ўз ўқи ва Қуёш атрофида айланиши ва уларнниг оқибатларини, Ер қимирлаш, вулқонлар, тоғларнинг ҳосил бўлиши, ташқи жараёнлар таъсирида рельефнинг ўзгариши, тоғ жинсларининг пайдо бўлиши, об-ҳавонинг ўзгариши, ҳаво фронтлари, шамоллар, ёғинлар, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, организмларнинг Ер қобиқларига таъсири, тупроқнинг ҳосил бўлиши ва ўзгариши, ландшафтларнинг ҳосил бўлиш ва ўзгариши, дарёлар ва кўлларнинг ифлосланиши, жамият ва табиат ўртасидаги ўзаро алоқалар, атроф муҳит табиатининг ифлосланиши, инсон фаолияти таъсирида ландшафтларнниг ўзгаришини, аҳолининг табиий кўпайиши ва миграцияси, жамиятнинг табиат билан ўзаро таъсирида модда ва энергиянинг алмашиниши, табиий муҳитнинг ўзгариши ва унинг инсон саломатлигига таъсирини кузатиш орқали экологик тарбияни сингдириш.
  • Аниқлаш (ўлчаш): Кузатиш жараёнида табиий жараён ва ҳодисаларнининг ҳолати ва ўзгаришини ўлчаб аниқлаш; географик тушунчалар таърифини билиш; табиий жараён ва ҳодисаларни (ҳаво ҳароратини, намлигини, ёғин миқдорини, босимни, шамол йўналиши ва тезлигини) асбоблар ёрдамида ўлчай олишлари ва ўқувчиларнинг тадқиқотчилик хусусиятларини ривожлантириш.
  • Табиий жараён ва ҳодисалар ҳамда уларнниг экологик таъсирини тушунтириш: Йил фасллари, кун ва туннинг алмашиниш сабабларини; инсон ҳаёти, турмуш тарзи, хўжалик фаолиятига табиий шароитнинг таъсирини; аҳоли сонининг ўзгариш сабабларини, Ер юзида ёғинларнинг нотекис тақсимланишини; атроф – муҳитнинг ифлосланишида табиий ва антропоген омилларнинг таъсирини, озон қопламининг юпқалашувини, маданий ва суний ландшафтларнинг ҳосил бўлишини, табиий ва сунъий омиллар таъсирида вужудга келадиган – зилзила, вулқон, сел, сурилма, нураш, эрозия, карст каби жараёнларни, маҳаллий, минтақавий, умумсайёравий экологик муаммоларни вужудга келишини, хавфли табиат ҳодисалари (қурғоқчиллик, қора совуқлар, сел келиши, сув тошқинлари) инсон ҳаётига хаф солаётганлигини англаб етиш ва тушунтириш.
  • Амалий иш ва тажрибалар ўтказиш: Сувнинг ҳароратини ва шўрлигини ўлчаш, ҳавонинг суткалик, ойлик, йиллик ҳароратини, ҳаво босимини, шамол йўн алишини (шамол гулини чизиш), ҳавонинг намлик миқдорини аниқлаш, ўзи яшайдиган жойда учрайдиган тоғ жинсларидан намуналар тўплаш (тоғ жинслари коллекциясини тузиш), аҳолинниг табиий ўсиши, зичлиги, урбанизация даражаси, аҳолинниг иқтисодиёт тармоқларида бандлиги, мамлакат миқёсида ихтисослашган тармоқларни топишга доир амалий топшириқлар бажариш.
  • Географик билимларни амалиётда қўллай олиш: Географиядан эгаллаган билим, кўникмаларидан кундалик турмушда фойдаланиб: уфқ томонларни, ҳаво ҳароратини, ёғин миқдорини, шамол йўналишини аниқлай оладилар, табиатнинг маҳаллий белгиларига қараб табиий ҳодисалар ва жараёнларни башорат қила оладилар, жой планини туза оладилар, инсон хўжалик фаолияти таъсирида ўзгарган табиат компонентлари бўйича олган билим ва кўникмаларини кундалик турмушда қўллай оладилар.

 

Тарих фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

Тарих фанидан шакллантирилиши лозим бўлган компетенциялар:

1.Мазмун ва мақсадга йўналтилган компетенция – ўқувчиларнинг қизиқишлари ва уларнинг дунёқарашларини ўзида мужассам этади. Мақсадни амалга ошириш учун ўқиш, билиш каби фаолиятини жадаллаштиради. Келгуси билимларни олиши учун замин яратади. Бу компетенция ўқувчини ўз олдига қўйган мақсад вазифаларига эришиш траекториясини белгилаб, ўқув жараёни ва бошқа фаолиятда ўзини англаш механизмини шакллантиради. Ўқувчининг жамиятда ўз ўринини топа олиши ушбу механизм билан боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам тарих таълимида таянч компетенциялардан бирини ўқиш ва ўрганиш интеллектуал компетенция деб олиш мақсадга мувоқ деб топилди.

