Канада — (инглизча Canada [ˈkænədə]; французча Canada [kanaˈda]), Шимолий Америкада жойлашган давлат бўлиб, майдони жиҳатдан (Россия федерациясидан сўнг) 2-ўринда туради . Канада пойтахти – Оттава шаҳри. Бирлашган қироллик доминиони. 1931-йилда суверен ҳуқуқи берилган. Бироқ, мустақиллик эълон қилинмаган. Мамлакатни Бирлашган қироллик қироли (ёки қироличаси) томонидан тайинланган Генерал-Губернатор бошқаради.
Номи: Канада
Пойтахти – Оттава шаҳри
Телефон коди +1
Қисқартма: CА
Интернет домен: .cа
Давлат тили – Инглиз, француз тиллари
Майдони – 9 984 670 км²
Аҳоли сони (2013) – 34 568 211 (37- ўрин)
Зичлик – 3,5 одам/км²
Йирик шахарлари: Торонто, Монреаль, Ванкувер, Калгари
Пул бирлиги – Канада доллари
Аҳоли сони (2013) – 34 568 211 (37- ўрин)
Миллий байрами: 1-июл Канада куни (1867).
Канада — (инглизча Canada [ˈkænədə]; французча Canada [kanaˈda]), Шимолий Америкада жойлашган давлат бўлиб, майдони жиҳатдан (Россия федерациясидан сўнг) 2-ўринда туради . Канада пойтахти – Оттава шаҳри. Бирлашган қироллик доминиони. 1931-йилда суверен ҳуқуқи берилган. Бироқ, мустақиллик эълон қилинмаган. Мамлакатни Бирлашган қироллик қироли (ёки қироличаси) томонидан тайинланган Генерал-Губернатор бошқаради.
Давлат тузуми
Канада – Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибидаги федератив давлат. Амалдаги Конституцияси 1982-йил 17-апрелда кучга кирган. Давлат бошлиғи – Буюк Британия қироли (қироличаси), унинг номидан генерал-губернатор давлатни бошқаради. Қиролича генерал-губернаторни Канада бош вазирининг тавсияси билан, одатда, 5 йил муддатга тайинлайди. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни қиролича номидан генерал-губернатор ва 2 палатали парламент (сенат ва жамоалар палатаси) амалга оширади. Ижроия ҳокимиятни қиролича номидан генерал-губернатор ҳамда бош вазир ва вазирлардан иборат ҳукумат амалга оширади (1993-йилдан бош вазир Жан Кретьен).
Табиати
Канада ҳудудининг ғарбий қисми тоғли, шарқий қисми текислик, шимолий ва қисман шимоли-шарқий соҳиллари пасттекислик, шарқий қирғоқлари тик, ғарбий соҳили эса жуда баланд. Материкнинг ўрта қисми ва Канада Арктикаси архипелагининг материкка туташган жойи текислик ҳамда платодан иборат. Гудзон қўлтиғининг атрофи пасттекислик. Лаврентий қирлари, Марказий текисликлар, Буюк текисликлар бор. Канаданинг ғарбий чеккасида Кордильера тоғлари, жануби-шарқида Аппалачи тоғлари жойлашган. Уран, темир, никел, мис, рух, қўрғошин, олтин ва кумуш, тошкўмир, нефт, табиий газ конлари бор.
Иқлими
Канаданинг кўп қисмида арктика ва субарктика, жанубида мўтадил, асосан, континентал иқлим. Январнинг ўртача ҳарорати шимолда –30°, –35°, жанубда –18°, –20°, июлники шимолда 4–7° ва жанубда 16–18°. Ғарбий соҳилда йиллик ёғин 2500 мм дан ортиқ, шарқий соҳилда 1250 мм гача, марказий шахарларда 400–250 мм, шимолда эса 150 мм дан кам.
Канадада дарё кўп, асосан, қор-ёмғир сувларидан ҳосил бўлади. Сан-Лаврентий (Буюк кўллари билан), Финли-ПисРивер кўллар (Кичик куллар, Атабаска, Катта куллар ва бошқа кўллар билан), Боу, Сидар, Виннипег ва бошқа кўллар билан дарё-кўл тизимлари Атлантика ва Шимолий Муз океани ҳавзасига киради. 200 дан ортиқ йирик кўллари бор.
