Ўқитувчининг ўз устида ишлаш дафтари - Ta’lim / Образование

Ўқитувчининг ўз устида ишлаш дафтари

Ўқитувчи (педагог) – педагогик, психологик ва мутахасислик йўналишлари бўйича махсус маълумот, касбий тайёргарлик, юксак ахлоқий фазилатларга эга ҳамда таълим муассасаларида фаолият кўрсатувчи шахс ҳисобланади. Ўқитувчи шундай экан, ўз устида мустақил ва тинимсиз ишлаши, билимини янада ошириб бориши лозим. Шу билан бир қаторда ўқитувчи ўз-ўзини тарбиялаб бориши шарт. 

Ўқитувчи ўз-ўзини тарбиялаши учун, аввало ўзини атрофлича чуқур ўрганиши, ўз ишидаги ютуқ ва камчиликларни кўра олиши керак. Ўз-ўзини ўрганиш ва бошқа кишиларни англаш учун ҳам зарурдир. Бошқа ютуқларни ўрганмай, ўзини бошқалар билан қиёс қилмай туриб, ўзини шахс сифатида ўрганиш мумкин эмас. Ўзини англаш, ўзини баҳолаш хусусияти бошқа кишилар билан муносабат жараёнида, биргаликдаги фаолият вақтида таркиб топади.

Энг аввало ўқитувчи ўзида педагогик қобилиятнинг қандай хислатлари борлигини ўрганиши керак. Педагогик фаолияга муҳаббат қўйган ўқитувчи ишга чин кўнгилдан берилиб ишлайди, ҳеч қандай формализмга йўл қўймайди. Ўз касбини севган ўқитувчи доимий равишда ғоявий-сиёсий савиясини ошириш ва билим доирасини кенгайтиради, ўз предметини чуқур билиш устида қунт билан ишлайди.

Ўз-ўзини тарбиялаш ўз фаолиятини таҳлил қилишдан ва ўз шахсини такомиллаштиришдан бошланади. Ўқитувчи ўз устида ишлаш, ўз-ўзини тарбиялашда қуйидаги услублардан фойдаланади.

1. Ўз-ўзини билиш:

а) ўзини кузатиш
б) ўз ҳаракатларини тахлил этиш
в) ўз-ўзини синаш
г) ўртоқларининг фикрини тушуна олиш.

2. Ўзига баҳо бериш:

а) ўз-ўзини танқид қилиш;
б) ўзига характеристика бериш;
в) ўз-ўзини тақдирлаш.

Ўз-ўзини тарбиялаш ташаббускорлик ва мустақилликка ундайди. Ўз шахсий фазилатларини таҳлил қилишга, хатти-ҳаракатларини муҳокама қилишга ўргатади. Ўз-ўзини назорат қилиш учун ўзининг юриш-туриши, интизоми, ижобий одатларининг ортиб бориши ва аксинча, салбий одатларининг камайиб боришини кузатиб боради. Ўз-ўзини баҳолаш ўқитувчига ўз имкониятларини баҳолашга, ўзидан қониқиш ҳосил қилишга ёрдам беради.

Ўқитувчи ўз-ўзини тарбиялаш билан бирга ўз устида тинмай ишлаб, ўзининг ғоявий-сиёсий онгини доимий равишда ўстириб ва педагогик маҳоратини такомиллаштириб боради. Ўқитувчи ўзнинг бутун куч-қувватини, имконияти, ўзида бор ҳамма қимматбаҳо нарсаларни ўз ўқувчиларига, халққа беради. Шу билан бирга ўз билими, тажрибаси, имкониятлари ва савиясини тўлдириб бориши ҳам керак. Ўқитувчи, бир томондан, ўзида борини беради, иккинчи томондан, ўзига халқдан, ҳаётдан, фандан ҳамма яхши нарсаларни олиб ҳазм қилади ва ўзлаштирган ҳамма яхши нарсаларни яна янгидан болаларга беради.

Илғор ўқитувчи ҳамма вақт педагогика соҳасидаги янгиликларни билишга интилади, бошқа ўқитувчиларнинг тажрибаларидан фойдаланишга ҳамда ўз шахсий тажрибаларидан фойдаланишга умумлаштиришга ҳаракат қилади.

Ҳар бир ўқитувчи педагогик маҳоратга эга бўлиш учун биринчи навбатда ўз-ўзини тарбиялаши керак. Агар шахс изланса, ўз қобилиятлари устида ишласа, ўзидаги яхши фазилатларни камол топтирса, унинг обрўси, мавқеи ҳам шу даружада юксалади, доимо эл назарида бўлади. Ўқитувчи ўзида кузатувчанликни, одилона талабчанликни, самимиятни, ғамхўрликни тарбиялаши лозим. Ўқитувчининг мустақил билим эгаллаши ва малакасиии ошириши зарурий шартлардандир. Шарқ мутафаккирлари ўқитувчи ўзи ўқиб ўрганса ўқитувчи бўла олади, агар у ўқишни тўхтатиб қўяр экан, унда ўқитувчилик ҳам ўлади, деб ҳаққоний айтганлар.

 

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

🔥8.7 K марта кўрилди

3 thoughts on “Ўқитувчининг ўз устида ишлаш дафтари

Leave a Reply