Матонат талаб қилинадиган кунлар…

Бугун барчамиздан юксак масъулият,
сабр ҳамда матонат талаб қилинади.

Маълумки, коронавирус пандемияси туфайли бутун дунё, жуда оғир синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Юртбошимиз шу синовли дамларда ҳар бир Ўзбекистонлик, ҳар бир идора, ҳар бир ташкилот ва жамоатчилик вакиллари ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишимизни, бехос пайдо бўлган офатнинг салбий ҳолатларидан тезроқ қутулиш чораларини кўриш лозимлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар.

koronavirus-uzbШундай масъулиятли кунларда фуқароларнинг давлатга бўлган юксак ишончи синовдан ўтади. Бу синов давлат ва халқ жипслашиб, бир ёқадан бош чиқаришимизни тақозо этмоқда. Эртанги кун учун биргаликда курашиб, келажакни бирга қуриш учун жуда яхши имконият ҳисобланади. Демак, бугун барчамиздан юксак масъулият, сабр ҳамда матонат талаб қилинади.

Бугунги вазият чиндан ҳам мураккаб, аммо шунга қарамай, давлатимиз томонидан халқимиз соғлигини сақлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, мамлакатда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситаларининг рўйхати карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши суюқ совунлар жамланмаси билан тўлдирилиши ҳақида, бола парвариши учун тўланадиган нафақаларнинг тўланиш муддатлари 6 ойгача узайтирили, карантин туфайли фаолияти тўхтаб қалган корхона ва ташкилотларнинг солиқлардан озод этилиши, якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ ва кредит қарздорликларини кечиктириш каби қатор масалаларга эътибор қаратилган. Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаати барча нарсадан устунлигидан далолатдир.

Америка Қўшма Штатларидай буюк ва ривожланган давлат ўз фуқаролариннг коронавирус инфекциясидан даволаниши учун ўртача 75 минг АҚШ доллари кетишини айтиб турган бир вақтда, бизнинг юртимизда ушбу касалликга чалинган барча беморлар, шубҳа остида карантинда сақланаётган фуқароларимизнинг барча сарф харажатлари давлат томонидан қопланмоқда. Қисқа муддатларда янги шифохоналар барпо этилмоқда, мавжуд шифохоналар қайта жиҳозланди, уларда барча шарт-шароитлар яратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек халқига яна бир мурожаат билан чиқдилар. Мурожаатда коронавирус тарқалиб кетмаслиги учун давлат барча чораларни йўлга қўйганлигини, ҳамма ушбу балони енгишимизда бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишни таъкидлаб ўтдилар. Касалликни маҳалламизга, уйимизга олиб кирмаслик учун энг аввало ҳар бир инсон масъул эканлигини айтиб ўтганлар. Буни чуқур ҳис этган ҳолда ўз сиёсий иродамизни намоён этишга, ташаббус ва фидоийлик кўрсатишга, бор имкониятларимизни ишга солишимиз зарур ва шартдир.

Шахсан мен таълим соҳаси вакили сифатида юртбошимизнинг таълим сифатига алоҳида эътибор бераётганликларини алоҳида эътироф этмоқчиман. Президентимиз талаба ва ўқувчи ёшларга алоҳида мурожаат билан чиқдиб, шундай дедилар: “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекорга ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг!”.

Бугунги синовли кунларда юртимиз фуқаролари бирдек масъулият билан иш кўрмоғи лозим. Шу жумладан, халқ таълими ходимларининг масъулияти ҳам икки ҳиссса ошди. Ҳукуматимиз ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан келажагимиз пойдевори бўлган ўқувчиларимиз учун телевизион дарслар машғулотлари ташкил этилди. Бу қувонарли ҳол, албатта. Дарсларни ташкил этилишида педагогларимиздан жуда катта меҳнат ва машаққат талаб этилаётганини ҳис қилиб турибмиз. Шундай экан, мен ҳам бир таълим соҳаси вакили сифатида уларнинг меҳнатини қадрлайман. Тез ва қисқа муддат ичида телевизион дарс дастурларини тайёрлаб, эфирга беришнинг ўзи таҳсинга лойиқдир. Халқ таълими вазирлиги томонидан телевизион дарсларни ташкил этишда меҳнат қилган бир гуруҳ ўқитувчиларимизни Фахрий ёрлиқ ва кўкрак нишионлари билан тақдирладилар. Фарзандларимизнинг уйларида ўтириб таълим тарбия олишлари учун қатор қулайликлар яратилди. Бунга мисол қилиб “Edu Market” платформаси “kitob.uz” сайтини айтишимиз мумкин. Қувонарлиси шуки, барча фойдаланувчилар учун таълим соҳасидаги интернет ресурслар бепул тақдим этилмоқда.

Коронавирус пандемиясининг дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани аксарият давлатларнинг соғлиқни сақлаш вакилларига янада катта масъулият юкламоқда. Нафақат, коронавирус инфекциясига чалинганлар, балки бутун инсониятнинг умид кўзлари шифокорларга қадалган. Ушбу улкан масъулиятни чуқур ҳис этган тиббиёт ходимлари жасорат ва шиддат билан қаҳрамонларча коронавирус балосига қарши курашишга киришдилар ва самарали натижаларга эришмоқдалар. Шундай юз минглаб фидойи касб эгалари сафида юртимиз тиббиёт ходимлари борлиги барчамизни қувонтиради. Шу соҳа вакиллари билан бир қаторда халқимиз осойишталигини таъминлаш ва қонунларимизни ҳаётга татбиқ этилишида яна бир соҳа вакиллари – ички ишлар ходимларининг ҳам ҳиссаси каттадир.

Шунингдек, Президентимизнинг “Коронавирус инвекцияси тарқалишига қарши курашишда жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу юксак эҳтиром коронавирус инфекциясига қарши мардона курашаётган қаҳрамон шифокорларимиз учун улкан рағбат ва куч бўлиши шубҳасиздир.

Мен ўз номимдан, қолаверса Республикамизнинг бутун халқи номидан аввало Юртбошимизга чуқур миннатдорчилик билдираман. Шу билан бирга халқимизнинг осойишталигини таъминлаш учун жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилаётган барча соҳа вакилларига ва инсонлар саломатлиги йўлида фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларига куч-қувват, матонат тилаб қоламан.

С.Суярова

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт қўмитаси аъзоси

🔥249 марта кўрилди

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*