«Интерактив веб-сайтлар» дарс ишланмаси

Жиззах ВХТБга қарашли «Умид» Ихтисослашган Давлат Умумтаълим мактаб-интернатининг  информатика фани ўқитувчиси Шукуров Шаҳзоднинг «Интерактив веб-сайтлар» (64-дарс)  номли 1-соатлик очиқ ишланмаси эътиборингизга ҳавола этилмоқда. 


Дарснинг технологик харитаси

Мавзу: «Интерактив веб-сайтлар».

Мақсад ва вазифалар

Дарснинг мақсади: Ўқувчиларга «Интерактив веб-сайтлар» ҳақида маълумот бериш. Мисоллар ёрдамида тушунтириш.

Дарснинг таълимий вазифаси: ўқувчиларни информатика фанига қизиқтириш, мавзу тўғрисида тушунча бериш, билим ва малакасини ошириш,  ўқувчиларга чат, интерактив веб-саҳифалар, интерактив веб-саҳифалами ишлаб чиқишнинг принциплари ҳақидаги билим бериш ва уларни ташкил этиш кўникмасини ҳосил қилиш. 

Дарснинг тарбиявий вазифаси: ўқувчиларни мустақилликка ўргатиш, эркин фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ҳамда изчил мулоқотга ўргатиш.

Дарснинг касбга йўналтирувчи мақсади: ўқувчиларга турли мисоллар ёрдамида дастурчилик, веб-дизайн яратувчиликга оид илк тушунча ва билимларни сингдириш.

Ўқув жараёнини амалга ошириш технологияси

Дарснинг кўргазмали қуроллари: дарслик, доска, бур, тарқатма материаллар, жадваллар, персонал компьютер, проектор.

Услуб: Маъруза ва амалиётнинг уйғунлиги.
Шакл: Савол-жавоб. Жамоа ва кичик гуруҳларда ишлаш.
Восита: электрон ресурслар, дарслик, плакатлар; тарқатма материаллар.
Усул: Тайёр презентация ва слайд материаллари асосида.
Назорат: Оғзаки, савол-жавоб, муҳокама, кузатиш.
Баҳолаш: Рағбатлантириш, 5 баллик рейтинг тизими асосида.
  
дарснинг блок чизмаси

1. Ташкилий қисм: Ўқитувчи дарс жиҳозларини ҳозирлайди, уй вазифаларини сўраш мақсадида фойдаланадиган “Кичик гуруҳларда ишлаш” интерфаол усули учун ўқувчиларни 3 гуруҳга бўлиб олади.

2. Уй вазифасини текшириш: Гуруҳларга саволлар берилади: Ҳар бир гуруҳнинг жавоблари эшитилиб, хулоса чиқарилади. Сўнгра информатика фанига ҳисса қўшган олимлар ҳаёти ҳақида қисқача суҳбат бўлади.  

3. Янги мавзу баёни: Ўқитувчи ўқувчиларга янги мавзуни тушунтириб беради.

Мавзуни ўтиш бўйича тавсия:

Ақлий ҳужум: Ўқувчиларга мулоқот қила оладиган қандай веб-саҳифаларни биласиз? деган савол берилади. Улар электрон почта очиш, формалар билан ишлаш ҳақида эслаб олишади.

Маъруза:  энди ўқувчиларга ташкил этилишига асосан веб-саҳифалар 3 турда бўлиши ва уларнинг фарқи тушунтирилади. Уларга интерактив веб-саҳифалар ташкил этишнинг 7 принципи айтилиб, мисоллар билан изоҳланади.

Мавзу охирида аввалдан тайёрлаб қўйилган тест веб-саҳифасида ишлаш тавсия қилинади.

Ақлий хужум: Мавзу охирида аввалдан тайёрлаб қўйилган тест веб-саҳифасида ишлаш тавсия қилинади.

Уйга вазифа:
1. Дарсликдаги тест дастурига ўзгартириш киритиб тест саволини биттага ошириш.
2. Тест тузиш (10 та ёки ундан ортиқ тест).