Канаданинг чекка шимоли арктика сахроси бўлиб, онда-сонда лишайниклар ва бошқа ўтлар учрайди. Ундан жанубда тундра, сўнгра эса ўрмон-тундра зонаси жойлашган. Подзол ва ботқоқ тупроқларда оқ ва қорақарағай, америка тилоғочи ўсади. Жануби-шарқий чеккасидаги подзол ва қўнғир ўрмон тупроқларда игнабаргли ва кенг баргли дарахтлар бор. Текисликлардаги унумдор тупроқли ерларда деҳқончилик қилинади.
Канадада шимол буғуси, мушкли буқа, оқ айиқ, қутб тулкиси, лемминг, қутб қуёни, каклик, бойқуш, лос, бизон, жайра, қоплон, бўри, қундуз ва бошқа ҳайвонлар яшайди. Дарё ва кўллари балиқларга бой. Миллий боғлари: Банф, Вуд-Баффало, Глейшер, Жаспер, Ёхо ва бошқа, вилоят боғлари ҳам бор.
Аҳолиси
Аҳолисининг 1/3 қисми инглиз-канадаликлар (44%) ва француз-канадаликлар (28%). Туб аҳолиси – ҳиндулар (индейслар) 533 минг ва эскимослар салкам 33 минг киши қолган. Канадада немислар, украинлар, италянлар, голландлар, венгерлар, руслар ва бошқалар ҳалқлар яшайди. Расмий тиллар – инглиз ва француз тиллари. Француз-канадаликлар католик динида, инглиз-канадаликларнинг асосий қисми – протестант. Аҳолининг 78,6% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Монреал, Калгари, Торонто, Ванкувер, Виннипег, Гамильтон ва бошқалар.
Тарихи
Канаданинг қадимги халқи – эскимос ва индейслар ҳисобланади. XV-аср охирларидан Канадага европаликлар кела бошлаган. Французлар Пор-Руаль ва Квебекка асос солдилар (1605–1608). Квебек Янги Франция мустамлакасининг маркази бўлиб қолди. 17-асрнинг 20-йилларида Канада ҳудудида биринчи Англия мустамлакаси – Янги Шотландия вужудга келди. 17-асрнинг 2-ярмидан француз-канадаликлар шаклланди. Етти йиллик уруш (1756 – 1763) натижасида Буюк Британия Янги Францияни эгаллаб олди. 1791 йил Квебек 2 вилоят: Қуйи Канада ва Юқори Канадага бўлинди.
Канада учун бўлган Англия-Америка уруши (1812-1814) натижасида демократик ислоҳот ва ўзини ўзи бошқариш учун ҳаракат бошланиб кетди. Вилоятларда ислоҳот тарафдорлари («ватанпарварлар») партиялари тузилди. 1834-йил ислоҳот тарафдорлари Қуйи ва Юқори Канада парламентлари фаолиятини назорат остига олди. 1841-йил Юқори Канада билан Қуйи Канада бирлаштирилди. 1848-йил Канада ва Янги Шотландияда янги ҳукумат тузилди. XIX-аср ўрталарида Канадада темир йўллар қурилди, саноат ривожланди, 1867-йил Буюк Британиянинг Шимолий Америкадаги мустамлакалари бирлаштирилиб, «Канада доминиони» номи билан федерация тузилди. Янги Шотландия, Нью-Бранцуик, шимолий-ғарбдаги ҳудудлар, Британия Колумбияси (1871) ва Принс-Эдуард ороли (1873) Канада доминионига қўшиб олинди. Марказлашган давлат барпо этилиши миллий бозорнинг юзага келишига асос бўлди.
XIX-аср охири ва XX-аср бошларида Канада иқтисодиёти ривожланди. Ишлаб чиқарувчи саноат тез ўсиб, унинг маҳсулоти қиймати 1914-1918 йилларда 4 баравар ошди, аҳоли сони 64% кўпайди. Капитал ва ишлаб чиқарувчи саноати йириклашди, 1900-1917 йилларда банклар бирлашиши натижасида уларнинг сони 36 дан 21 га камайди; банк ва саноат капитали қўшила борди. I-жаҳон урушида Канада Буюк Британия томонида қатнашди.
I-жаҳон уруши даврида Канада иқтисодиёти мустаҳкамланиб олиши натижасида Канадада Англия таъсири сусайди. 1919-1920 йилги Париж конференсиясида Канада сулҳ шартномаларини мустақил имзолади. Бошқа доминионлар билан бир қаторда Канада Миллатлар Лигасига вакил юбориш ҳуқуқини қўлга киритди. 1929-1933 йиллардаги жаҳон иқтисодий бўҳрони натижасида саноат ишлаб чиқариш 2 баравардан зиёд камайиб кетди. 1933-йил бошида ишсизлар 1,3 млн. кишидан ортди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ниҳоятда пасайиб кетиши натижасида 240 минг ферма барбод бўлди.
