Таълим тўғрисида қонун

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

Таълим тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда; 2013 й., 41-сон, 543-модда)

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун фуқароларга таълим, тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашга қаратилган.

2-модда. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида таълим соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари

Таълим Ўзбекистон Республикаси ижтимоий тараққиёти соҳасида устувор деб эълон қилинади. Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

  • таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;
  • таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги;
  • умумий ўрта, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишини: академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги;
  • таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;
  • давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;
  • таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;
  • билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;
  • таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.

4-модда. Билим олиш ҳуқуқи

Жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланади.

Билим олиш ҳуқуқи:

  • давлат ва нодавлат таълим муассасаларини ривожлантириш;
  • ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда таълим олишни ташкил этиш;
  • таълим ва кадрлар тайёрлаш давлат дастурлари асосида бепул ўқитиш, шунингдек таълим муассасаларида шартнома асосида тўлов эвазига касб-ҳунар ўргатиш;
  • барча турдаги таълим муассасаларининг битирувчилари кейинги босқичдаги ўқув юртларига киришда тенг ҳуқуқларга эга бўлиши;
  • оилада ёки ўзи мустақил равишда билим олган фуқароларга аккредитациядан ўтган таълим муассасаларида экстернат тартибида аттестациядан ўтиш ҳуқуқини бериш орқали таъминланади.

Бошқа давлатларнинг фуқаролари Ўзбекистон Республикасида халқаро шартномаларга мувофиқ билим олиш ҳуқуқига эга.

Республикада истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга.

5-модда. Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи

Тегишли маълумоти, касб тайёргарлиги бор ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Педагог ходимларни олий ўқув юртларига ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомга мувофиқ танлов асосида амалга оширилади. Педагогик фаолият билан шуғулланиш суд ҳукмига асосан ман этилган шахсларнинг таълим муассасаларида бу фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

6-модда. Таълим муассасасининг ҳуқуқий мақоми

Таълим муассасасини аккредитациялаш ваколатли давлат органи томонидан аттестацияга асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 июндаги 293-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисидаги Низомга мувофиқ, таълим муассасаларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, таълим муассасалари рейтингини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Таълим муассасаси юридик шахс бўлиб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда барпо этилади. Нодавлат таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда давлат аккредитациясидан ўтган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқлари ва таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Таълим муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган устав асосида фаолият кўрсатади.

Таълим муассасаси аттестация натижаларига биноан давлат аккредитациясидан маҳрум этилиши мумкин. Таълим муассасалари ўқув-тарбия мажмуиларига ҳамда ўқув-илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари ва уюшмаларига бирлашишга ҳақли.

Таълим муассасалари уставда белгиланган вазифаларига мувофиқ пулли таълим хизматлари кўрсатиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятининг бошқа турлари билан шуғулланишга ҳақли.

7-модда. Давлат таълим стандартлари

Давлат таълим стандартлари умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим мазмунига ҳамда сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди.
Давлат таълим стандартларини бажариш Ўзбекистон Республикасининг барча таълим муассасалари учун мажбурийдир.

8-модда. Таълим бериш тили

Таълим муассасаларида таълим бериш тилидан фойдаланиш тартиби Давлат тили ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.

II. Таълим тизими ва турлари

9-модда. Таълим тизими

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • давлат стандартларига мувофиқ таълим дастурларини амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари;
  • таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий-педагогик муассасалар;
  • таълим соҳасидаги давлат бошқарув органлари, шунингдек уларга қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар.

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими ягона ва узлуксиздир.

10-модда. Таълим турлари

Ўзбекистон Республикасида таълим қуйидаги турларда амалга оширилади:

  • мактабгача таълим;
  • умумий ўрта таълим;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими;
  • олий таълим;
  • олий ўқув юртидан кейинги таълим;
  • кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
  • мактабдан ташқари таълим.

11-модда. Мактабгача таълим

Мактабгача таълим бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш мақсадини кўзлайди. Бу таълим олти-етти ёшгача оилада, болалар боғчасида ва мулк шаклидан қатъи назар, бошқа таълим муассасаларида олиб борилади.

12-модда. Умумий ўрта таълим

Умумий ўрта таълим босқичлари қуйидагича:

  • бошланғич таълим (I—IV синфлар);
  • умумий ўрта таълим (I—IX синфлар).

Бошланғич таълим умумий ўрта таълим олиш учун зарур бўлган саводхонлик, билим ва кўникма асосларини шакллантиришга қаратилгандир. Мактабнинг биринчи синфига болалар олти-етти ёшидан қабул қилинади.

Умумий ўрта таълим билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки тарзда касбга йўналтиришга ва таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради. Болаларнинг қобилияти, истеъдодини ривожлантириш учун ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши мумкин.

13-модда. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим олиш мақсадида ҳар ким умумий ўрта таълим асосида академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишнинг йўналишини ихтиёрий равишда танлаш ҳуқуқига эга.

Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари эгалланган касб-ҳунар бўйича ишлаш ҳуқуқини берадиган ҳамда бундай иш ёки таълимни навбатдаги босқичда давом эттириш учун асос бўладиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими беради.

