Юртимиз вилоятлари: Жиззах - Ta’lim / Образование

Выберите язык:

Юртимиз вилоятлари: Жиззах

Жиззах вилояти – Ўзбекистон Республикаси таркибидаги вилоят. Республиканинг марказий қисмида жойлашган. 1973 йил. 28 декабрида ташкил этилган. Шимолий-шарқда Қозоғистон Республикаси ва Сирдарё вилояти, жанубий-ғарбда Самарқанд, Навоий вилоятлари, жанубий-шарқда Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Майдони 21,1 минг км2. Аҳолиси 1 166 700 киши. Жиззах вилоятида 12 қишлоқ тумани (Арнасой, Бахмал, Дўстлик, Жиззах, Зарбдор, Зафаробод, Зомин, Мирзачўл, Пахтакор, Янгиобод, Фориш, Ғаллаорол), 7 шаҳар (Гагарин, Даштобод, Дўстлик, Жиззах, Маржонбулоқ, Пахтакор, Ғаллаорол), 8 шаҳарча (Бўстон, Зарбдор, Зафаробод, Зомин, Ўсмат, Учқулоч, Янгиқишлоқ, Қўйтош), 95 қишлоқ фуқаролари йиғини бор (2001). Маркази — Жиззах шаҳри.


Жиззах шаҳриВилоят маркази: Жиззах шаҳри
Маъмурий бўлиниши: 12 та туман, 7 та шаҳар, 95 қишлоқ фуқаролари йиғини
Энг йирик шаҳарлари: Жиззах, Гагарин, Ғаллаорол, Пахтакор, Дўстлик
Майдони: 20,500 км² (республикада 6-ўринда)
Аҳолиси: 1 166 700 (республикада 12-ўринда)
Зичлиги: 56,91 одам/км² (11-ўрин)
ISO қисқартмаси: UZ-JI
Автомобил номери: 25-29
Телефон коди: +99872, 8372


Жиззах тарихи

Барчага аёнки, миллий ғурур ва дахлдорлик ҳиссининг асосий заминларидан бири бу – тарихий хотирадир. Ифтихор билан таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Андижон ва бошқа кўплаб қадимий шаҳарлари бой тарих  ва кўҳна маданиятга эга эканлигини жаҳоннинг барча йирик тарихчи олимлари бирдек эътироф этадилар.

Уларнинг орасида Жиззах алоҳида мавқеда туради. Марказий Осиёдан ўтган деярли барча карвон йўлларининг туташган нуқтасида жойлашган Жиззах тарихда жуда кўп суронли воқеаларнинг гувоҳи бўлган. Бу кўҳна шаҳар ҳамма замонларда ҳам стратегик жиҳатдан ўта муҳим аҳамият касб этган.

Сангзор, Киропол ва Газо

Жиззахнинг пайдо бўлиши Сангзор дарёси билан боғлиқ. Яъни Сангзор дарёси бўйидаги ҳар томонлама қулай табиий шароитлар аҳоли яшайдиган кўплаб манзилгоҳларнинг вужудга келишига сабаб бўлган. Жиззах шаҳар сифатида X асрдан маълум бўлса-да, бу ҳудудда милоддан аввалги асрларда ҳам турли қалъа ва бошқа турдаги манзилгоҳларнинг мавжуд бўлганлиги тарихдан маълум. Бу маълумотларни Буюк Искандар Зулқарнайн (Александр Македонский)нинг Осиёга юришларини тавсифлаб ёзиб борган юнон солномачиларининг асарларида ўқишимиз мумкин. Қадимги юнон солномачилари Искандарнинг Бақтрия ва Сўғдиёнага қилган юришларини тавсифлар экан, ҳозирги Жиззах вилояти ҳудудидаги Киропол ва Газо каби манзилгоҳлар ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларни келтирадилар. Тарихчи олимлар томонидан Киропол ҳозирги Зомин ҳудудида жойлашганлиги исботланган. Айрим тарихий манбаларда Газонинг Самарқанд ва Тошкент оралиғида жойлашганлиги айтиб ўтилган. Газо қалъасининг қаерда жойлашганлиги хусусида  деярли барча олимлар бир хил фикрни тахмин қилишади. Уларнинг фикрича, юнон солномачилари томонидан тилга олинган Газо  ҳозирги Жиззах шаҳридир.

Искандар босқини

Искандар Зулқарнайн босқини даврида Газо нисбатан паст девор билан ўраб олинган қалъа бўлган. Буюк саркарда қалъани ишғол қилишга киришади. Газо аҳолиси бир мунча вақт босқинчиларга бўйсунмай қалъани ҳимоя қиладилар. Юнон пиёда аскарлари нарвонлар ёрдамида Газо қалъасининг ичига киришга муваффақ бўладилар. Искандар қўшинлари қалъага кириш вақтида «тўсувчи ўт» (душман йўлини кесиш учун тинимсиз ўққа тутиб туриш) тактикасидан фойдаланган. Аниқроқ қилиб айтганда, пиёда аскарлар нарвонлар билан қалъага яқинлашиб келаётган вақтда камон, найза ва палахмон билан қуролланган бир қисм юнон-македон аскарлари қалъа деворлари устида турган Ватан ҳимоячиларини уриб тушириб турадилар. Душман катта қийинчилик билан деворларга тиришиб-тирмашиб чиқиб, қалъа ичига кириб олади ва деярли барчани қириб ташлайди.

