Жорий йил 26-март куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Давлат тест маркази, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг “Умумий ўрта таълим мактаблари 4-синф битирувчиларини фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларга саралаб олиш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан умумий ўрта таълим мактабларининг 4-синф битирувчиларининг ўқишини келгусида ихтисослаштирилган синфларда давом эттириш мақсадида уларни саралаб олиш тизими ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида ихтисослаштирилган синфларни ташкил этиш мезонлари тасдиқланди.
Белгиланишича:
а) ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда ихтисослаштирилган синфлар қуйидагича ташкил этилиши мумкин:
- ўқувчиларнинг ақл-идрок даражаси ва эришган натижалари асосида муайян фанларга ихтисослаштирилган доимий синфлар;
- ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишидан келиб чиққан ҳолда муайян фан доирасида турли синфлардан гуруҳлар кўринишида жамланадиган ўзгарувчан синфлар.
б) умумий ўрта таълим мактабларининг 4-синф битирувчиларини фанлар бўйича саралаш ва йўналтириш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш
ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан ўқувчиларнинг қизиқиши ва майлларини аниқлаш бўйича ишлаб чиқилган психологик-педагогик диагностика методикаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;
в) фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларга ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш, тегишли фанлардан синовлар ўтказиш ва ўқувчиларни ихтисослаштирилган синфдан четлатиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2011-йил 26-декабрдаги 38 ва 42 қ/қ-сон қарори (рўйхат рақами 2321, 2012-йил 1-феврал) билан тасдиқланган Aйрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфларига, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади;
г) фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларнинг йўналишлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланади;
д) фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфлар ташкил этиш имконияти мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим мактабларида махсус фан тўгараклари фаолияти йўлга қўйилади.
Умумий ўрта таълим мактаблари 4-синф битирувчиларининг ўқишини келгусида ихтисослаштирилган синфларда давом эттириш мақсадида уларни саралаб олиш тизимини жорий этишда вазирлик ва идораларнинг вазифалари қуйидагилар этиб белгиланмоқда.
Қарорда Халқ таълими вазирлигига:
- ўқувчиларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда, фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларни ташкил этиш;
- фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларга ўқувчиларни саралаб олиш ҳамда мазкур жараёнда ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш масалаларини мувофиқлаштириш;
- фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфлар учун фанлар кесимида намунавий (вариатив) ўқув режаларини тайёрлаш ва ўқув жараёнига жорий этиш;
- умумий ўрта таълим мактаблари томонидан ихтисослаштирилган синфларни ташкил этиш мезонларига қатʼий амал қилинишини таъминлаш.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига:
ҳар йили ўтказиладиган умумий ўрта таълим мактаблари миллий рейтинги ҳамда педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш натижаларини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этиш;
фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларда таълим сифати ва самарадорлигини мониторинг қилиш ва уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериб бориш.
Давлат тест марказига:
- умумий ўрта таълим мактабларининг ихтисослаштирилган 5-синфлари учун танловларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишилган муддатда ўтказилишини таъминлаш;
- умумий ўрта таълим мактаблари 4-синф битирувчиларини фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларга саралаш жараёнида ўқувчиларнинг кўрсатган натижаларини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этиш.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига:
- фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларни ташкил этиш бўйича умумий ўрта таълим мактабларига методик ёрдам кўрсатиш;
- фанлар бўйича ихтисослаштирилган синфларда фаолият кўрсатувчи педагог кадрларнинг малака ва маҳоратини оширишда Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш каби вазифалар белгиланди.