Академик лицей ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятларини жадал ўстиришни, уларнинг чуқур, табақалаштирилган ва касб-ҳунарга йўналтирилган билим олишларини таъминлайдиган уч йиллик ўрта махсус ўқув юртидир.

Касб-ҳунар коллежи ўқувчиларнинг касб-ҳунарга мойиллиги, маҳорат ва малакасини чуқур ривожлантиришни, танланган касблар бўйича бир ёки бир неча ихтисос олишни таъминлайдиган уч йиллик ўрта касб-ҳунар ўқув юртидир.

14-модда. Олий таълим

Олий таълим юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлайди.
Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш олий ўқув юртларида (университетлар, академиялар, институтлар ва олий мактабнинг бошқа таълим муассасаларида) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими асосида амалга оширилади.

Олий таълим икки босқичга: давлат томонидан тасдиқланган намунадаги олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар билан далилланувчи бакалавриат ва магистратурага эга.

Бакалавриат олий таълим йўналишларидан бири бўйича пухта билим берадиган, ўқиш муддати камида тўрт йил бўлган таянч олий таълимдир.

Магистратура аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида камида икки йил давом этадиган олий таълимдир.

Фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни шартнома асосида олишга ҳақлидирлар.

15-модда. Олий ўқув юртидан кейинги таълим

Олий ўқув юртидан кейинги таълим жамиятнинг илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилгандир. Олий ўқув юртидан кейинги таълим олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасаларида (катта илмий ходим-изланувчилар институти, мустақил изланувчилик) олиниши мумкин. (15-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

Илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, илмий даража ва илмий унвонлар бериш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади. (15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)

16-модда. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш касб билимлари ва кўникмаларини чуқурлаштириш ҳамда янгилашни таъминлайди. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

17-модда. Мактабдан ташқари таълим

Болалар ва ўсмирларнинг якка тартибдаги эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш учун давлат органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишларда мактабдан ташқари таълим муассасаларини ташкил этишлари мумкин.

Мактабдан ташқари таълим муассасаларига болалар, ўсмирлар ижодиёти саройлари, уйлари, клублари ва марказлари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, санъат мактаблари, мусиқа мактаблари, студиялар, кутубхоналар, соғломлаштириш муассасалари ва бошқа муассасалар киради.

Мактабдан ташқари таълим муассасаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади. 

18-модда. Оиладаги таълим ва мустақил равишда таълим олиш

Давлат оилада таълим олишга ва мустақил равишда таълим олишга кўмаклашади. Болаларни оилада ўқитиш ва мустақил равишда таълим олиш тегишли таълим муассасаларининг дастурлари бўйича амалга оширилади. Таълим олувчиларга ваколатли давлат муассасалари томонидан услубий, маслаҳат ва бошқа йўсинда ёрдам кўрсатилади.

19-модда. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар

Аккредитация қилинган таълим муассасаларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, диплом, сертификат, гувоҳнома) берилади. Давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат оилада таълим олган ёки мустақил равишда билим олган ва аккредитация қилинган таълим муассасаларининг тегишли таълим дастурлари бўйича экстерн тартибида имтиҳонлар топширган шахсларга ҳам берилади, давлат таълим муассасаларида ўқитилиши шарт бўлган ва рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйиладиган мутахассисликлар бундан мустасно.

Олий маълумот тўғрисидаги дипломга ўзлаштирилган фанлар рўйхати, уларнинг ҳажмлари ва фанларга қўйилган баҳолар ёзилган варақа илова қилинади. Диссертация ҳимоя қилган шахсларга белгиланган тартибда фан доктори илмий даражаси берилади ва давлат томонидан тасдиқланган намунадаги диплом топширилади.

Давлат таълим стандартларига мос келган тақдирда Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатларнинг ҳукуматлари ўртасидаги икки томонлама битимлар асосида ҳар икки томоннинг маълумот тўғрисидаги ҳужжатлари белгиланган тартибда ўзаро тан олиниши мумкин. Тегишли босқичдаги таълимни тугалламаган шахсларга белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.

Давлат тасдиқлаган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат навбатдаги босқич таълим муассасаларида таълим олишни давом эттириш ёки тегишли ихтисослик бўйича ишлаш ҳуқуқини беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган «Расмий давлат ҳужжатларини тайёрлашга буюртма бериш, уларни тайёрлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва топшириш тартиби тўғрисида»ги Низом иловасининг («Расмий давлат ҳужжатлари») IV-бўлимига мувофиқ, 1) тўлиқсиз ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатнома; 2) ўрта маълумот тўғрисида аттестат; 3) ўрта махсус ва касб-ҳунар маълумоти тўғрисида диплом; 4) олий маълумот тўғрисида диплом; 5) фан номзоди ёки доктори дипломи маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар ҳисобланади.

III. Таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш

20-модда. Таълим олувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш

Таълим муассасасида таълим олувчилар қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга мувофиқ имтиёзлар, стипендия ва ётоқхонада жой билан таъминланади.

21-модда. Таълим муассасалари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш

Таълим муассасалари ходимларига иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади, ҳақи тўланадиган йиллик узайтирилган таътиллар ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар берилади.