Веб-сайтлар гипермурожаатлар (hyperlink) орқали боғланган бир нечта веб-саҳифаларнинг жамланмаси бўлиб, уларни шартли равишда қўйидаги икки турга ажратиш мумкин:

Статик Динамик

Статик веб-сайтлар — ўзаро боглиқ тарзда кодланган матнли, расмли ва бошқа шаклдаги ахборотлардан иборат ўзгармас веб-саҳифаларнинг мажмуидир. Улар фойдаланувчи учун қизиқарли бўлган стандарт ҳолдаги ҳужжатлар ва маьлумотлардан таркиб топади. Агар уларни янгилаш ёки қўшимча маълумотларни қўшиш керак бўлса, у ҳолда дастурий кодни ҳар сафар ўзгартириш керак бўлади. Бу эса кўп вақт ва меҳнат талаб этади ва веб-саҳифалар сонининг ортиши натижасида веб-сайтни бошқариш мураккаблашиб боради. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Интернетга асос солинган илк даврларда барча веб-сайтлар статик турда бўлган.

Ҳозирги вақтда веб-сайтлар динамик шаклда тайёрланади. Динамик веб-сайтлар — фойдаланувчи сўровини бажариш жараёнида ахборотлари бир-бири билан боғланмаган ҳолда ўзгариб турувчи веб-саҳифалардан иборат бўлади. Динамик веб-сайтларда ахборотлар билан ишлаш фойдаланувчи сўровига биноан серверда сақланаётган маьлумотлар омборига мурожаат асосида ташкил этилади.

Статик ва динамик веб-сайтларнинг фарқини қуйидаги мисол орқали кўриш мумкин (my.gov.uz — ягона интерактив давлат хизмати портали). Расмда акс эттирилган веб-саҳифалар битта веб-сайтга тегишли бўлиб, фойдаланувчининг сўровига асосан биринчи веб-саҳифа ўрнига иккинчи веб-саҳифа очилган.

Агар мазкур веб-сайт статик турда ташкил этилганда эди, у ҳолда ундаги ҳар иккала веб-саҳифада акс этадиган бир хил ахборотлар ҳар бир веб-саҳифа учун такроран кодланар эди (такрорланган ахборотлар рақамлар орқали ифодаланган). Бу веб-сайт динамик турда бўлгани учун махсус сценарий асосида веб-саҳифанинг тегишли қисми ўзгариши орқали биринчи веб-саҳифа иккинчисига ўтади. Веб-саҳифанинг ўзгармай қолган қисми учун бир марта ёзилган кодлар ҳар икки саҳифа учун ҳам умумий бўлади. Демак, веб-сайт бир-бирига яқин жуда кўп веб-саҳифалардан иборат бўлса, шубҳасиз уни динамик турда бўлиши катта аҳамиятга эга. Динамик веб-сайтларнинг асосий қулайликларидан бири ахборот ресурсларини администратор ойнаси орқали бошқаришнинг осонлигидир.

Динамик веб-сайтлар интерактив (интерфаол, ингл. interaction — ўзаро таъсир эта олиш) технологияларни қўллашда қулай бўлиб, бундай технологиялар қўлланган веб-сайтлар интерактив веб-сайтлар деб аталади. Ҳозирги кунда веб-сайтларнинг интерактивлик имкониятига алоҳида эьтибор қаратилмоқда.

Лекин, кўп ҳолларда флеш-анимацияли ёки мультимедиали ресурслари мавжуд бўлган веб-сайтлар интерактив веб-сайтлар сифатида нотўғри талқин этилмоқда.

Интерактив веб-сайтларда фақатгина маълумотларни кўриш ёки танишиш имкониятини тақдим этиш билангина чекланиб қолмасдан, яна уларда рўйхатдан ўтиш, хабар юбориш ва қабул қилиш, онлайн (ингл. online — алоқада, тармоқда) сўровлар ўтказиш, буюртма асосида маълумот олиш, турли ҳисоблагичлар ва бошқа элементлар орқали фойдаланувчининг «мулоқот» қилиш имконияти ҳам тақдим этилади. Шу билан бирга кўпгина интерактив веб-сайтлар фойдаланувчи ва сайт маъмурияти орасида онлайн-суҳбатлар ўтказиш, онлайн-чатлар (ингл. chatter — гаплашмоқ) орқали реал вақт ҳолатида тўғридан тўғри боғланиш имконини беради.

