Абу Райҳон Мухаммад ибн Ахмад Ал-Беруний (4-октябр, 973, Кат, Хоразм, — 9-декабр, 1048, Ғазна) — XI аср қомусий, мутафаккир олим; тарихга, риёзиёдга, геодезияга, минералогияга оид кўп сонли асарлар муаллифи, дунё илм-фанига улкан хисса қўшган олим, мутафаккир.
Биография
Хоразмлик улуғ аллома Абу Райҳон Беруний ота-онасидан жуда ёш етим қолган ва Ироқийлар хонадонида тарбияланган. Ироқийларнинг охирги вакили Хоразмшоҳ, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ироқ ҳисобланади. Хоразмшоҳнинг жияни — амакисининг ўғли Абу Наср Мансур ибн Ироқ Берунийнинг устози эди. Беруний жуда ёшлигидан илм ва фанга қизиқади. У севган фанлар — астрономия, математика, геодезия, география ва минералогия эди. У ўзининг «Геодезия» асарида 990-йил Кат шаҳрининг географик кенглигини аниқлаганини ёзади. Маълумки, географик кенгликни аниқлаш учун география, математика ва астрономиядан етарлича билимга эга бўлиш лозим. 995-йил Катни, Хоразмнинг иккинчи пойтахти, Гурганж (Урганч)нинг амири Маъмун ибн Муҳаммад босиб олади. Беруний Ироқийлар хонадонига мансублиги учун Маъмуннинг ғазабидан қочиб, Рай шаҳрига (ҳозирги Теҳрон яқинида) келади. У Райда машҳур олим — математик ва астроном ал-Хўжандий, табиб ва файласуф ар-Розийлар билан танишади. Беруний Райда ўзининг «Ал-Фахрий секстанти» рисоласини ёзади. 997-йил Беруний Катга қайтди. Бу даврда Хоразмда ўзгаришлар бўлиб, Маъмун вафот этиб, унинг ўрнига Али ибн Маъмун тахтга чиққан эди. 998-йил Беруний Журжонга келди. У Журжонда 1004-йилгача яшайди. Ўзининг ўн бешга яқин асарини шу ерда яратди. Жумладан, олимнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асари 1000-йил атрофида шу ерда ёзилган. 1004-йилнинг баҳорида Беруний Хоразмга қайтди. Бу вақтда Хоразмнинг пойтахти Гурганж эди. Гурганжда у Ой тутилишини кузатди. Саройда ал-Масиҳий, табиб ал-Ҳаммар, Ибн Ироқ ва бошқалар ишлар эдилар. 1005-йил баҳорида бухоролик машҳур табиб Абу Али Ибн Сино ҳам Гурганжга келади.
[utube id=e4a8f892570165e]
*.flv форматида юклаб олиш — 74.71 Mb
*.mpg (оригинал) форматида юклаб олиш — 52.73 Mb
Гурганжда Беруний математика, астрономия билан бир қаторда физика ва минералогиянинг баъзи масалалари билан шуғулланди. Минералларни аниқлаш, уларни тизимга солишда солиштирма оғирликлардан фойдаланиш ғояси ҳам мана шу ерда туғилди. 1017-йил ёзида Маҳмуд Ғазнавийнинг буйруғига кўра Беруний асир сифатида Ғазнага олиб кетилди. У ерда оғир шароитда яшади. 1019-йилдан кейин илмий иш билан шуғулланиш шароитига эришди. 1022—1024-йилларда Маҳмуд Ҳиндистонга қилган юрушида Берунийни ўзи билан олиб кетди. Сафарда ҳам Беруний илм билан шуғулланди. У Панжобдаги Нандна қальаси ёнида ер шари меридианини бир градусининг узунлигини ўлчади ва у 110,895 км. эканини аниқлади. Бу маълумот ҳозирги замон ўлчашлари натижаси — 111,1 км билан таққосланса, Беруний ўлчашларининг аниқлиги қай даражада экани кўринади.
