Давлатлар: Аргентина

Аргентина Республикаси (исп. República Argentina [reˈpuβlika aɾxenˈtina]) – Жанубий Америкадаги давлат. Қитьанинг жанубий-шарқий қисмини, шарқий қисмини ва бир қанча оролларни эгаллайди. Атлантика океани соҳилида жойлашган. Маьмурий жиҳатдан 22 вилоят (провинция), федерал (пойтахт) округи ва Оловли ер ҳудудига бўлинади. Майдони 2767 минг км2. Аҳолиси 36,2 млн. киши (1999). Пойтахти Буэнос-Айрес шаҳри.



Номи: Аргентина Республикаси
Пойтахти: Буэнос-Айрес шаҳри
Ҳукумат: Президентлик Республика
Президент: Кристина Киршнер
Вице-Президент: Амадо БудуАргентина байроги
Телефон коди: +54
Қисқартма: AR
Интернет домен: .AR
Давлат тили: Испан тили
Майдони: 2 766 890 км²
Аҳолиси: 42 610 981 киши (2014)
Зичлик: 15 одам./км²
Пул бирлиги: Аргентина песоси (ARP)
Йирик шахарлари: Буэнос-Айрес, Кордова, Росарио

Давлат тузуми

Аргентина – федератив республика. Амалдаги конституцияси 1994 йил 24 августида қабул қилинган. Давлат бошлиғи – президент. Президент ва висе-президент 4 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият – Миллим конгресс (парламент). Конгресс икки палата: сенат ва депутатлар палатасидан иборат. Ижрочи ҳокимият президент ва ҳукуматдир.

Табиати

Аргентинанинг шарқи кенг текисликлардан, ғарби тоғлардан иборат. Мамлакатнинг бутун шимолий-шарқини Ла-Плата пасттекислиги (Гран-Чако, Шарқий Пампа текислиги), жанубий-шарқини Патагония ясси тоглиги эгаллайди. Ғарбдаги тоғ ён бағрлари баландлаша бориб, Анд тоғларига уланиб кетади. Жанубий Американинг энг баланд нуқтаси Аконкагуа (6960 метр) ҳам Аргентина ҳудудидадир. Фойдали қазилмалари: нефт, газ, темир, полиметаллар, уран, мис, қалай, волфрам ва бошқа рудалар. Аргентина текислик қисмининг иқлими – тропик ва субтропик, жанубда –Мўьтадил. энг иссиқ ой (январ)нинг ўртача ҳарорати шимолда 280, жанубда 100, июлнинг ўртача ҳарорати шимолда  18°. Йилига Патагонияда 100 – 300 мм, шимолий-шарқда 1400 –1600 мм, Анднинг шарқий ён бағирларида 5000 мм гача ёғин ёғади. Асосий дарёлари: Парана, Парагвай, Уруғвай, Рио-Саладо, Рио-Колорадо, Чубут, Рио-Негро. Аргентина кўлларининг аксарияти музликлардан пайдо бўлган (Наул-Уапи, Буенос-Айрес, Ведма ва б.). Аргентина ҳудудининг салкам 20% доимий кўм-кўк ва барги тўкилувчи ўрмонлар билан қопланган. Гран-Чакодаги қизил тупроқда сийрак ўрмон, Пампада-ги унумдор қоратупроқда пичанзор даштлар, Патагонияда – ярим чўл. Аргентинанинг миллий боғлари – Игуасу, Ланин, Науел-Уапи ва бошқалардир.

Аҳолиси

Аргентинлар (мамлакат аҳолисининг 90%) асосан йевропалик муҳожирлардан шаклланган. Шунингдек италянлар, яҳудийлар, украинлар, испанлар, каталонлар, поляклар, немислар, франсузлар ва бошқалар ҳам яшайди. Туб жой аҳолиси – индейсларнинг аксарияти йевропаликларнинг мустамлакачилик ҳаракатлари жараёнида қирилиб кетган. Уларнинг оз қисми (кечуа, тупи-гуаранлар ва бошқалар.) Аргентинанинг шимолий-ғарбида ва Парагвай билан бўлган чегара яқинида яшайди. Расмий тили – испан тили. Диндорларнинг аксарияти католиклар. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 9 кишидан кўпроқ. Аҳолининг 86% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Буэнос-Айрес, Кордова, Росарио, Ла-Плата.