2. Умуммаданий – компетенция – ўқувчининг юксак тайёргарлилик даражаси, малакаси, маданий ва маънавий-ахлоқий савияси, умуминсоний ва миллий қадриятларни ўзининг фаолиятида акс эттириши, анъана ва қадриятларга асосланган ҳаёт фаолияти. Ўқувчининг жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш. Масалан ўзининг бўш вақтини фойдали равишда ташкил эта олиши, (музейларга бориши, уй ишларига қарашиши, китоб мутоалла қилиши, бошқаларни қадр-қимматни эътироф этиш ва уни ҳурмат қилиш ва ҳ.к.). Ўқувчиларда мазкур компетенцияни шакллантириш натижасида ўқувчи эгаллаган билимларини мазмунан идрок қилади, уларни тушунади, амалиётга татбиқ этади. Миллий-умуминсоний қадриятлар тушуниш ва уларга риоя қилиш кўникмаси шаклланади. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда тарих таълимида таянч компетенция шаклида тушуниш, идрок қилиш компетенцияси деб олинди.

3. Ўқув-таълимий – компетенция – ўқувчининг таълим жараёнида олган билимларини амалиётга тадбиқ эта олиши. Қуйидаги элементларни ўзи ичига олган ўзини-ўзи англашидаги билимлар йиғиндиси. Жумладан; мантиқий, методологик, қиёслай, идрок қилиш, татбиқ этиш, тажриба ўтказиш, анализ-синтез қилиш, ўз-ўзини баҳолаш фаолияти. Мазкур компетентлилик доирасида ўқувчида фактларни асосийларидан ажрата олиш ва хулоса чиқариш малакаси шаклланади. Тарих таълимида ўқувчилар воқеа-ходисаларни ўрганиш, уларни келиб чиқиш ва содир бўлиш сабабларини аниқлаш, натижасига баҳо беришда юқоридаги вазифаларни амага оширадилар. Шунинг учун ҳам ушбу таълим жараёнида яна бир таянч компетенция сифатида анализ, синтез, хулоса чиқариш ва баҳолаш каби омиллар таянч сифатида олинди.

4. Ахборотлашган – компетенция – интернет, ОАВ ва бошқа тармоқлардан зарур бўлган ахборотларни излаб топиш, маъумотлар базасини яратиш мустақил тўплай олиш, уларни таҳлил этиш, баҳолаш, ахборотни қайта ишлаш ва уларни узатиш, асосийларни танлаб олиш, фойдаланиш. Мазкур кометенция ўқувчиларда олган билимларини қўллай олиш каби кўникмаларни шакиллантиради.

5. Коммуникатив компетенция – ўқувчиларда гуруҳларда ва жамоаларда ижодий ишлай олиш, ҳамкорлик қилиш, масъулиятни шакллантиради. Тарих таълими орқали ўқувчиларда юқоридаги компетнецияларнинг шаккллантириш натижасида уларда маънавий ва маърифий, жисмоний ўз-ўзини ривожлантириш, ўзининг хис туйғуларини бошқара олиш малакалари шакланади.

  • Бунда шахсий тушуниш ва ўрганиш эҳтиёжларини кузатиб бориш;
  • мос келувчи манбаларни аниқлаш;
  • билим олишни бир жабҳадан бошқасига кўчириб ўта олиш каби кўникмалар шаклланади.

Ўқувчиларнинг билим, кўникма, малакалари ва компетентлилик даражаларини шакллантириш бўйича тарих таълими мақсадларини аниқроқ ва яққолроқ белгиловчи қуйидаги тамойилларни таянч тушунчалар сифатида белгиланди:

  1. Билиш, ўрганиш – ўрганилган материални билиб олиш, қайта айтиб бера олиш. Ўрганилган материални хотирада сақлаб қолиш, қайта айтиб бера олиш, моҳиятини идрок этиш ва тушунганликни намойиш қилиш, бир шаклдан бошқа шаклга кўчира олиш.
  2. Тушуниш, идрок қилиш — ўрганилган материални хотирада сақлаб қолиш, моҳиятини идрок этиш ва тушунганликни намойиш қилиш, бир дарвдан бошқа даврга кўчира олиш. Олган билимларини амалиёт билан боғлай олади. У ёки бу холатга танқидий баҳо бера олади. Мунозараларда иштирок эта олади. Ўзнинг фикрни ва қарашларини тарих таълимида олган билимлари асосида ҳимоя қила олади. Воқеа ва ходисаларга баҳо бера олади.
  3. Қўллай олиш — ўрганилган умумий тушунча, атамаларни, муаммоли вазиятларга, мисол орқали татбиқ эта олиш ҳамда самарали қўллай олиш; Жамоада ишлай олиш ва етакчилик қобилиятларини намоён этиш; турли хил роллар ва масъулиятларни қабул қила олиш; бошқалар билан биргаликда самарали меҳнат қила олиш;
  4. Анализ (таҳлил) ва синтез, фильтр қилиш — берилган муаммони ҳал қилиш учун зарур маълумотларни турли хил манбалардан тўплаш, тартибга солиш, таҳлил қилиш; ўрганилган бир бутун материални майда бўлакларга, таркибий қисмларга ажрата олиш ва улар орасида муносабатларни ўрнатиш ва таҳлил қила олиш; аниқланган хусусий натижаларни умумлаштириб, асосийларини ажратиш, хулоса чиқара олиш. Тизимлар воқеалар ва ходисалар, вазиятлар ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш.
  5. Баҳолаш ва хулоса чиқариш — муаммоли вазиятни маълум ички ёки ташқи мезонлар асосида баҳолаш ва таққослаш, сабаб ва оқибатларини ўрганиш, натижаларни таҳлил қилиш асосида танқидий фикрлаш, хулос чиқариш.

 

Кимё фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

Кимё фанидан шакллантирилиши лозим бўлган компетенциялар:

Кимё фани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётида дуч келадиган амалий ва назарий масалаларни ечишда фойдаланиш ва амалиётда қўллай олиш қобилиятидир.

Кимё фанидан компетенциялар қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

Кимёвий жараён ва ҳодисаларни кузатиш: модданинг агрегат холати, моддаларнинг хоссалари, ёниш, аланга, суюқланиш, эриш, диффузия, буғланиш, қайта кристалланиш, сублимация, ёруғлик, қайнаш, қотиш, ажратиш, тозалаш, эритиш, фильтрлаш, декантатциялаш, рангларга ажратиш ва органик бирикмаларнинг изомерияси, гидратланиш, дегидратланиш, гидрогенлаш, дегидрогенлаш, галогенлаш полимерланиш гибридланиш, хайдаш, крекинглаш, пиролиз, кокслашларни кузатиш.

Кимёвий жараён ва ҳодисаларни тушунтириш: кимёвий ҳодисанинг ҳосил бўлиш шартлари ва содир бўлиш шароитлари, ушбу ҳодисанинг бошқа ҳодиса билан боғлиқлиги, жараёнлар ва ҳодисаларни Авогадро, модда массасининг сақланиш қонуни, таркибнинг доимийлик қонуни, эквивалентлик қонуни, кимёвий элементлар даврий қонуни, диссоцияланиш назарияси, Бутлеров назарияси, Марковников қоидаси ва органик бирикмаларнинг хоссаларига тегишли реакциялар асосида органик бирикмаларни тушунтириш.

Элемент ва формулаларни кимёвий тилда ифодалай олиш: кимёвий реакциялар, кимёвий реакция тенгламалари, коэффициент, кимёвий реакцияларнинг турлари, кимёвий белги ва индекслар асосида формулалар тузиш, кимёвий элементлар ва уларнинг бирикмалари формулаларини валентлик асосида (структура, молекуляр, электрон ва эмперик формулалари) ёзиш, номлаш, кимёвий тушунча ва қонуниятларнинг таърифини билиш, мазкур қонуниятларни бошқа қонуниятлар билан боғловчи формулалар, физик катталикларнинг (масса, ҳажм, сирт юзаси, зичлик, вақт) бирликлари, тажрибавий масалалар ечишда амалиётдаги хатоликларни ҳисоблай олиш.