[utube id=»ce4bace9e485ed5″]
*.flv форматида юклаб олиш — 44.96 Mb
*.AVI (оригинал) форматида юклаб олиш — 63.11 Mb
У Ҳиндистонда бўлажак асари «Ҳиндистон тарихи» учун маълумот йиғди ва уни 1030-йил ёзиб тугатди. Ўша йили Маҳмуд вафот этди ва унинг ўрнига ўғли Масьуд тахтга чиқди. Масьуд Берунийга кўп илтифотлар кўрсатди. Шу сабабли, Беруний ўзининг шоҳ асарини Масьудга бағишлаб «Қонуни Масьудий» деб атади. Бу асар асосан астрономияга оид бўлса ҳам Берунийнинг математикага оид, яъни тригонометрия ва сферик тригонометрияда қилган анчагина кашфиётлари шу асарда баён этилган. Берунийнинг математикага ва фаннинг бошқа соҳаларига қўшган ҳиссасини ёзиб қолдирган 100 дан ортиқ асаридан ҳам кўриш мумкин. Улардан энг йириклари — «Ҳиндистон», «Ёдгорликлар», «Қонуни Масьудий», «Геодезия», «Минералогия» ва «Астрономия». Қолганларини қуйидагича тақсимлаш мумкин: математикага доирлари — 22 та; астрономик асбоблар ҳақида — 10 та; астрологиклари — 21 та; турли фанлар (физика, минералогия, адабиёт, тарих ва бошқалар) — 38 та; турли тиллардан таржима асарлар — 21 та. Берунийнинг бу асарларидан атиги 30 га яқини бизнинг кунларгача етиб келган. Беруний ёшлигидаёқ кўп вақтини турли кузатишлар билан ўтказган. У болалиастрономик асбоб ясаган. Хоразмнинг турли жойлари координаталарини аниқлаш билан шуғулланган ва 995—996-йилларда Кат шаҳрида диаметри 15 зирў (Зирў — қадимги ўлчов бирлиги, 49 сантиметр чамасида) бўлган доира ва бошқа асбоблар билан астрономик ўлчаш ишларини олиб борган. Берунийнинг 152 асари маълум бўлиб, бизгача унинг фақат 30 таси етиб келган. Жами асарларининг 70 таси астрономияга, 20 таси математикага, 12 таси география ва геодезияга, 4 таси минералогияга, 1 таси физикага, 1 таси доришуносликка, 15 таси тарих ва этнографияга, 4 таси фалсафага, 18 таси адабиётга бағишланган. У 50 ёшида қадимий санскрит тилини ўрганди, бундан ташқари, форс, араб, яҳудий, грек тилларини ҳам билар эди.
Беруний жаҳон астрономия ва география фани олими
Берунийнинг бой илмий мероси ҳали тўла ўрганилмаган. Беруний йирик олим Абу Носир ибн Ироқдан эвклид геометрияси, Птолемейнинг астрономик таълимотлари бўйича дарс олган. 995-йилгача у астрономия, география, геодезия амалий масалаларини ҳал этиш билан бирга Ер ва осмон глобусини ясади ҳамда астрономияга оид бир неча китоблар ёзди. Олимнинг ана шундай асарларидан бири «Геодезия» 1025-йилда ёзиб тугатилган. Бу асар „шаҳарлар орасидаги масофаларни аниқлаш учун жойларнинг чегараларини белгилаш“га доирдир. Китобнинг 4-боби охирида Беруний Ер айланасининг катталигини ўлчаш ҳақида фикр юритган. Қадимдан инсонлар Ернинг шакли ва катталигини билишга қизиққанлар ва турли халқлар Ер шаклини турлича тасаввур қилишган.
Милоддан аввал ўтган Пифагор, Арасту, Архимед, эратосфен каби буюк олимлар Ер думалоқ ва шар шаклида деган фикрни айтганлар. Жумладан, милоддан аввалги 250-йилда искандариялик олим Эратосфен Ер шар шаклида деб, унинг ўлчамларини қуйидагича аниқлаган: Искандария билан Сиеня (ҳозирги Асвон) шаҳарлари орасидаги масофани карвонларнинг юриш муддати билан ўлчайди, кейин бу қийматни икки шаҳар кенглигининг айирмасига бўлади ва Ер радиусини 6840 километр деб чиқаради. Бу градус меридиан ёйининг узунлиги эса 119,444 бўлади ёки меридиан ёйининг узунлиги 70 121 га тенглигини аниқлаб, бу ёй меридиан айланаси узунлигининг 1/50 қисми эканлигини ҳисоблаган. Ер меридиан айланасининг узунлиги 39500 километрга яқин бўлса керак, деган фикрга келган. Эратосфендан сўнг Миср, Хитой ва юнон олимларидан бир қанчаси Эратосфен ўлчаган усул билан Ернинг катталигини аниқлаганлар. Ўрта асрларда Ернинг ҳажмини аниқлашда юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг хизматлари катта бўлган. Мусо Муҳаммад ал-Хоразмий бир градус меридиан ёйнинг узунлиги 111,8 километрга тенглигини исботлаб берган.
манба: Пирмат Шермуҳамедов. «Даҳонинг туғилиши ёхуд Абу Райҳон Беруний қисмати». Тошкент, 2009..