Дизак – «Кичик қалъа»

Жиззах Бақтрия ва Сўғдиёна каби қадимий давлатлар таркибига кирувчи аҳоли яшайдиган муҳим манзиллардан бири бўлган. Олимларнинг фикрича, «Жиззах» деган ном сўғдийча «Дизак» («кичик қалъа») сўзидан келиб чиққан. Ёзма манбаларда шаҳар XX асрнинг бошларигача «Дизак» ёки «Дизах» деб юритилган. Маҳаллий халқ орасида эса асосан «Жиззах» номи ишлатилган. 

«Жиззах» сўзининг маъноси ҳақида яна бир неча илмий ва ноилмий фикрлар мавжуд. Масалан, айрим олимлар «Жиззах» сўзининг келиб чиқишини оҳактош билан боғлайдилар. Маълумки, Жиззах яқинидаги кўплаб оҳак конлари қадимдан мавжуд бўлган. Буюк Ипак йўли орқали Жиззахда тўхтаган савдогарлар ўчоқ сифатида ерда ётган тошлардан фойдаланганлар. Гулханни сув билан ўчирганда тошлар жизиллаб, оқ тусга кирган. Айнан шуни асос қилиб, айрим олимлар «Жиззах» сўзини суғдийча –«жизз» ва туркийча – «оқ» сўзларининг бирикишидан келиб чиққан деб ҳисоблайдилар. Юқоридагилардан ташқари, «Жиззах» сўзининг келиб чиқишини бу юртнинг иқлими билан боғлайдиганлар ҳам бор. Жиззахнинг ёзи жуда иссиқ, қиши эса анчагина совуқ бўлади. Яъни, ёзда «жиз»иллатиб куйдиради, қишда эса «зах»да қоласан.     

Х аср. Мирасманда – жаҳон бозори

Жиззах ёзма манбаларда шаҳар сифатида илк бор араб сайёҳлари Абулқосим Муҳаммад ибн Ҳавкал ва Шамсиддин Абу Абдуллоҳ ал-Муқадасийларнинг асарларида Уструшонанинг Факнон вилоятидаги шаҳар сифатида тилга олинади. X асрнинг машҳур географи ва саёҳатчиси Ибн Ҳавкал 960-970 йилларда араб давлатларининг айғоқчиси сифатида кўплаб юртларни, хусусан ватанимизни ҳам кезиб чиқади ва ўзининг оламга машҳур бўлган «Йўллар ва мамлакатлар китоби»ни ёзиб қолдиради. Бу қимматли манбада қадимий Жиззах ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган.  

VII-XII асрларда, яъни мўғуллар истилосига қадар Жиззах шаҳри гуллаб яшнаган. Бу шаҳарда қишлоқ хўжалиги, савдо, ҳунармандчилик яхшигина ривожланган. Жиззах яқинидаги Мирасманда деган жой жаҳон бозори вазифасини ўтаган. Бу халқаро бозорда жун газламалар ва кийимлар, ипак, турли заргарлик ва металл буюмлари сотилган. Мирасманда бозорида минтақада машҳур бўлган Уструшона нефрити ҳам сотилган. Тарихчи  Ибн Ҳавкалнинг ёзишича, бу ҳудудда рудани қазиб олиш ва уни қайта ишлаш яхшигина йўлга қўйилган бўлиб, Жиззах ҳунармандлари томонидан тайёрланган металл буюмлар Хуросон ва Эронда кенг тарқалган.

Қайроқтошли Хўжа Ғазғон мақбараси ва бошқа мозорлар

Жиззах манзилгоҳ сифатида араблар истилосидан аввал ҳам мавжуд бўлган. Бунинг яққол исботи Жиззахдаги «Хўжағазиён» (Хўжа Ғазғон) қабристонидир. Бу қадимий қабристон  V-VI асрларда, яъни араблар истилосидан илгари ҳам мавжуд эди. «Хўжағазиён»га ҳозир ҳам майитлар қўйилади. Бу қабристондаги Хўжа Ғазғон ва Турк Тўғон мақбараларини Жиззах эли азал-азалдан зиёрат қилиб келади. Хўжа Ғазғон қабри устида ажойиб қайроқтош туради. Қайроқтош кесувчи қуролларни чархлаш учун мўлжалланган. Халқ орасида «ғазғон» сўзи «ғозий» сўзидан, яъни «забт этувчи», «урушувчи»  сўзларидан олинганлигини таъкидлайдиганлар бор. Бундан араблар истилоси даврида Хўжа Ғаз­ғон Жиззахни босиб олишда иштирок этган ҳамда ислом динини Жиззахга олиб келган шахс бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Шунингдек, бу кўҳна мозорда тарихий аҳамиятга эга бўлган «Бешиктош» ҳам мавжуд. Бешиктошга арабий ёзувлар битилган. Афсуски, тарихчи олимларимиз томонидан  Хўжа Ғазғон, Турк Тўғон каби азиз авлиёлар, хусусан Жиззахдаги Қулфисар ота, Бобо Якка, Қавс ота, Малики аждар, Оқтош авлиё ва бошқа кўплаб зиёратгоҳлар етарлича ўрганилмаган. Юқорида тилга олинган бешиктошдаги ёзувларни ҳам ҳалигача ўқиб ўрганишга муваффақ бўлмадик.