Тарихи 

Қадим замонларда Аргентина ҳудудида кўп сонли индейс қабилалари яшар, уларда жамоа-уруғчилик муносабатлари хукмрон эди. Шимолий-ғарбда диагитлар, чарруа ва керандилар энг ривожланган индейц қабилалари бўлган; улар ўтроқ ҳаёт кечирар, деҳқончилик, балиқчилик, овчилик билан шуғулланар, рангли металлар эритишни, тўқимачиликни билар эди. Шимолий-шарқда ва марказда гуаранлар, тапеслар ва бошқалар. яшар, жанубда арауканлар ва патагонлар кўчиб юрар эди. XVI-асрнинг I-ярмида ҳозирги Аргентина ҳудуди испанлар томонидан босиб олина бошлади. Испанлар бу мамлакатни Рио-де-Ла-Плата (испанча кумуш) дарёси номи билан Ла-Плата деб атадилар. Мустамлакачиларга қарши индейц қабилалари бир неча марта исён кўтарди (1580, 1630, 1657, 1710 – 11 йиллар). 1776 йилда ҳозирги Аргентина ҳудуди бутунлай Рио-де-Ла-Плата вице-қироллиги таркибига қўшиб олинди. Аргентинада катта феодал ер эгалиги вужудга келди. Америкадаги испан мустамлакаларининг 1810 – 1826 йиллардаги мустақиллик учун уруши вақтида креоллар (дастлабки испан келгиндиларининг авлодлари) М. Белграно ва Х. Сан-Мартин раҳбарлигида 1810 – 1816 йилларда испан мустамлакачиларига қарши қуролли кураш олиб бордилар. Кураш бошланган 25 май куни аргентин халқининг миллий байрами бўлиб қолди. 1816 йилда вилоятлар вакилларининг Тукуман шаҳридаги конгресси Ла-Плата Бирлашган вилоятларини мустақил деб эълон қилди. 1826 йилда Аргентина Федератив Республикаси тузилди. XIX-аср мобайнида вужудга кела бошлаган буржуазия манфаатларини ифодаловчи унитарийлар билан ер эгалари манфаатларини ҳимоя қилувчи федерациячилар ўртасида кураш давом этди. XIX-аср II-чорагидан Аргентинада Буюк Британия иқтисодий ва сиёсий мавқеи мустаҳкамланди, 1833 йилда у Фолкленд (Мальвин) оролларини босиб олди. XIX аср охирларида мамлакатга Америка ва Германия капитали кириб келди. Ҳукмрон давлатлар Аргентинани сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қарамликка солиб, уни гўшт, дон ва бошқа хом ашё етказиб берувчи мамлакатга айлантирдилар. XIX – XX асрлар бўсағасида Аргентинада саноат ривожланди. XIX асрнинг охиридан турли ҳарбий диктатуралар ҳукмронлик қилди. II-жаҳон уруши йилларида Аргентина бетарафлик эълон қилган бўлса ҳам, аслида фашистларга кўмаклашди. 1945 йил мартидагина Германия ва Японияга қарши уруш эълон қилди. 1945 йилдан Аргентина БМТ аъзоси. 1943 йилги ҳарбий тўнтариш натижасида бир гуруҳ офицерлар ҳокимиятни қўлга олдилар. Уларнинг раҳбарларидан бири генерал Х. Д. Перон (1946–1955 ва 1973–1974 йилларда Аргентина президенти) ҳукмрон ажнабий давлатларнинг мавқеини заифлаштириш ҳисобига мамлакатдаги юқори табақани мустаҳкамлаш сиёсатини юритди. 1976 йилда генерал Видела ҳукмронлиги даврида зўравонлик ва тартибсизликларга қарши қаттиқ чоралар жорий этилди, иқтисодиётни мустаҳкамлашга киришилди. 1981 йилда Роберто Виола президент этиб сайланди, аммо ҳарбийлар кейинроқ уни ағдариб ташладилар. Шу даврда (1982 й.) Фолкленд (Мальвин) ороллари Буюк Британияга қарашлилигини тан олмаган Аргентина уларни эгаллашга уриниб кўрди, лекин бу ҳаракат муваффақияциз чиқди. 1983 йилдаги ялпи сайлов натижасида Рауль Альфонс президент этиб сайланди. 1999 йилдан эса Фернандо де ла Руа Аргентина президенти. 1993 йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатлари ўрнатган.

Хўжалиги

Аргентина иқтисодий жиҳатдан Лотин Америкасида энг ривожланган мамлакатлардан бири. Фойдали қазилма конлари кўп, малакали ишчи кучига эга. Қишлоқ хўжалиги, саноатнинг турли тармоқлари ривожланган. Аммо 1980-йиллар охирида бошқарувнинг самарасизлиги оқибатида Аргентина иқтисодиёти барбод бўлиш арафасида эди. 1989 йилда сайланган янги ҳукумат иқтисодиётни ислоҳ қилиш дастурини амалга оширди, натижада Аргентина яна барқарор ривожлана бошлади. 1991 йилда қабул қилинган конвертация тўғрисидаги қонунга биноан кўпчилик давлат корхоналари хусусийлаштирилди, иқтисодиётга чет эл инвестициялари жалб этила бош-лади, бюджетга солиқлардан тушум яхшиланди, ишчиларга компенсация тўлаш тизими яратилди.

Саноати

Аргентина асосан, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлашга ихтисослашган. Етакчи тармоқ – озиқ-овқат (гўшт, ёғ, ун, виночилик, консерва, қанд-шакар) саноати ҳисобланади. Гўшт етиштириш ва экспорт қилиш соҳасида Аргентина дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Тўқимачилик, чарм-поябзал тармоқлари ривожланган. Оғир индустрияда машинасозлик (трактор, қишлоқ хўжулик машиналари, автомобиллар, станоклар, электр техника асбоб-ускуналари ва бошқалар), нефтни қайта ишлаш, қора металлургиянинг салмоғи катта. Семент, целлюлоза-қоғоз корхоналари бор. Нефть, газ, қўрғошин, пйх, темир, уран, бериллий ва вольфрам рудалари қазиб олинади. Ёқилғи-энергетика балансининг салкам 85% ни нефть ва газ ташкил қилади. АЭСлар қурилган. Асосий саноат марказлари: Буэнос-Айрес, Росарио, Кордова, Ла-Плата.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*