Мустақиллик йилларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Дунёнинг барча ривожланаётган давлатлари (ҳатто бир қатор ривожланган давлатлар ҳам) XXI асрда ўз олдига ҳамма болаларни умумий ўрта таълим жараёнига тўлиқ қамраб олиш масаласини қўйган бир вақтда, мустақил Ўзбекистонимизда ушбу муаммо аллақачон муваффақиятли ҳал этилган бўлиб, навбатдаги устувор вазифа сифатида сифатли таълим-тарбия бериш, таълимнинг самарадорлигини ошириш масаласи қўйилди. Зеро мамлакатимизда болаларнинг умумий ўрта таълим билан қамраб олиш даражаси жаҳонда юқори кўрсатгични 99,7% ни ташкил этади. Мамлакатимизда бутун дунёда ноёб деб тан олинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилмоқда, 2009 йилдан бошлаб 12 йиллик (9+3) мажбурий бепул таълим жорий этилди.
Бугунги кунда илм-фан, техника ва ишлаб чиқариш соҳаларининг тез суръатларда жадаллик билан ривожланиши барча таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда. Бу ўз ўрнида ҳар бир тизим ходими, айниқса, ўқитувчилар зиммасига янада юксак масъулият ва вазифаларни юклайди. Негаки, рад қилиб бўлмайдиган бир ҳақиқат бор — қилинган барча саъй-ҳаракатлар охир-оқибат ўқитувчи меҳнати орқали ўз натижасини ўқувчиларнинг яхши билими ва хуш ахлоқида намоён этади. Шундай экан, педагоглардан виждонан меҳнат қилиш, ёруғ келажагимиз олдидаги масъулиятлилик, кўрсатилаётган юксак эътиборга муносиб жавоб бериш талаб этилади.
Демак таълим-тарбиянинг сифати, самарадорлиги биринчи навбатда сифатли таълимга боғлиқ. Сифатли таълим эса халқона тилда айтганда яхши муаллимга, ўқитувчи ва тарбиячига боғлиқ.
Инсон пайдо бўлибдики, таълим-тарбия пайдо бўлган. Таълим-тарбия пайдо бўлибдики устоз-мураббийларга хос бўлган сифатлар ҳамда талаблар ортиб борган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “яхши” деган сўзнинг ортида доимо ижобийлик, самарали натижага эришганлик тушунчаси туради. Яъни, яхши муаллимларнинг яхшилиги уларнинг юқори натижаларга эришган ўқувчилари ҳамда жамиятда ўз ўрнини топган шогирдларининг кўплиги билан изоҳланган.
Педагогика соҳасида илмий тадқиқотларда “Ўқитувчиларнинг маҳорати”, “Замонавий ўқитувчининг қиёфаси”, “Ўқитувчиларнинг касбий компетентлилиги” мавзуларда бир қатор илмий изланишлар, тадқиқотлар амалга оширилган. Уларнинг барчаси илмий тилда ёзилган бўлиб, асосан “Замонавий ўқитувчи қандай бўлиши керак ?” деган саволга жавоб изланган.
Шу йўналишда халқ таълими тизимида ҳам сифатли таълимни жорий этиш мақсадида барча ўқитувчилар тушунадиган содда ва аниқ тилда “Дарс муқаддас”, “Ўрган-ўргат”, “Соғлом муҳит – соғлом жамоа”, “Узлуксиз ва узвий” каби бир қатор инновациялар амалиётга жорий этилди.
Мазкур инновацияларнинг мантиқий давоми сифатида “Яхши муаллим – сифатли таълим” номли ташкилий- методик тадбирлар комплекси тавсия этилмоқда. Навбатдаги инновация олдингиларидан ўзининг энг муҳим бир хусусияти, аввалги тавсияларни ўзида мужассамлаштирганлиги ва уларни ривожлантирганлиги ҳамда тизимда ўз-ўзини баҳолаш методини жорий этилиши билан фарқ қилади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда яхши муаллим қуйидаги хусусиятларга эга бўлиши лозим деб ҳисоблаймиз:
- Ўз фани бўйича яхши касбий тайёргарликка эга бўлиши (доимий равишда фанидаги методик янгиликлардан хабардор бўлиши);
- Дарс жараёнида педагогик ва ахборот – коммуникация технологияларидан ўз ўрнида самарали фойдалана олиши;
- Дарсга қўйилган мақсадларга эришиши, дарс жараёнида ҳар бир ўқувчининг ақлий ва маънавий ривожланишига шарт-шароит, имконият яратиши;
- ҳар бир ўқитувчининг қўлида қоғоз ва электрон шаклда (флешка, компьютерда ва бошқалар) фани бўйича Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари, тақвим-мавзу режа, дарс ишланмаси (конспекти) мавжуд бўлиши ҳамда ўқитувчи булар ҳақида пухта билимга эга бўлиши лозим;
- фан хоналари вазирлик тавсиялари асосида интерфаол усулда дарсларни юксак савияда ўтилишига доим тайёр ҳолатда бўлиши;
- ҳар бир дарсга масъулият билан ёндашиб, пухта тайёргарлик кўрган ҳолда кириши;
- ўқитувчи дарсини кузатишга келган компетентли комиссия аъзолари олдида ўзини йўқотиб қўйиб, хижолатли вазиятга тушиб қолмаслик учун тегишли чораларни кўриши;
- фан тўгарагини самарали фаолият юритишига шароит яратиши ва фаолиятини самарали йўлга қўйиши;
- ота-оналарни фарзандларининг таълим-тарбия жараёнига кўпроқ ва кенгроқ жалб этиш, уларнинг ҳоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда тўгараклар ташкил этиш;
- Инсон ва устоз сифатида ўз ўқувчилари ва ҳамкасбларига шахсий намуна бўлиши ва бошқ. (жамиятда ва жамоада обрў-эътиборга эга бўлиши );
- Ўқитувчилар «Дарс муқаддас» тавсияларида таъкидланганидек «Ўқитувчининг дарсга пухта тайёргарлиги таълим муваффақияти ва самараси гарови» эканлигини онгида, тафаккурида доимо фаоллаштириб туриши ҳамда амалиётини шунга мослаштириб бориши лозим.