Ўқитувчилар ҳақида шеърлар - Ta’lim / Образование

Ўқитувчилар ҳақида шеърлар

Ўқитувчилик азал – азалдан эътиборли касб ҳисобланади. Дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида ўқитувчи – мураббийларга нисбатан бу қадар эътибор каратилмаган, эъзозланмаган. Мамлакатимизда 1997 йилдан бошлаб 1-октябрь «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда.

O‘qituvchilar haqida she’rlar

Устоз — отангдай улуғ

Устоз — отангдай улуғ, устоз қадами қутлуғ,
Устознинг ҳар каломи илму ҳикматга тўлуғ,
Устознинг дили равшан, устоз макони ёруғ,
Униб чиқар, албатта, устоз ташлаган уруғ,
Устоз қадами қутлуғ, устоз — отангдай улуғ.

Темур бош қўйди мангу устозининг пойига,
Устоз ўхшар оламнинг Қуёшига, Ойига,
Билим нури ёғилар қадам қўйган жойига,
Йўллар адолат, вафо, муҳаббат саройига,
Устоз қадами қутлуғ, устоз — отангдай улуғ.

Ота-она фарзандни келтиради дунёга,
Устоз эса чўмдирар илму ҳикмат, зиёга,
Ердаги болаларни кўтаради самога,
Ота-она фаносин айлантирар бақога,
Устоз қадами қутлуғ, устоз — отангдай улуғ.

Дейдилар, устоз жабри — ота меҳридан афзал,
Шогирдларнинг иқболи — устоз жабрига бадал,
Навоий демиш, касбни эгаллагил мукаммал,
Саодатнинг калити, билгилки, илму амал,
Устоз қадами қутлуғ, устоз — отангдай улуғ.

Устоз кўрмаганларнинг йўрғалашдир одати,
Эзгу бўлсин ҳар кимнинг сўзи, саъйи, нияти,
Кам е, кам де, кам ухла — устозлар насиҳати,
Нечоғ буюкдур устоз каломининг қудрати.
Устоз қадами қутлуғ, устоз — отангдай улуғ.

Нажот гулин ўстирар Авлоний гулбоғида,
Ҳақ олинур, берилмас — Беҳбудий сабоғида,
Оқилхоннинг сиймоси «Алифбо» вароғида,
Устозлар ийдин ёзай қасидам адоғида,
Устоз қадами қутлуғ, устоз — отангдай улуғ.

Мирза ҚАЙНАРОВ,
фахрий ўқитувчи.
Сардоба тумани


АЗИЗ МУАЛЛИМ

Улуғ илм илдизи сизда мужассам,
Турли хил соҳадан берасиз таълим.
Уни тинглаганда кичик жуссам ҳам,
Етук инсон каби ўсгай, муаллим.

Қалбингизда доим илм порлайди,
Гўё у нур каби бизни чорлайди.
Сиз менинг тундаги ёруғ юлдузим,
Нурли кундузимсиз, азиз муаллим.

Шаҳодат БОЙҚОБИЛОВА,
Китоб туманидаги 4-мактабнинг
9-синф ўқувчиси


Дуогўйим бўлинг азиз устозим!

Дуогўйим бўлинг азиз устозим!
Сизни сезмай қолсам ғўр ёшлик сабаб,
Зўр бериб шўнғисам дунёга қараб,
Келолмасам сизни бир бора йўқлаб
Дуогўйим бўлинг азиз устозим!

Бошлаган ишимда омадлар кулса,
Босган қадамимда райҳонлар унса,
Ҳосидлар ҳасаддан дод солиб қолса
Дуогўйим бўлинг азиз устозим!

Сезсангиз ёрдамим етса ҳар кимга,
Нафим тегса Ватанга, она халқимга.
Роббимдан ёлвориб шунда ҳаққимга
Дуогўйим бўлинг азиз устозим!

Акс олиб аҳволим ҳароб бўлганда,
Мол-давлат деганим сароб бўлганда,
Дўстларим кўрмай, деб хуноб бўлганда
Дуогўйим бўлинг азиз устозим!

Ҳеч ким тингламаса ҳасратли сўзим,
Бир бор табассумга зор қолса кўзим,
Ўзим билан бўлиб қолганда ўзим
Дуогўйим бўлинг азиз устозим!

Бир кун сизни қўмсаб оғриса қалбим,
Кун сайин зўрайса аламли дардим,
Даво истаб сизга келганим пайтим
Дуогўйим бўлинг азиз устозим!