Умуман олганда, Жиззах шаҳри ҳудудида қадимий қабристонлар талайгина. Жиззахда оқсуяк табақа, яъни хўжа ва эшонлар қадимдан истиқомат қилиб келаётган «Хўжа кўча»да (халқ орасида «Хўжалик кўча») XVI асрда ташкил этилган «Хўжамозор» қабристони мавжуд. Бу мозорга улуғ инсонлар қўйилган. Жиззахдаги қадимий қабристонларга XII асрда ташкил этилган «Тошкентлик» мозорини ҳам киритиш мумкин. Қадимги Жиззахда ҳар бир маҳалланинг алоҳида мозори, масжиди ва мактаблари бўлган. Бугунги кунда, нисбатан кичик қабристонларнинг кўпчилиги бузилиб кетган.     

Кўплаб савдо карвонлари ўтганлиги боис араблар даврида Жиззах бозор шаҳар сифатида хизмат қилган. Бу ҳудудда кўплаб работ (савдо йўлларидаги мустаҳкамланган манзил, карвонсарой)лар қурилади. Работлар одатда  шаҳарнинг саройи (арки) ёки шаҳристони атрофига қурилган. Жиззахда шаҳар саройи Ўрда деб аталган. XI-XII асрларга келиб работлар Марказий Осиё шаҳарларининг мустаҳкам қисмига айланган.

Бобурнинг эътирофи

Жиззах ўзининг шонли тарихи давомида сомонийлар, қорахонийлар,  хоразмшоҳлар, темурийлар, Бухоро хонлиги ва амирлиги, шунингдек, Чор Россияси таркибида бўлган. Кўҳна Жиззах ўзининг серунум ерлари, бетакрор табиати, хилма-хил бойликлари ҳамда  стратегик жиҳатдан  муҳим жуғрофий жойлашуви билан доимо чет эл босқинчиларининг диққат марказида бўлиб келган. Лекин ҳеч қачон шаҳар дарвозалари босқинчиларга осонлик билан очиб берилмаган, ҳамиша ёвга қарши мардонавор кураш олиб борилган. Шу боис Жиззах бир неча бор инқирозга учраган, вайрон бўлган. Бироқ бу қадимий шаҳар-қўрғон қайта ва қайта тикланган. 

Темурийлар даврида Жиззахда иқтисодий ва маданий ҳаёт бир мунча жонланиб, бу даврда шаҳарда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ишлари ривожланган. XVI асрнинг бошларида Жиззахда меҳмон бўлган ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, тарихчи олим, машҳур темурий ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида қуйидаги сатрларни ёзиб қолдирган:

«Кеч намози дигар Илон ўтида тушуб, от ўлтуруб этини шишлаб (шилиб), кабоб қилиб, отни лаҳза тиндуриб отландук. Тонгдин бурунроқХалилия кентига келиб туштук, Халилиядан Дизак келинди, ул фурсатта ДизактаҲофиз Муҳаммадбек дўлдойнинг ўғли Тоҳир дўлдой эди. Семиз этлар ва майда этмаклар арзон, чучук қовунлар ва яхши узумлар фаровон. Андоқусраттин мундоқарзонлиқва андоқбалияттин мундоқамонлиққа келдук.

Ваҳму  усраттин амоне топтуқ,

Янги жон тоза жаҳоне топтуқ.

Ўлум дағдағаси хотирдин раф бўлиб, очлиғшиддати элдин даф бўлди. Умрумизда мунча фароғат қилмайдур эдук. Муддатул-умр амонлиғва арзонлиғқадрини мунча билмайдур эдук… Уч-тўрт кун Дизакда истироҳатқилдук. Андин сўнг Ўратепа сари азимат қилдук».

Абдуллахоннинг тошга нақшлаган жангги

XVI-XIX асрларда Жиззах қалъаларига кўплаб ҳужумлар уюштирилган. Шайбонийлар даврида Жиззах ҳудудидаги асосий мудофаа истеҳкомларининг деярли барчаси вайрон этилади. Масалан, 1571 йилда Жиззах яқинидаги «Илон ўтди» дарасида Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II қўшини билан ака-укалар бўлган Дашти қипчоқ хони Бобохон ва Тошкент ҳокими Дарвешхонларнинг биргаликдаги қўшини ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтади. Жанг тафсилотларини Темур дарвозаси қояларига битилган битикларда ўқиш мумкин. Бу тарихий жанг Жиззах шаҳрига талайгина талафотлар келтирган. Умуман олганда, XVI – XIX асрларда  Жиззах ҳудудида бўлиб ўтган ўзаро урушлар шаҳарнинг иқтисодий ва маданий ҳаётига жиддий салбий таъсир ўтказади.

Маҳалла ва гузарлар

Шаҳар ва унинг атрофида кўплаб маҳалла ва гузарлар касб ва ҳунармандлар номига Кулоллик, Кўнчилик, Заргарлик, Совунгарлик, Қассоблик каби номлар билан ёки маҳалладагиларнинг келиб чиққан жойи номи билан Мулканлик, Яхтанлик, Саройлик, Тошкентлик, Нижонлик, Хавастлик, Раваллиқ, Ўратепалик каби номлар билан аталган. Қўшни Тожикистоннинг ҳозирги Истаравшан (Ўратепа) шаҳри атрофларида Мулкан, Яхтан, Нижон каби қишлоқлар ҳозир ҳам бор. Бу Жиззах билан Ўратепа ўртасида қадимдан иқтисодий ва маданий алоқалар мавжуд бўлганлигини англатади. 

«Жиззахлик» маҳалласи вакиллари ўзларини шаҳарнинг туб аҳолиси деб ҳисоблайдилар. Жиззахдаги айрим манзилгоҳлар муайян табақа вакилларига атаб «Эшон кўча», «Хўжа қишлоқ», «Қаландархона» деб ҳам юритилган. XIX асрнинг 60-йилларида Жиззах шаҳрининг аҳолиси 20 минг киши атрофида бўлган.