Таълим муассасалари иш ҳақига мўлжалланган мавжуд маблағлар доирасида мустақил равишда ставкалар, мансаб окладларига табақалаштирилган устама белгилашга ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни рағбатлантиришнинг турли шаклларини қўллашга ҳақли.

22-модда. Етим болаларни ва ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг васийлигисиз қолган болаларни ўқитиш

Етим болаларни ва ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг васийлигисиз қолган болаларни ўқитиш ва уларни боқиш давлатнинг тўла таъминоти асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. 

23-модда. Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар ва ўсмирларни ўқитиш

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар ва ўсмирларни ўқитиш, уларни тарбиялаш ҳамда даволаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилади. Болалар ва ўсмирларни ушбу таълим муассасаларига юбориш ва улардан чиқариш ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига биноан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқувчилари қисман ёки тўла давлат таъминотида бўлади.

24-модда. Ижтимоий ёрдамга ва тикланишга муҳтож бўлган шахслар учун ўқув-тарбия муассасалари

Алоҳида шароитларда тарбияланиш ва ўқишга муҳтож болалар ва ўспиринлар учун уларнинг билим олиши, касб тайёргарлиги ва ижтимоий тикланишини таъминлайдиган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ташкил этилади.

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ муассасаларида сақланаётган шахсларнинг таълим олиши ва мустақил билим олиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шароитлар яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексининг 100-моддасида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташга маҳкум қилинган шахсларнинг умумий таълим олиши бўйича асосий талаблар белгиланган.

IV. Талим тизимини бошқариш

25-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таълим соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таълим соҳасидаги ваколатларига қуйидагилар киради:

  • таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларига раҳбарлик қилиш;
  • таълимни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилаш;
  • таълим муассасаларини аккредитациядан, педагог, илмий кадрларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилаш;
  • бошқа давлатларнинг таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар бериш;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва ҳужжатларнинг эквивалент эканлигини қайд этиш тартибини белгилаш;
  • давлат таълим стандартларини тасдиқлаш;
  • давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни тасдиқлаш ва уларни бериш тартибини белгилаш;
  • давлат грантлари миқдори ва таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини белгилаш;
  • давлат олий таълим муассасасининг ректорларини тайинлаш;
    таълим олувчиларни аккредитация қилинган бир таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартибини белгилаш;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.

26-модда. Таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органларининг ҳуқуқ доираси

Таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органларининг ҳуқуқ доирасига қуйидагилар киради:

  • таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқариш;
  • таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услуб масалаларида уларга раҳбарлик қилиш;
  • давлат таълим стандартлари, мутахассисларнинг билим савияси ва касб тайёргарлигига бўлган талаблар бажарилишини таъминлаш;
  • ўқитишнинг илғор шакллари ва янги педагогик технологияларни, таълимнинг техник ва ахборот воситаларини ўқув жараёнига жорий этиш;
  • ўқув ва ўқув-услубият адабиётларини нашр этишни ташкил қилиш;
  • таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси ва давлат таълим муассасаларида экстернат тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
  • давлат олий таълим муассасасининг ректорини тайинлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
  • педагог ходимларни тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.

27-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

  • таълим муассасалари фаолиятининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқлигини таъминлайдилар;
  • таълим муассасаларини ташкил этадилар, қайта ташкил этадилар ва тугатадилар (республика тасарруфида бўлган муассасалар бундан мустасно), уларнинг уставларини рўйхатга оладилар;
  • ўз ҳудудларидаги таълим муассасаларини ваколат доирасида молиялаш миқдорларини ва имтиёзларни белгилайдилар;
  • таълим сифати ва даражасига, шунингдек педагог ходимларнинг касб фаолиятига бўлган давлат талабларига риоя этилишини таъминлайдилар;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширадилар.

28-модда. Таълим муассасасини бошқариш

Таълим муассасасини унинг раҳбари бошқаради.
Таълим муассасаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият кўрсатадиган жамоат бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин.

29-модда. Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари билан нодавлат таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро муносабатлар

Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари нодавлат таълим муассасаларида таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилади. Нодавлат таълим муассасалари таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, аккредитация қилган органлар уларнинг фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиб қўйишга ҳақли. Нодавлат таълим муассасаларига қабул давлат ўқув юртлари учун белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.

V. Якунловчи хулосалар

30-модда. Ота-оналар ёки қонуний вакилларнинг вазифалари

Вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар.

31-модда. Таълимни молиялаш

Давлат таълим муассасаларини молиялаш республика ва маҳаллий бюджетлар маблағлари, шунингдек бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

32-модда. Таълимни ривожлантириш фондлари

Таълимни ривожлантириш фондлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларнинг шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан ташкил этилиши мумкин.

33-модда. Халқаро ҳамкорлик

Таълим муассасалари таълим муаммолари юзасидан халқаро ҳамкорликда иштирок этадилар, чет давлатларнинг тегишли ўқув юртлари билан бевосита алоқалар ўрнатиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар билан қўшма ўқув юртлари ташкил этиш ҳуқуқига эга.

34-модда. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,
1997 йил 29 август,
464-I-сон

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*