Роббим ҳаром қилсин айрилмоқ сиздан,
Сабот-ла турайин сиз босган издан,
Рози бўлинг шогирд – ҳар ўғил, қиздан
Дуогўйим бўлинг азиз устозим!

Роббим нур ёғдирсин чиройингизга,
Султон қилсин мангу саройингизга,
Мол-дунё алмашмам дуоингизга
Дуогўйим бўлинг азиз устозим!


Устоз

Ҳеч нарса бўлолмас устозга дўстлар
Шогирд камолини кўрмоқдан устун.
Бирор бир шогирдга гар тегса кўзлар,
Устоздек бўлмайди ҳеч кимса дилхун.

Дунёга олимлар тарқатар устоз
Ҳақига мол-давлат қилмас ҳеч талаб.
Мерос қолар билим, қалам ва қоғоз
Уларнинг барчаси устозлар сабаб.

Айтишдан тўхтамай ҳикматли сўзин
Тўғри йўлга бизни бошлайди устоз.
Андуҳга чидаган сабрли кўзин
Фақат шогирд учун ёшлайди устоз.

Кема деб жисмимни унга солганим,
Кундан кун умримни элтар заволга
Дарсда ҳеч толмаган, ҳавас қилганим,
Қаддингиз алифдан кўчибди долга.

Устозим сочлари оқарган эмас,
Қора ранг оқини қилгандир икром.
Ё шогирдга умрин тиккани учун
Роббимдан уларга нур эрур инъом.

Дарсда менга қараб порлаган ўшал,
Қайга кетди, устоз, кўзингиз нури.
Ажинли юзларга термулсам бу гал,
Қайта жонланмасми қалбим сурури.

Биламан нурингиз самога чиқиб,
Шогирдлар йўлига бўлган шамчироқ.
Юзингиз уларнинг ғамини ортган
Севсин деб халқ уни яна яхшироқ.

Устоз олдимизда туринг доимо,
Ҳаёт йўлимизда зўр сарбон бўлиб.
Биз эса жамланиб, бўлмай камнамо,
Турайлик сизларга бир карвон бўлиб.


Оддий муаллим

Қадри билинади, энди менга гоҳ,
Оддий мактабимнинг ўша беҳашам,
Навоий-ку, бизга устоздир бироқ,
Кимдир ўқитган-ку, Алишерни ҳам…
Шундай буюк зотга ҳарф ўргатган ким?
Оддий муаллимда, оддий муаллим!

Аяган ҳаётнинг санчиқларидан,
Йиқилса, кўтарган тўсиқларидан,
Отадек эзилган, ғуссага ботса,
Боладек қувонган ютуқларидан.
Кечалар шогирдин ўйлаб ётган ким?
Оддий муаллимда, оддий муаллим!

Йўқдан Берунийни бинолар қилган,
Ҳусайнни ибн Синолар қилган,
Машрабни машҳури дунёлар қилган,
Абдуллонинг тилин бурролар қилган,
Не-не жаҳонгирга йўл кўрсатган ким?
Оддий муаллимда, оддий муаллим!

Улфат кўп-у, аммо бир дўсти ҳамроҳ,
Ҳалим тополмадим, ундан ҳалимроқ.
Қанча устоз кўрдим, қанча олийгоҳ,
Олим тополмадим, ундан олимроқ!!
Бола юрагимда бебаҳо тилсим,
Оддий муаллимда, оддий муаллим!

…Юзга кираман мен, худо ҳоҳласа,
Эҳтимол юздан ҳам ўтарман бир кун…
Қайноқ қучоғида ҳурлар чорласа,
Ҳеч кимдан қарз бўлмай кетарман бир кун.
Қолса ҳам бир зотдан қолади қарзим,
Оддий муаллим у, оддий муаллим!

Қадри билинади менга энди гоҳ,
Олис мактабимнинг ўша беҳашам…
Навоий-ку бизга устоздир, бироқ
Кимгадир ўқитган-ку Навоийни ҳам.
Шундай буюк зодга харф ўргатган ким?…
Одддий муаллим-да, оддий муаллим.

Тупроқдек хокисор, безота жонлар,
Аммо қанотида тоғдек улуғвор,
Аммо Темурдайин Соҳибқиронлар
Пирим деб, этгаин ўпган бор.
Буюк Жахонгирга йўл кўрсатган ким?
Одддий муаллим-да, оддий муаллим.

Йўқдан Берунийлар бинолар қилган,
Машрафни машҳури дунёлар қилган,
Ҳусайнни – Ибн Синолар қилган,
Илоҳ сўз ўргатган ким?
Одддий муаллим-да, оддий муаллим.