Адабиёт

Шаҳарнинг Қаландархона маҳалласида туғилган Муҳаммад Ризонинг (1801–1877) мунозара шаклидаги шеърлари ҳамда опа-сингил Муаззамхон ва Муаттархонларнинг ғазаллари Жиззахда ҳам кўплаб адабиёт ихлосмандлари бўлганлигидан далолат беради. Ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўлган машҳур шоир Турди Фароғийнинг Жиззах шаҳрида яшаганлиги ҳам бунга мисол бўла олади.

Юнон солномачилари Кирополь ва Ғазони алоҳида тилга олишади. Археологлар Ғазо шаҳрининг ўрнини аниқ ва асосли тайин этмасаларда, тарихий манбаларда уни Самарқанд ва Тошкент оралиғида жойлашганлиги айтилади. Олимлар Газони қадимий Жиззах деб тахмин қиладилар. Топонимист олимлар Жиззах номини суғдийча «Дизак» («қалъача») сўзи билан боғлайдилар. Тарихда у Дизах номи билан юритилган.  Жиззах Ўрта Осиёдан ўтган бир неча қадимий карвон йўлининг туташган жойида вужудга келган. Ёзма манбаларда илк бор араб географ олимлари ва сайёҳларидан Ибн Ҳавкал ва Муқаддасипларнинг асарларида Уструшонанинг Факнон вилоятидаги шаҳар деб тилга олинади. Шаҳар араблар истилосидан олдин ҳам мавжуд бўлган.

Табиати

Релъефи тоғлик, қир ва текисликлардан иборат. Жанубий қисмини Туркистон тизмасининг тармоқлари (Молгузар тизмаси), ғарбини Нурота тизмасининг шарқий қисми эгаллаган. Шимолий., шимолий-ғарби ва шарқий қисми (Мирзачўл ва Қизилқум чўлининг жанубий-шарқи) текисликдан иборат. Иқлими кескин континентал. Январнинг ўртача ҳарорати – 6° дан –4° гача, июлники +28°. Тоғ олдиларида иқлим чўл ва даштларга нисбатан юмшоқ. Йиллик ёғин вилоят жанубда 400 – 500 мм, Зомин тоғларишимолда 250 – 300 мм. Вегетация даври 210 – 240 кун. Йиллик қуёшли кунлар 2800 – 3000 соат. Энг йирик дарёлари – Сангзор, Зоминсув. Тоғлардан оқиб тушувчи сой кўп. Экинларни суғориш учун Туятортар канали, 1- ва 2-Жанубий Мирзачўл каналлари, Жиззах, Зомин, Қоровултепа сув омборлари қурилган. 2001 йилда Арнасой сув омбори қурила бошланди. Арнасой, Айдаркўл ва Тузкон кўлларидан балиқчиликда фойдаланилади. Тоғ ён бағирларида ёввойи жийда, арча, бодом, ёнғоқ, наъматак, зира, ровоч, зирк кабилар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан оқ тирноқли айиқ, чиябўри, тулки, қуён, қобон, бўрсиқ, жайра учрайди; бургут, лочин, қора турна, булдуруқ, тувалоқ, тустовуқ, қирғовул, ёввойи ўрдак, каклик каби қушларнинг 150 дан ортиқ тури мавжуд. Вилоятда Зомин миллий боғи, Зомин ва Нурота давлат қуриқхоналари ташкил қилинган.

Таркибида темир, олтингугурт, водород, радий, кремний кислотаси, карбон гази, ишқор бўлган шифобахш минерал сувлар бор. Ғаллаорол, Фориш, Мирзачўл туманларида балнеологик санаторийлар фаолият кўрсатади. Сулфатхлорид натрийли Чимқўрғон балчиғидан физиотерапия ва даволаш профилактика муассасаларида фойдаланилади. Фойдали қазилмалардан олтин, кумуш, вольфрам, қўрғошин, рух, темир, молибден, мармар, волластонит, базальт, гранит, корунд, оҳак бор.

Аҳолиси

Аҳолиси 1 км2 га 46,9 киши тўғри келади (2001). Аҳолининг кўпчилиги Ўзбеклар, шунингдек, қозоқ, қирғиз, тожик, рус, татар, турк, украин, немис, форс, арман ва бошқалар. Жами 70 дан ортиқ миллат вакили яшайди. Шаҳарликлар 40%, қишлоқ аҳолиси 60% ни ташкил этади.

Хўжалиги

Жиззах вилояти республикада ишлаб чиқариш ва маданий тараққиётида салмоқли ўрин тутади. Хусусан, пахта, ғалла, сабзавот, мева, чорва маҳсулотлари етиштирилади. Боғдорчиликни ривожлантиришга эътибор берилмоқда. Қурилиш материаллари, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарадиган корхоналар салмоғи ошди. Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2,5 млрд. сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Фаолият кўрсатаётган 9400 га яқин хўжалик субъектларининг қарийб 8300 таси нодавлат хўжаликларидир.