II-жаҳон урушида Канада Буюк Британия томонида қатнашди. Канада антифашист давлатларни, биринчи навбатда, Буюк Британияни хом-ашё, озиқ-овқат, қурол-яроғ билан таъминлаб турди. Мамлакатда ҳарбий саноат ривожланди, янги тармоқлар: дастгоҳсозлик, синтетик каучук ишлаб чиқариш ва бошқалар вужудга келди. 1939-1945 йилларда саноат ишлаб чиқариш 2,5 баравар ортди.
1960-йиллардан Канада ҳукумати ички ва ташқи сиёсатда миллий манфаатларни кўзлаб иш тута бошлади. Ҳукумат Канаданинг сиёсий мустақиллигини сақлашга, Лотин Америкаси, Осиё ва Европа мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантиришга интилди. Кейинги йилларда Канадада миллий масала кескинлашди. Квебек партияси мазкур вилоятни алоҳида давлат қилиб ажратишни талаб қила бошлади. 1995-йилда Квебек суверенитети хусусида ўтказилган референдумда суверенитетга қарши бўлганларнинг 50,6% овоз олиши натижасида мамлакатнинг парчаланиш хавфи бартараф этилди.
Канада 1945-йилдан БМТ аъзоси ҳисобланади. 1991-йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди ва 1992-йил 7-апрелда у билан дипломатия муносабатлари ўрнатди.
Саноати
Канада – юксак тараққий этган индустриал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 22%, қ.х. улуши 2,2%. Аҳоли жон бошига минерал хом ашё ва ярим фабрикатлар ишлаб чиқариш жиҳатдан Канада тараққий этган кўпгина мамлакатлардан устунлик қилади. Никель, рух, кумуш, молибден рудалари, асбест, олтин, платина, ниобий, табиий газ, олтингурт қазиб чиқаришда, газетабоп қоғоз, алюминий, селлюлоза, тилинган бинокорлик ёғочлари ишлаб чиқариш бўйича дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Канадада кўмир, нефть, темир рудаси, вольфрам, уран (металл таркибидаги руда), калийли тузлар, олтингугурт ҳам қазиб чиқарилади. Йилига ўртача 490,8 млрд. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади. Торонто, Ванкувер ва Онтарио атрофида бир канча йирик иссиқлик электр станция ва АЭС бор. Асосий ГЕСлари Квебек, Онтарио ва Британия Колумбияси вилоятларида. Ишлаб чиқарувчи саноат да озиқ-овқат ва тамаки саноати – қора ва рангли металлургия ҳамда металл ишлаш, транспорт машинасозлиги ва бошқа тармоқлар етакчи ўринда .
Машинасозлик ишлаб чиқарувчи саноат маҳсулоти қийматининг 1/2 қисмини беради. Унинг асосий тармоғи – транспорт машинасозлиги (автомобиль, кема, авиация, вагон ва локомотивсозлик).
Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари
Канадада тарихан инглиз ва француз мактаби тизимлари таркиб топган. Инглизча тизим АҚШ мактаб тизимига ўхшаш: 12 йиллик умумий таълим мактаби 6 йиллик бошланғич, 3 йиллик кичик ўрта, 3 йиллик катта ўрта мактаблардан ёки 8 йиллик бошланғич ва 4 йиллик ўрта мактаблардан иборат. Квебек вилоятида французча таълим тизими: 6 йиллик бошлангич ва 5 йиллик ўрта мактаб ишлайди. 5-7 ёшдан 14-16 ёшгача бўлган болалар учун бепул мажбурий тўлиқсиз ўрта таълим жорий этилган. Давлатга карашли таълим бепул бўлган мактаблар билан бир қаторда хусусий (пуллик), асосан, диний ва этник гурухлар қарамоғидаги мактаблар ҳам бор. Улардаги дарслар ўша гуруҳлар тилида олиб борилади. Олий ўқув юртларида пул тўлаб ўқилади. Барча вилоятларда университетлар бор. Йириклари: Торонто, Ванкувер, Кингстон, Монтреал, Квебек университетлари.
Илмий муассасалари: Канада қироллик жамияти, Ижтимоий фанлар сохасидаги тадқиқот кенгаши (ҳаммаси Оттавада).
