Блутус (Bluetooth) мобил қурилмаларни бир-бирига симсиз улаш воситаси. Ҳозирги кунда деярли барча замонавий компьютерларда ушбу функция мавжуд. Аммо нима учун айнан шундай номланишини биламизми? Ушбу мақоламизда кўриб чиқамиз.
Бу технология 10-100 метр масофадан радио тўлқинлари ёрдамида маълумот алмашиш, узатиш имкониятини яратади. Bluetooth — инглизчада «кўк тиш» маъносини англатиб, қадимги Дания қироли Гарольд II «кўк тиш» лақаби номига қўйилган. Технологияга блутус номининг берилиши бежиз эмас. Аслида у қадимги тарих билан боғлиқ. 900-йилларда Данияда Гарольд II Гормссон подшолик қилган. У қорачадан келган, жуда бақувват, келишган, иймонли (Даниядаги бутпараст халққа христианликни жорий қилган) подшо бўлган. Қабиладошлари ўз тилларида уни «Блатанд» («Blåtand») — «қорачагина» деб чақиришган. Гарольд II ўзининг афсонавий юришлари, скандинав халқларини бирлаштириши билан жаҳон тарихига кирган. Инглиз тарихчилари скандинав қиролининг номини «Bluetooth» (ингл. «blue» — кўк, «tooth» — тиш) деб қадимги ёзувларда қайд қилишган. Шундай қилиб, «қорачагина» — «кўк тишга» айланиб қолган.
1994 йилда шведлар компанияси «Ericsson» скандинав халқларининг ўтмишини эслаган ҳолда, афсонавий қирол Гарольд II Блутус номини тиклаш мақсадида янги ихтиро қилинаётган лойиҳага «Bluetooth» номини берган. 1998 йилда «Ericsson», «Nokia», «IBM», «Toshiba» ва «Intel» компаниялари бирлашиб, мобил қурилмаларни симсиз боғлаш технологиясини яратишга қарор қилишади, 1999 йилда эса «Bluetooth 1.0» технологияси рўёбга чиқади. Ҳозирда қўл телефонидан бошқа аппаратларга маълумот юбориш муаммо эмас. Қулоққа тақиб юрадиган «қўнғиз»-ешитгич, симсиз сичқончалар, маиший жиҳозларни бошқариш блутус қурилмалари ёрдамида инсонлар фаолиятини янада қулайлаштириб боряпти. Масалан, мобил қурилмалари ёрдамида «ақлли уйлар»нинг дарвозасини очиб-ёпиш, кондиционер, кир ювиш машиналарини бошқариш ва бошқалар шулар қаторига киради.
Ҳозирги кунда bluetooth-ускуналарнинг уч тури мавжуд:
1: қуввати — 100 мВт гача, ҳаракат радиуси — 100 метргача;
2: қуввати — 2,5 мВт гача, ҳаракат радиуси — 10 метргача;
3-1: қуввати — 1 мВт гача, ҳаракат радиуси — 1 метргача.
Гарольд II Блутус Скандинавияни бирлаштиргандек, «Bluetooth» технологияси дунёнинг 4000 яқин компанияларини бирлаштириб, умумжаҳон тараққиётига катта хисса қўшиб келмоқда.