 Жиззах вилоятининг ҳудудий бўлиниши

Жиззах вилоятининг худудий булиниши

Саноати

Ҳозирги Жиззах вилояти қадимдан Буюк ипак йўлида жойлашганлиги бу худудда савдо маданиятининг тез ривожланишига таъсир этди. Илк ўрта асрларда жаҳон бозорида Жиззахда жун ва теридан тайёрланган маҳсулотларга талаб катта бўлган. VIII – IX асрларда кулоллик, заргарлик, аравасозлик каби маҳаллаларининг мавжудлиги миллий ҳунармандчиликнинг ўша даврларда ривожланганлигидан дарак беради. Вилоятдаги ишлаб чиқариш саноат тармоқларини ҳудудий жиҳатдан Жиззах, Жиззах саноатиҒаллаорол, Даштобод, Дўстлик ш.ларидаги саноат тармоқларига ажратиш мумкин. Булар фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, пахтачилик ва ирригация билан боғлиқ бўлган тармоқлар, пахтани қайта ишлаш, электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кимё, енгил саноат (ип йигирув, пайпоқ тўқиш, устки трикотаж фабрикалари), озиқ-овқат саноатидир. Вилоятда қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг салмоғи сезиларли. Шулардан Даштобод қурилиш материаллари, Зомин оникс, Бахмал мармар, ғишт заводлари, Даштобод, Дўстлик ун конбинатлари, Жиззах мебел фабрикаси ишлаб турибди. Жиззах вилоятида кончилик тармоғи ҳам ривожланган. Маржон булоқ олтин кони, Қўйтошдаги оҳак, волластонит, вольфрам, Кўтармада оҳак, Учқулочда қўрғошин конлари фаолият кўрсатмоқда. 1991 – 2001 йиллар давомида Жиззах вилоятида жаҳон андозаси даражасидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи замонавий қўшма корхоналар ташкил қилинди. Вилоятда қўшма, кичик ва хусусий корхоналар мавжуд. Қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг салмоғи тобора ортиб бормоқда. «Жибри» (Ўзбекистон – Буюк Британия) қўшма корхонаси йилига 50 минг тонна чигитни қайта ишлаб ўсимлик ёғи ишлаб чиқаради, «Кумуш тола» (Ўзбекистон – Тожикистон) қўшма корхонаси йилига 80 тоннадан зиёд ипак толасини тайёрлайди, «Пахта интернейшнл» (Ўзбекистон – Сурия) қўшма корхонаси йилига 10 минг тонна линтдан целлюлоза ишлаб чиқариш қувватига эга, «Бахмалшароб» (Ўзбекистон – Польша) қўшма корхонасида минерал суви қадоқланади. Шунингдек, пахта толасидан эшилган ип тайёрловчи «Иржартекстил» (Ўзбекистон – Покистон), ёғ-мой ва совун ишлаб чиқарувчи «Мадина» (Ўзбекистон – Хитой), «Жиззах – Телеком» (Ўзбекистон – Индонезия), Қўйтош шаҳарчасида «Волластонит» ишлаб чиқариш цехи (Ўзбекистон – Россия), саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Восток ЛТД», «Белогорск» қўшма корхоналарининг ҳиссаси сезиларлидир. Йилига 1 млн. дона аккумулятор тайёрловчи «Ўзексайд» қўшма корхонаси фаолият кўрсатади (2002). «Зилолатекс» акциядорлик жамиятида 250 тонна нитрон матоси ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.

Қишлоқ хўжалиги

Вилоят қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи – пахтачилик ҳисобланади. Пахта экини майдони вилоятдаги суғориладиган ер майдонининг асосий қисми (110 мингга)ни Пахта майдониташкил этади. Вилоятнинг 12 туманидан 10 тасида пахта экилади. 1994 йилдан Жиззах вилоятида ғалла экиладиган майдон кескин оширилди. 2000 йилда 317,7 минг тонна ғалла тайёрланди. Ғаллачиликни ривожлантириш учун табиий шароитлар ва бошқа имкониятлар мавжуд, Вилоят қишлоқ хўжалигида пиллачилик ҳам салмоқли ўрин тутади. Жойларда йилига 440 – 480 тонна пилла етиштириш имконини берадиган табиий ресурслар яратилди. Қишлоқ хўжалигида картошка, полиз, сабзавот, узум, ҳўл мева етиштириш билан ҳам шуғулланилади. Бир йилда 25 – 30 минг тонна картошка етиштирилади. Полиз ва сабзавотдан йилига ўртача 70 минг тоннадан ҳосил олинади.

Жиззах вилоятида 9,4 мингга дан ортиқ, майдон мевали боғ (олма, беҳи, шафтоли, ўрик, олча, гилос, анор), 7,9 минг га токзор, 2,4 минг га тутзор, 410 га кўчатзор. 78,7 мингга ер қўриқхонага айлантирилган. Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар 1241,4 мингга, шу жумладан ҳайдаладиган ерлар 478,5 мингга, шундан суғориладиган ерлар 266 мингга, лалми ерлар 212,5 мингга, яйловлар 850 мингга, пичанзорлар 12,5 мингга, кўп йиллик дарахтзорлар 21,5 мингга ташкил этади.Дон экинлари 212 мингга, пахта экиладиган майдон 110,8 мингга, сабзавот-полиз экинлари 10 мингга, озуқа экинлари 12,5 мингга, 165 мингга ўрмонзор бор. (2001).

Жиззах вилоятида жамоа, давлат, ширкат ва фермер хўжаликлари мавжуд. Фермер хўжаликларининг салмоғи ортиб бормоқда. Вилоят қишлоқ хўжалигида чорвачилик алохида ўрин тутади. Барча хўжаликларда 280 мингдан зиёд қорамол, 800 мингдан кўпроқ қўй ва эчки, қарийб 15 минг от, 410 мингга яқин парранда боқилади (2000).