Йирик кутубхоналари: Парламент, Халқ, Миллий, Миллий илмий (ҳаммаси Оттавада), Монтреал ва Торонтодаги халқ кутубхоналари, шунингдек, Торонто, Монтреал, Ванкувер университетлари ҳузуридаги кутубхоналар. Оттавада Канада Миллий музейи, Миллий галерея, Миллий санъат маркази, Онтарио вилоятида Қироллик музейи, Торонтода Бадиий галерея, Монтреалда мавжуд.
Адабиёти
Канада туб жой аҳолиси (индейслар, эскимослар)нинг оғзаки ижодиёти авлоддан авлодга ўтиб келган. Канада адабиёти, асосан, инглиз (XVIII-аср) ва француз (XIX- аср) тилларида шаклланди. Рус, украин ва бошқа тилларда ҳам адабий асарлар нашр этилади. Индейслар ва эскимосларнинг оғзаки ижоди инглиз-канадалик ёзувчилар томонидан қисман тўпланди (XX-аср). Шоира Полин Жонсон (1862-1913) бутун ҳаётини индейслар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уларнинг афсоналарини адабий жиҳатдан ишлаб чиқишга бағишлаган. Умуман мустамлака қарамлигининг оғир шароити миллий адабиётнинг ривожланишига тўсқинлик қилиб келди. Ҳажвчи С. Ликок (1869-1944) ўз асарларида Канада шаҳарчалари аҳолисининг ахлоқи, пул ҳукмронлиги, «кичик» одамнинг ночорлигини тасвирлаб, жаҳонга машҳур бўлди. XX-аср бошларида адабий журналлар, Канада адабиётининг дастлабки тарихи ва антологияси пайдо бўлди. Канада ёзувчилари уюшмаси вужудга келди (1921), у, асосан, инглиз-канадалик ёзувчиларни бирлаштирди.
Ўзбекистон – Канада муносабатлари
Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар 1996-йилдан бир мунча оша бошлади. 1998-йилда Ўзбекистоннинг Канадага экспорти хизмат кўрсатиш, қора металл ва ундан ясалган буюмларни юборишдан иборат бўлди. Ўзбекистон Канададан электр асбоб-ускуналари, пластмасса, ойна, полиграфия саноати маҳсулотлари, сут, гўшт ва балиқ маҳсулотлари сотиб олди. 1999 йил якуни бўйича мамлакатлар ўртасидаги товар айланма 15,68 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистондан Канадага экспорт кескин ўсиб, ижобий сальдо 6,77 млн. АҚШ долларига етди. 1999 йил 17 июнда иккала мамлакат ҳукуматлари ўртасида иккиёқлама солиқ солинишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва сармоя солиғи тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳақида конвенция имзоланди.
Канаданинг турли компания ва нотижорат ташкилотлари Ўзбекистоннинг минерал хом ашё ва нефт-газ конларини ишга туширишда қатнашишга ғоят қизиқиб қарайди. Навоий вилоятидаги «Тандир майдони»ни геологик жиҳатдан биргаликда ўрганиш тўғрисида 1998 йил октябрда Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан «Xebron Fiord Resourses Ink» компанияси ўртасида тузилган шартномада Канада томони салкам 4,5 млн. АҚШ доллари сарфлаши кўзда тутилган. Компания мутахассислари белгиланган иш дастурини бажаришга киришди. Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси Канаданинг «Pratt end Uitni» компанияси билан Ил-114 самолётлари учун PW-127 двигателларини етказиб бериш соҳасида бевосита ҳамкорлик қила бошлади. Ўзбекистон алока ва ахборотлаштириш агентлиги Канаданинг «Nortel Teleсom» компанияси билан 1993-йилдан буён ҳамкорлик қилиб келаётир. Кейинги 8 йил мобайнида ушбу компания билан жами 29 млн. АҚШ доллари қийматига эга бўлган 8 та шартнома амалга оширилиб, Ўзбекистон-Америка «Ўздунробита» қўшма корхонаси учун асбоб-ускуналар етказиб берилди .
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Канаданинг бир қанча молия муассасалари билан алоқа ўрнатган. Икки мамлакат ўртасида таълим, фан ва техника соҳасида, жумладан, бир-бирларига талабалар, аспирантлар, ўқитувчилар ва мутахассислар юбориш, уларнинг малакасини ошириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикасида 2000 йил бошларида Канадалик сармоядорлар иштирокидаги 13 корхона рўйхатга олинган.
Маълумотлар wikipedia энциклопедиясидан ўзбекчага таржима қилинди
KANADA TA’LIM TIZIMI HAQIDA MA’LUMOT KERAK