Веб-сайтга интерактивлик хусусиятини жорий этиш учун махсус дастурий кодлар — сервер скриптларидан фойдаланилади. Бу скриптлар фойдаланувчидан олинган маълумотлар серверда қайта ишлангач веб-саҳифада акс этишини таъминлаб беради.

Одатда, браузер html файлни ўқийди, агар ушбу html файлда сервер скрипти мавжуд бўлса, аввал улардаги сценарий бўйича амаллар серверда бажарилади, сўнгра олинган натижалар браузерда акс эттирилади. Скриптлар серверда бажарилганлиги ҳамда натижа браузерга юборилганлиги сабабли сервер скриптининг дастлабки дастурий коди браузерда кўринмайди.

Сервер скриптлар қуйидагиларни бажариши мумкин:

  • ихтиёрий ахборотларни тезда қўшиш ва ўзгартириш;
  • фойдаланувчининг сўровига жавоб бериш ёки уларга маълумот юбориш;
  • ихтиёрий маълумот ёки маълумотлар омборига кириш имконияти;
  • фойдаланувчи хоҳишига кўра веб-саҳифани ўзгартириш ва созлаш каби.

Интерактив веб-сайтларда бир қатор тартиб-қоидалар мавжуд бўлиб, улардан асосийларини санаб ўтамиз:

  • веб-сайтдаги веб-саҳифаларнинг деярли барча қисми сервер дастурлари ёрдамида генерация (ҳосил) қилинади ва қайта ишланади;
  • веб-саҳифалар генерацияси учун барча ахборот тегишли маълумотлар омборидан олинади. Маълумотлар омбори махсус сервер компьютерларида турли кўринишда сақланади;
  • кўпинча веб-сайтларда рухсатни чеклаш элементларидан фойдаланилади. Бу чеклашлар турли мижозлар учун турлича бўлиши мумкин. Оддий мижозлар веб-сайтни фақат кўриб чиқиш, бошқалари эса ўзгартиришлар киритиш имкониятига эга бўладилар. Бунда идентификациялаш (лотин. identifico — тенглаштирмоқ, бир хил деб ҳисобламоқ), яъни логин (фойдаланувчи идентификатори номи) ва парол (франц. parole — сўз) элементларидан фойдаланилади (қўйидаги расмларга қаранг);
  • веб-сайтда маълумотларнинг қидирув тизими мавжуд бўлади.

Динамик веб-сайтлар Java Script, PHP, Perl ва шу каби жуда кўп тарқалган ва умумий эътироф этилган дастурлаш тизимлари ёрдамида ишлаб чиқилиб, улар ёрдамида сервер скриптлари ёзилади. Ушбу дастурлаш тиллари ихтиёрий мураккабликдаги сайтларни мукаммал даражада тайёрлаш имконини беради. Аммо, бу вазифани бажаришда чуқур малака талаб этилгани учун дастурчилар томонидан амалга оширилади.

4. Кутиладиган натижалар

Ўқувчилар янги билим ва кўникмаларга эга бўлади. Улар Интерактив веб-сайтлар ҳақида билим ва амалда қўллаш кўникмаларини эгаллайдилар.

5. Келгуси режалар (таҳлил, ўзгаришлар)

Ўқитувчи ўз фаолиятининг таҳлили асосида ёки ҳамкасбларининг дарс таҳлили асосида кейинги дарсларига ўзгаришлар киритади ва режалаштиради.

Ақлий хужум: Ўқувчиларга қизиқарли бўлиши учун улар билан биргаликда саволларга жавоб бериш мақсадга мувофиқ. Бу машқ орқали асосан турли хилдаги масалалар, машқлар бажарилади. Шу билан бирга бошқа мавзулар мисоллари ечилиб ўқувчилар билими мустаҳкамланади.

Юклаб олиш    «Интерактив веб-сайтлар» дарс ишланмасини юклаб олиш [12 кбайт] 


манба: © www.idum.uz
Сайт материалларидан фойдаланилганда манба сифатида кўрсатилиши шарт!

Ўхшаш мавзулар:

One thought on “«Интерактив веб-сайтлар» дарс ишланмаси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Расмдаги белгиларни киритинг

*