Транспорти

Жиззах вокзалиТранспорт йўлларининг умумий узунлиги 217 км (2001)ни ташкил этади. Автомобил йўллари ҳам салмоқли ўрин тутади. Ҳаво йўллари Жиззах шаҳарни Тошкент ва бошқа вилоят марказлари, шунингдек, Кавказ, Қрим билан боғлайди.

Маданий-маориф, соғлиқни сақлаш ва спорти

2000/01 ўқув йилида вилоятда 530 умумий таълим мактабида 253 минг ўқувчи ўқиди. Гимназиялар, 2 академик лицейда 647 ўқувчи таълим олади (2002). Мусиқа ва спорт мактаблари, гимназиялар фаолият кўрсатмоқда. Вилоятда 2 олий ўқув юрти бор: Жиззах педагогика институти ва Жиззах политехника институти.

Ўзбекистон ғаллачилик илмий тадқиқот институти, оналик ва болаликни мухофаза қилиш илмий маркази фаолият кўрсатмоқда. Вилоят шаҳар ва туманларида 1998-2001 йилларда 7 коллеж ва 2 академик лицей бинолари қурилиб ишга туширилди. Улар замонавий ўқув қуроллари ва техника билан жиҳозланди. 32 касб-ҳунар коллежида 17293 ўқувчи таълим олади. Академик лицейларда тайёрлов, асосан, 4 йўналишда олиб борилаётган бўлса, касб-ҳунар коллежларида 33 мутахассислик бўйича ўқитилади (2002).

Юнус Ражабий номли мусиқали ва драмма театри

Вилоятда 5 музей (Жиззах вилоят ўлкашунослик музейи, Шароф Рашидов музейи, Зомин тарихи музейи, Ҳамид Олимжон музейи, Меҳнат Қаҳрамони Х. Носиров музейи), 289 жамоат кутубхонаси (8 млн. нусхадан ортиқ асар), 126 клуб, 12 туман марказий, 73 қишлоқ ва шаҳар маданият уйлари, 77 бадиий ҳаваскорлик, 54 фольклор-этнографик жамоалар, 12 мақомчилар гуруҳи, 60 хореографик ракс дасталари, вокал ва эстрада гуруҳлари фаолият кўрсатади. Жиззах вилоятида 3 театр: Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театри, вилоят қўғирчоқ театри, Гагарин шаҳрида қозоқ миллий театри бор. Вилоятда 1996 йилда ташкил этилган «Ўзбекнаво» гастрол концерт бирлашмаси бўлимининг ёш иқтидорли санъаткорларидан Л. Москалёва, Ф. Ибрагимова, Г. Султонова, О. Маликовлар «Ўзбекистон – Ватаним маним», «Янги тароналар», «Садо» кўрик танловларининг ғолиби бўлишди.

Болалар боғи

Жиззах вилоятида 5 маданият ва истироҳат боғи, 2 болалар боғи, «Сангзор кўли» истироҳат боғи, Ҳ. Олимжон номидаги шоирлар боғи, «Ўрда» оромгоҳи, Жиззах, Зомин, Ғаллаорол, Пахтакор шаҳарларида Хотира боғлари, «Маънавият ва маърифат», «Саломатлик ва гўзаллик», маҳалла ва ёшлар марказлари, «Истиқлол» ёшлар форуми, Бахт уйлари бор. Вилоятда Парпиота, Навкатота, Авлиёота Маликаждарота, Саъд ибн Ваққос, Сайфинота, Саврикота, Қавсота зиёратгоҳлари, Темур дарвоза, Хуттот, Қуёш тақвими обидалари, қадимий Жиззах, Ҳошим қўрғон, Абдуллахон қўрғони, Кўкработ, Сабат каби археологик ёдгорликлар мавжуд.

Жиззах вилоятида 67 касалхона, 47 та ҳудудий ва 13 марказий касалхона, 1 даволаш маркази, 16 махсус диспансер, 2,3 минг врач, шу жумладан стоматологлар, 9,9 минг ўрта маълумотли тиббий ходим бор. Вилоят тез ёрдам маркази, оналар ва болаларни муҳофаза қилиш илмий маркази, марказий болалар шифохонаси, вилоят туғруқхонаси, реабилитация маркази, ўсмирлар диспансери каби муассасалар ташкил этилди, 34 та хусусий шифохона, 170 дорихона, 7 та фитобар ишлаб турибди. Санаторий бор (2002).

Жиззах вилоятида спортнинг кураш, бокс, мото пойга, енгил атлетика, каратэ каби турларида республика ва халқаро мусобақалар ўтказиш одатга айланди. 2001 йилда Жиззахда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги ўқув юртлари талабаларининг «Баркамол авлод» спорт ўйинлари ўтказилди. Спортнинг 8 тури бўйича 2000 га яқин спортчи ёшлар Жиззах шаҳар, Пахтакор, Ғаллаорол, Бахмал туманларидаги стадион ва спорт залларида беллашдилар.

Вилоятда жами 28 стадион, 2 та сув спорти саройи, 18 теннис корти, 136 спорт зали мавжуд. Жиззах шаҳрида Олимпия захиралари коллежи ишга туширилди. Коллежда умумий майдони 9 га (72х102 м ёпиқ спорт манежи) спорт мажмуида бир вақтда 11 турдаги спорт машғулотлари олиб борилади. Коллеж 4 теннис корти, 1 сузиш ҳавзаси, 200 ўринли ётоқхонага эга. Шунингдек, 2 футбол мактаби фаолият кўрсатади. Вилоят ёш спортчилари орасида бокс бўйича Осиё чемпиони Лазизбек Зокиров, бир неча йиллардан буён шахмат бўйича халқаро мусобақалар совриндори, республика чемпиони Юлдуз Ҳамроқуловалар бор.

