Ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишига йўл қўймайлик!

Халқ таълими вазирлиги халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбуран жалб этиш тақиқланганини яна бир бор эслатиб ўтди.

Халқ таълим вазирлиги

“Хабарингиз бор, ўтган ҳафтанинг охирги кунлари ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида ўқитувчиларнинг мажбуран пахта теримига олиб чиқилгани ҳақида хабар тарқалди. Бироқ видеони олган блогер ҳамда ўқитувчиларнинг ўзлари ОАВ орқали бу хабарни инкор этишди.

Айни вақтда юртимизнинг барча ҳудудларида пахта терими мавсуми бошлангани сир эмас. Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбуран жалб этиш тақиқланганини яна бир бор эслатиб ўтади.

Мазкур талаб бузилган ҳолларда давлат органи ва ташкилотлари раҳбарлари тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилган.

Бу каби ҳолатлар юзага келса ушбу қарор билан масъул этиб белгиланган идоралар: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг — 1007, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 71 200-06-00 ишонч телефонларига хабар беришингиз мумкин. Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлигига ҳам мурожаат қилиш учун алоҳида тизим яратилган: https://ustozovozi.uzedu.uz.

Халқ таълими вазирлиги тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва оммавий ахборот воситаларини бу каби ўқитувчилар ҳуқуқларини поймол этилиши бўйича хабарларни синчковлик билан ўрганиб, агар ҳақиқатда ҳолат юз берган бўлса Президентимиз сиёсатига қарши ноқонуний топшириқ берган мутасаддиларга нисбатан жазо муқаррарлиги тамойилини таъминлашда амалий ёрдам беришга чақиради,” – дейилади хабарда.

🔥955 марта кўрилди

Leave a Reply