Кимёвий модда, жиҳозлар билан ишлай олиш ва тажрибалар ўтказиш: Кимёвий шиша, полипропилен ва чиннидан ясалган идишлар, Эвдиометр, тарози, термометр, цилиндрли ареометр, қуруқ ёқилғи, микроусулдаги тажриба жиҳозлари, модда массасини сақланиш қонунини амалда кўрсатувчи асбоб, газларни йиғиш, галогенларни олиш, электролитик диссосияланишни кўрсатувчи, кимёвий реакция тезлигини аниқловчи, азот йиғиш, электромагит аралаштиргич, пробирка, кольба иситгич асбоблари, сульфат кислота ва нитрат кислота ишлаб чиқариш моделлари, моддаларнинг кристалл панжара тузилишни кўрсатувчи моделларни тузилишини тушунтира олиш. Тажрибани ўтказишдан мақсадни билиш, тажриба учун кимёвий жиҳозлар ва асбобларни танлай олиш, йиғиш ва улардан фойдаланиш, тажрибанинг амалга ошириш шароити ва натижалари ёзиш ва хулосалай олиш.

Кимёвий билимларни амалиётда қўллаш:

  • ўрганилган тушунчалар, қоидалар, таърифлар, қонунлар ва формулалардан фойдаланиб кимёвий ҳодисаларга доир масалаларни еча олиш;
  • кимёдан эгалланган назарий билимларни тажрибалар ёрдамида амалиётда қўллаш;
  • моддалардан зарарланиш оқибатларига қарши чора тадбирларни қўллай олиш;
  • кимёдан эгаллаган билим, кўникмаларидан кундалик турмушда фойдаланиш (сувни тозалаш, тузни тозалаш, газ плитани ёқиш, доғларни кетказиш, оҳакни сўнгдириш, тупроқни таркибини аниқлаш, дори-дармонлардан фойдаланиш маданияти, биоген элементларнинг тирик организмга таъсирини, минерал ва органик ўғитларни қўллаш, кимёвий моддаларни кундалик озиқ-овқатда қўллай билиш (сирка кислота, натрий бикарбонат- ичимлик содаси), суньий ва синтетик ювиш воситалари, эритувчи ва ёқилғилар, полимер маҳсулотлар (пластмасса идишлар, резина буюмлар), ишқорлар (гель, хўжалик совуни, шампунлар) ни бир-биридан фарқлаш ва сифатли маҳсулот танлай билиш.

 


Биология фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

Биология фанидан ўқувчининг компетенцияси – биология фани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётида дуч келадиган амалий ва назарий масалаларни ечишда фойдаланиш ва амалиётда қўлай олиш қобилиятидир.

Биология фанидан компетенциялар қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

Билимларни ўзлаштириш: бутун оламни замонавий табиий – илмий кўринишини шакллантиришда биологик фанларни ўрни; тирик оламни билиб олиш усулларини; тирик табиат ва унга хос бўлган қонуниятларни; тирик организмларнинг тузилиши, фаолияти ва ташқи муҳитни ҳосил қилувчи ролини; инсон биосоциал зот эканлиги ҳақидаги билимларни ўзлаштириш.

Биологик билимларни қўллаш кўникмаларини эгаллаш:

  • тирик табиатдаги жараёнлар ва ҳодисаларни, ўз организмининг фаолиятини тушунишда биологик ва экология соҳасидаги замонавий ютуқлар тўғрисидаги маълумотлардан фойдалана олиш;
  • соғлиқ ва қалтислик омиллари, биологик асбоб ва маълумотлар билан ишлаш;
  • ўз организмнинг холати ва бошқа биологик объектлар устида кузатишлар олиб бориш;
  • биологик тажрибалар ўтказиш.

Билимга оид интеллектуал ва ижодий қизиқишларини ривожлантириш:

  • Тирик организмлар устида кузатишлар, биологик тажрибалар ўтказиш;
  • турли маълумот манбаалари устида ишлаш.

Тарбия жараёни:

  • тирик табиатни қадрлаш ва ижобий муносабатда бўлиш, ўз соғлиги ва бошқа инсонларнинг соғлигини қадрлаш, табиатда ўзини тутиш, экологик маданиятни тарбиялаш;
  • қобилиятни ва олган билим ҳамда кўникмаларни кундалик ҳаётда фойдаланиш;
  • ўсимлик ва уй ҳайвонларини парвариш қилишда, ўз соғлигини сақлашда ўзига ва ўзгаларга биринчи ёрдам кўрсатиш;
  • ўзининг фаолияти оқибатларини атроф муҳит, ўз организми, ўзгаларнинг соғлигига таъсирини баҳолаш;
  • табиатда ўзини тутиш қоидаларига амал қилиш;
  • соғлом турмуш тарзи нормалари; касаллик жароҳатлар ва стресларни, зарарли одатлар, ОИВ/ОИТС – инфекциянинг олдини олиш.