Адабиёти

Жиззах вилояти қадимдан илм-фан ва ижодкорлар ўсиб улғайган юрт. Бу заминда ўрта аcрларда шайх Абулҳасан Ҳараконий (950 – 1034), шайх Абу Али Фаюмардий (1084), Абу Тала ибн Наср ибн Жундабек ал-Усрушоний, Поянда Заминий, Соки Заминий каби ислом маърифати ва фиқҳ илмига улкан ҳисса қўшган алломалар яшаб ўтган. Кейинроқ XIX – XX асрларда Махмур Қоризий, Убайдуллоҳ Оламкаш, Нарзулло Нарзий, Иномхон Махжур сингари ижодкорлар бой адабий мерос қолдирган. XX – аср Ўзбек адабиёти ривожида Жиззахда туғилиб ўсган Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Шукур Саъдулла, Сарвар Азимов каби адибларнинг муносиб ҳиссаси бор. XX – асрнинг охирларида Жиззахдан Келди Қодир, Жонибек Қувноқ, Эргаш Муҳаммад, Саъдулла Ҳаким, Рустам Ғаниев, Асрор Мўминов, Оқилжон Ҳусанов, Шарофат Ботирова, Иброҳим Дониш, Сайёра Тўйчиева, Венера Иброҳимова, Саттор Қорабоев, Мели Норматов, Фароғат Камолова каби ижодкорлар Ўз маҳоратлари билан адабий жамоатчиликка танилди. Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, Шаҳло Аҳроровалар шеърияти, қўшиқчилик маҳорати билан ажралиб турди.

Матбуоти, радио ва телевидениеси

Жиззах вилоятида 3 газета («Жиззах овози», «Жиззах ҳақиқати», «Джизакская правда»), туман ва шаҳар газеталари чиқади. Вилоятда, шунингдек, тармоқ газеталари, журналлар ҳам нашр этилади.

Вилоят радиоси ўз эшиттиришлари билан вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрни ва мавқеига эга. 1990 йилда Жиззах вилояти телевидениеси ташкил этилиб, унинг биринчи кўрсатувлари эфирга узатилди. Жиззах шаҳрида «Бахтиёр – Шаҳбоз» фирмасининг телестудияси кўрсатувлар олиб боради. Вилоят телерадиокомпанияси кунига 8 соат, Жиззах шаҳар телевидениеси 12 соат ҳажмдаги эшиттириш ва кўрсатувлар олиб боради. Жиззах шаҳрида кабелли телевидение ҳам ишламоқда. Телетомошабинлар республика телевидениеси ва «Uzbektelecom» компаниясининг IPTV ҳизмати ёрдамида чет эл каналларини ҳам томоша қилишлари учун имкониятлар мавжуд.

Меъморий ва тарихий ёдгорликлари

Қадимги ва ўрта асрларда бунёд этилган меъморий ёдгорликлар бизгача етиб келмаган. Ўрта асрларга оид кўпгина қалъақўрғон ва карвонсаройлар тепа ва қўрғон (Кўлтепа, Оқтепа, Работ, Қўрғонтепа, Хонимқўрғон, Калиятепа) каби номлар билан аталади. Буларнинг сони 100 дан ортиқ. Жиззах ва Ғаллаорол туманлари ҳудудидаги Такалисойдаги қоятошларда ибтидоий чорвачилик, овчилик даврига оид мингдан ортиқ расм, Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах туманларида жуда кўп ер ости йўллари сақланган. 1956 йилда Бахмал тумани ҳудудидан Будда ибодатхонаси қолдиғи топилган. Парпиота, Малик Гиркушоқ, Авлиёи Сероб, Нуриддин масжидларининг қолдиқлари сақланган. Фориш туманида қадимги «Банд» тўғони қолдиғи ҳозир ҳам мавжуд. Жиззах туманида Узунота қабри бор. Бу ерда соҳибқирон Амир Темур 1404 йил декабрнинг сўнгги кунида бир кеча тунаган.

Жиззах шаҳри

Жиззах – Жиззах вилоятидаги шаҳар. Вилоятнинг маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Сангзор дарёси бўйида, 460 метр баландликда жойлашган. Тошкент – Самарқанд транспорт йўли ва Катта Ўзбекистон тракти ёқасида. Майдони 0,7 минг км2. Аҳолиси 132,5 минг киши (2000; 1939 йилда – 9 минг , 1959 йилда – 15 минг , 1970 йилда – 35 минг киши), асосан Ўзбеклар; рус, татар, украин, эроний ва бошқалар ҳам яшайди. Иқлими кескин континентал. Январнинг ўртача ҳарорати 1,5°, минимум ҳарорат –15°, июлнинг ўртача ҳарорати +28,5°, максимум ҳарорат ҳарорат +46°.

Юнон солномачилари Киропол ва Газони алоҳида тилга олишади. Археологлар Газо шаҳрининг ўрнини аниқ ва асосли тайин этмасаларда, тарихий манбаларда уни Самарқанд ва Тошкент оралиғида жойлашганлиги айтилади. Олимлар Газони кадимги Жиззах деб тахмин қиладилар. Топонимист олимлар Жиззах номини суғдийча «Дизак» («қалъача») сўзи билан боғлайдилар. Тарихда у Дизах номи билан юритилган.

