Йиллик меҳнат таътиллари қандай ҳисобланади? - Ta’lim / Образование

Йиллик меҳнат таътиллари қандай ҳисобланади?

Ўқув йили тугамоқда: дарслар-маърузалар-семинарлар, тестлар-имтиҳонлар-ёқлашлар ортда қолди. Олдинда – қувноқ каникуллар, тоғдаги оромгоҳлар ва, албатта, таътил палласи. “Педагогларнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади?” ушбу саҳифада ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Йиллик меҳнат таътилига нималар киради?

yillik_tatil_berish_tartibi_230

Барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган 48 иш кунидан кўп бўлмаган муддат билан йиллик меҳнат таътили берилади.

Йиллик меҳнат таътиллар асосий, узайтирилган ҳамда қўшимча таътиллардан иборат бўлиши мумкин. Йиллик асосий таътилларнинг энг кам муддати 15 кун ҳисобланади.

Қуйидагиларга ходимларга ёши ва соғлиғи ҳолатини ҳисобга олиб, йиллик узайтирилган асосий таътил берилади:

  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга — 30 календарь кун;
  • ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига — 30 календарь кун.
  • Айрим тоифадаги ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилган таътиллар белгиланади.

Йиллик қўшимча таътиллар:

  • меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган (меҳнат жараёнида соғлиғига физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари таъсир этадиган) ходимларга,
  • оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ходимларга берилади.

Йиллик таътилларнинг муддати қандай ҳисобланади?

dars_taqdimoti_kalkulyator_tetrad-230

Кўплаб ташкилотларда йиллик меҳнат таътилларини ҳисоблашда адашишади. Ваҳоланки, таътилларнинг муддати қандай иш куни (5 ёки 6 кунлик иш куни) бўлишидан қатъий назар, 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига тўғри келиб қолган ва байрам (ишланмайдиган) кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.

Йиллик таътилнинг умумий муддати=асосий таътил ёки узайтирилган таътил+қўшимча таътил тарзида ҳисоблаб чиқарилади.

Шу билан бирга, ҳар бир йил учун чиқариладиган Президентнинг йиллик қўшимча дам олиш кунларини бегилаш тўғрисидаги фармонларига кўра, фармонда назарда тутилган қўшимча дам олиш кунлари сони йиллик меҳнат таътилининг умумий сонидан чегириб ташлаб берилади. Бунда ходимнинг тегишли иш йилига нечта қўшимча дам олиш куни тўғри келса, шунча кун йиллик меҳнат таътилидан олиб ташланади.


Ишланган вақтга мутаносиб равишда йиллик таътиллар қандай ҳисобланади?

Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ойдан кейин берилади. Иш йили календарь йилидан фарқли равишда меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади.

Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади.

Ходим иш берувчи билан келишиб таътиллар жадвалидаги вақтни ўзгартириши мумкин. Ходим таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак. Таътил иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.


Йиллик таътилларни қисмларга бўлиш ва ҳақ тўлаш тартиби

oylik_maosh_2021

Ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътил бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаган миқдорда қисмларга бўлиб берилиши мумкин. Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.

Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Таътил учун ҳақ тўлаш энг камида таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.

Мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади.

манба

Leave a Reply