Лекин бу ҳаёт ниш-санчиқлардан,
Қоқилса кўтарган қўлтиқларидан,
Отадек эзилган ғусага бўлса,
Боладек қувонган ютуқларидан,
Уйқуда шогирдин ўйлаб ётган ким?
Одддий муаллим-да, оддий муаллим.

Улфат кўп-у аммо бир дўсти ҳамроҳ —
Ҳалим тополмадим ундан ҳалимроқ.
Қанча устоз кўрдим, қанча олийгоҳ,
Олим тополмадим ундан олимроқ.
Бола юрагимда бебаҳо тилсим —
Оддий муаллим-да, оддий муаллим.

Юзга кираман мен Худо хоҳласа —
Юз йилдан кейин бир мўмин ўртоғим
Кўзим ёпиб қўйса, оғзим боғласа,
Сўнгги сафар сари отланган чоғим,
Фақат бир кимсадан бўлади қарзим,
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!


Муаллимим

Кўз ўнгимда очди дуне муаллимим.
Йўлларимга сочди зиё муаллимим.
Гўдак эдим она каби парваришлаб,
Улғайтирди мени доно муаллимим.
Шогирдманки тахт тураман хизматига,
Қилса агар битта имо муаллимим.


«2» қўйманг, ўқитувчим

Қийин экан саволингиз,
Йўқми бошқа мисолингиз?
Ўқитувчим, кўп қийнаманг,
Баланд бўлсин иқболингиз.
«Етарлидир «икким», «учим»,
«2» қўйманг, ўқитувчим.
Осонидан озроқ сўранг,
Жон домлажон, «2» қўйманг,
«2» қўйманг, «2» қўйманг.
Вазифалар анча оғир,
Китоб олсам бошим оғрир.
Қандоқ қилай, ўқитувчим, у аҳволда қолмай охир.
Юрагимни босмасин ғам,
Нима дейди ота-онам.
Сирларимни айламанг фош,
Майли эди «4» бўлса ҳам…
Имтиҳондан ўтиб олай,
кейин ўзим ўқиб олай.
Илож қилинг, ўқитувчим,
каникулга чиқиб олай.


Устозларга

Қўлларимда жаранглар созим,
Бугун чиндан янгроқ овозим,
Устоз панди — баҳорим, ёзим
Сизга таъзим, сизларга таъзим.

Ўгитингиз — келажак дарси,
Ташвишингиз — юрагим дарзи.
Сизни севмоқ ҳаётим қарзи,
Сизга таъзим, сизларга таъзим.


Устозим

Ўргатиб бизга билим,
Дилни хушнуд этасиз.
Дедим, сизни муаллим,
Бизга бердингиз таълим.

Сиз мен учун қадрлисиз,
Кўкларда ой қуёшим.
Сизни хурмат қилгайман,
Омон бўлса, бу бошим.

Сиз тунлари ойимсиз,
Кундузда қуёшимсиз.
Сиз кўнглимнинг дил тожи,
Сизсиз азиз устозим!

Ҳар бир ширин сўзингиз,
Дилга ором бахш этар.
Ҳар бир кун завқли бўлса,
Муаллимни ёд этар.

Мағрур бошим эгилсин,
Майли устоз сиз учун.
Пойингизга гул тўшай,
Муаллимим ёд этай.


Устоз

Билим — катта дарё, устоз, сиз — мироб,
Миллат равнақида мураббий — офтоб.
Замонлар ўзгарар, асрлар ўтар,
Қуёшдек ўзгармас Алифбо китоб.

Кундалигим варағида баҳолар,
Гоҳо аъло, гоҳо икки жазолар.
Йўл топдик. Ранж чекканингиз ганж бўлди —
Болаликда тўғриланди хатолар.

Эсдалик дафтаримни қўлга олдим,
Ўқувчилик давримга назар солдим.
Кечиргансиз қанча шўхлигимизни,
Сабру-тоқатингизга қойил қолдим.

Кекса устозимнинг сочлари оппоқ,
Кўзлари меҳрибон чақнайди бироқ.
Билим ва маърифат ўргатар ҳамон,
Ҳаёт мактабида чалиб қўнғироқ.

Ўқимасак, такрор ўқитган, толган,
Манглайида қатор ажинлар қолган.
Ўша ажинлари туфайли халқни
Келажакка элтар тўғри йўл солган.

 



🔥36.0 K марта кўрилди

Leave a Reply