Жиззах Ўрта Осиёдан ўтган бир неча қадимий карвон йўлининг туташган жойида вужудга келган. Ёзма манбаларда илк бор араб географ олимлари ва сайёхларидан Ибн Ҳавкал ва Муқаддасипларнинг асарларида Уструшонанинг Факнон вилоятидаги шаҳар деб тилга олинади. Шаҳар араблар истилосидан олдин ҳам мавжуд бўлган.

Жиззах IX–X асрларда сомонийлар, XI – XIII аср бошида қорахонийлар, Хоразм шоҳлар давлати, XIV – XV асрларда темурийлар давлати, XVI – XVIII асрларнинг 1-ярмида Бухоро хонлиги, XVIII аср 2-ярмидан 1866 йилгача Бухоро амирлигига тобе бўлган. Шаҳар бир неча марта инқирозга учраб, яна қайта тикланган. XVI – XVII асрларда аҳоли ҳозирги эски бозордаги Ўратепага кўчган. XIX асрнинг 60-йилларида у ҳам ҳаробага айланган. Кейинчалик яна тикланган. Жиззахда тегирмон, жувозхона, темирчилик устахоналари, кулолчилик корхоналари ва бошқалар ишлаб турган. Шаҳар XVI – XIX асрларда кўпгина тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлган. 1571 йилда Абдуллахоннинг Дашти қипчоқ хони Бобохон ва Тошкент ҳокими Дарвешхон билан Жиззахдаги тўқнашуви шаҳарга кўп талафот етказган.

Жиззахда 30 дан ортиқ саноат корхонаси ишлаб турибди. Улар орасида бадиий кулолчилик буюмлари корхонаси, «Сўғдиёна» фирмасининг тиббиёт маркази, сут-ёғ, электромеханика заводи, қурилиш материаллари комбинати, темир-бетон плиталар ишлаб чиқариш корхонаси, ип йигирув, пайпоқ тўқиш, устки трикотаж, мебел фабрикалари бор. Жиззахда «Соғпластмаскан» (Ўзбекистон-Сурия), «Базальт» (Ўзбекистон-Украина), «Кумуш» (Ўзбекистон-Тожикистон), «Жибри» (Ўзбекистон-Англия) қўшма корхоналари ишлаб турибди. 30 дан зиёд қурилиш ташкилоти фаолият кўрсатади. Шаҳарда истиқлол боғи, ёпиқ сув ҳавзаси, маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, «Пахтабанк», «Асакабанк», «Ғаллабанк», «Уй-жой қурилиш саноат банки», «Осиё» бозори, «Бахмал» савдо уйи, Хотира хиёбони, болалар истироҳат боғи каби йирик иншоотлар фойдаланишга топширилди. Шаҳар маҳаллаларида яшовчи аҳоли учун Олмазор, Тошлоқ, Улуғбек, Заргарлик, Кимёгар, Бобур, Ҳамзаобод, Ўратепалик, Ҳайробод, Раваллик номли замонавий маҳалла гузарлари мавжуд. Шаҳардаги 280 га яқин кўчанинг узунлиги қарийб 240 км ни ташкил қилади. Жиззахдан Тошкент шаҳрига, шунингдек, республиканинг бошқа вилоят марказларига автобус қатнайди. Аҳолига 600 дан зиёд савдо ва бир қанча маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари хизмат қилади.

Шаҳарда 3 олий, 7 ўрта махсус ўқув юрти, 2 касб-ҳунар, 2 академик ҳамда бизнес лицейи, гимназия, 30 га яқин умумий таълим мактаби бор. Мусиқали драма, қўғирчоқ театри, телемарказ, 8 болалар кутубхонаси (87 минг китоб), «Ўзбекнаво» вилоят концерт бўлими, «Ўзбекрақс» бирлашмасининг вилоят бўлими, 2 музей, 2 мусиқа, 4 санъат мактаби мавжуд. 3 спорт мактаби, марказий стадион, 25 футбол майдони, 2 сузиш ҳавзаси, теннис корти, 32 спорт зали ва бир қанча спорт майдонлари фаолият кўрсатади.

Ўрда, Бобо Як, Қалиятепа, Нуриддин Ҳожи мадрасаси каби тарихий ва меъморий ёдгорликлар сақланиб қолган. Жиззахда Я.Ғ. Ғуломов (1951, 1960-61), Ҳ. Муҳамедов (1956-59), М. Аминжонова (1964), С. Раҳимов (1966-70), Р. А. Бадахов (1980), Ў. Алимов (1982-84) ва бошқалар археологик қазишлар олиб борганлар. Жиззах ҳудудидаги Учтепа мавзесидаги III-IV-асрларга оид мозортепалардан турли сопол парчалари, тангалар топилди. Жиззах яқинида 1955 йилда Я. Ғ. Ғуломов жез даврига оид тош курсини топган.

Жиззахдан кўпгина машҳур кишилар: давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов, шоир Ҳамид Олимжон, адиб Сарвар Азимов, Ўзбекистон халқ артисти Хосият Азимова, 1941-45 йиллар уруши қахрамонлари Ж. Тўраев, Е.И. Иванин, Г.М. Губарков, Меҳнат Қаҳрамони Б. Пирматов ва бошқалар етишиб чиққан. Шаҳарда «Жиззах овози» ва «Джизакская правда» газеталари мунтазам нашр этилади (адади 2000).



Добавить комментарий