 

Физика фанидан ўқувчиларда шакллантириладиган компетенциялар:

 

Физика фанидан ўқувчининг компетенцияси – физика фани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётида дуч келадиган кашфиётлар, илмий янгиликларни тушуниш, амалий ва назарий масалаларни ечишда фойдаланиш ва амалиётда қўллай олиш қобилиятидир.

Физика фанидан компетенциялар қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

Жараён ва ҳодисаларни кузатиш ва тушуниш: механик ҳаракат, жисмларнинг ўзаро таъсири, диффузия, иссиқлик ҳаракати, конвекция, нурланиш, иссиқлик узатилиши, атмосфера босими, суюқлик ва газлар ҳаракати, буғланиш, конденсация, қайнаш, тебраниш ва тўлқинлар, товуш, жисмларнинг эркин тушиши, инерция, деформация, эластиклик, ишқаланиш, эриш, қотиш, агрегат ҳолатлар, жисмларнинг электрланиши, зарядларнинг ўзаро таъсири, қисқа туташув, чақмоқ, момақалдироқ, электр токининг таъсири, магнитларнинг ўзаро таъсири, Ернинг магнит майдони, электромагнит индукция ҳодисаси, ўзиндукция ҳодисаси, ёруғликнинг тўғри чизиқ бўйлаб тарқалиши, ёруғликнинг қайтиши ва синиши, соя, соянинг ҳосил бўлиши, Ой ва Қуёш тутилиши, ёруғликнинг интерференцияси, дисперсияси, дифракцияси ҳодисалари, линзада тасвир ҳосил қилиш, кун ва туннинг алмашиниши, Ерда фасллар алмашиниши, Ойнинг фазалари ва даврлари, осмон жисмлари, сайёралар ҳаракати, метеорлар учишини кузатиш.

Катталикларни ўлчаш ва аниқлаш:

  • Кузатиш жараёнида жараён ва ҳодисаларнининг айрим параметрларини ўлчаш;
  • Физик тушунча ва катталикларнинг тавсифини билиш; мазкур катталикнинг бошқа катталиклар билан боғловчи формулалар; физик катталикларнинг бирликлари; катталикни ўлчаш турлари; физик катталикларни ўлчашдаги хатоликлар; бевосита аниқланадиган физик катталикларни асбоблар билан ўлчай олиш; билвосита ҳисоблаб топиладиган физик катталикларни физик асбоблар ёрдамида аниқлаш.

Жараён ва ҳодисаларни тушунтириш: физик жараён ва ҳодисаларнинг ҳосил бўлиш шартлари ва содир бўлиш шароитлари, ушбу ҳодисаларнинг бошқа ҳодисалар билан боғлиқлиги, жараёнлар ва ҳодисаларни физик қонунлар (Ньютон, Архимед, модданинг молекуляр-кинетик назарияси, Кулон, Ампер, Жоуль-Ленц, энергиянинг сақланиш, айланиш ва шу кабилар) асосида илмий тушунтириш.

Тажрибаларни ўтказиш ва хулосалар чиқариш:

  • Тажрибани ўтказишдан мақсадни билиш;
  • тажриба учун физик асбобларни танлай олиш, йиғиш ва улардан фойдаланиш;
  • тажрибанинг амалга ошириш шароити ва натижаларини ёзиш ва хулоса чиқара олиш.

Ўқувчиларнинг тадқиқотчилик хусусиятларини ривожлантириш: физик асбобларнинг ишлаш принципини ва техник объектларнинг тузилишини тушунтириш: тарози; динамометр; барометр; оддий механизмлар; гидравлик пресс; термометр; психрометр; ички ёнув двигатели; совутгич; амперметр; вольтметр; динамик; микрофон; кўзойнак ва шу каби асбобларнинг ишлаши ва тузилишини тушунтира олиш ҳамда улардан келажак ҳаётларида фойдаланишни шакллантириш.

Физик билимларни амалиётда қўллаш:

  • Ўрганилган тушунчалар, қоидалар, таърифлар, қонунлар ва формулалардан фойдаланиб физик ҳодисаларга доир масалаларни еча олиш;
  • физикадан эгаллаган билим, кўникмаларидан кундалик турмушда, техникада ҳамда ҳаёт хавфсизлигида, экологик муаммоларни ҳал этишда (энергияни тежаш, қишда иссиқликни асраш, электр хўжалик асбобларидан фойдаланиш ва кичик нуқсонларини бартараф эта билиш ва ҳ.к.) фойдаланиш хислатларини тарбиялаш.

манба: © www.idum.uz
Сайт материалларидан фойдаланилганда манба сифатида кўрсатилиши шарт.

Leave a Reply