Мактабларда ўқувчиларнинг якуний назорат имтиҳонларини ўтказиш масалаларида ХТВ брифинги - Ta’lim / Образование

Мактабларда ўқувчиларнинг якуний назорат имтиҳонларини ўтказиш масалаларида ХТВ брифинги

АОКАда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова иштирокида мактабларда ўқувчиларнинг якуний назорат имтиҳонларини ўтказиш масалалари мавзуда брифинг ўтказилди.

2021-2022 ўқув йилида якуний давлат аттестацияси Халқ таълими вазирининг 2022-йил 28-февралдаги 70-сонли буйруғига асосан ўтказилади.

Умумтаълим муассасаларида ўқув машғулотлари 2022 йил 25 май куни тугайди ва 9- ва 11-синф ўқувчиларини якуний назорат имтиҳонлари 26 майдан 15 июнга қадар ўтказилади.

2021-2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари она тили ва адабиёт, ўзбек тили/рус тили, математика, тарих, жисмоний тарбия ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича;

11-синф битирувчилари эса она тили ва адабиёт, математика, чет тили, тарих ва ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича якуний назорат имтиҳонларини топширадилар. Бунда танлов ҳар бир ўқувчининг ихтиёрига кўра 9-, 11-синфда ўқитилган фанлар доирасида танланади ва якуний давлат имтиҳони ўтказилишидан бир ой олдин ўқувчининг аризасига асосан амалга оширилади.

Вариатив ўқув режалари жорий этилган синфларда таълим оладиган ўқувчилар ҳам танлов фанларидан бирини якуний давлат имтиҳони ўтказилишидан бир ой олдин ариза асосида танлашади.

Ўқувчилар томонидан танланган фанлар бўйича таълим тилини инобатга олган ҳолда 9- ва 11-синф кесимида гуруҳлар шакллантирилиши ҳамда танланган ўқув фанидан якуний назорат имтиҳонини ўтказиш ҳақида умумий ўрта таълим муассасасининг Педагогика кенгаши қарор қабул қилади.

Шунингдек, байрам муносабати билан қўшимча дам олиш кунларини инобатга олган ҳолда умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синф ўқувчилари учун “Жисмоний тарбия” фанидан якуний назорат имтиҳонлари жорий йилнинг 2-7 май саналаридан 11-14 май кунларига кўчирилади.

 

Хўш, жорий йилда якуний имтиҳонлардан кимлар озод этилади?

Давлат тест маркази томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат сертификатга эга ҳамда чет тили фани бўйича В1 ва ундан юқори В2, С1, С2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчилар тегишли фандан ҳамда чет тили фанидан мактаб педагогика кенгашининг қарори асосида якуний назорат имтиҳонларидан озод этилади.

Якуний назорат имтиҳонларига ўқувчиларни киритиш юзасидан мактаб педагогика кенгаши ўтказиладиган кундан камида 10 кун олдин тегишли синф раҳбари томонидан ишчи гуруҳга умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги, чет тили фани бўйича В1 ёки ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга ўқувчилар рўйхатини ва сертификатлар нусхаларини тақдим этишлари лозим.

Шу ўринда жорий ўқув йили якунида  5-6-7-8 ҳамда 10-синфларнинг босқичли имтиҳонлари бўлмаслиги маълум қилинди, Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ва мактаб-интернатларида эса босқичли имтиҳонлар уларнинг ички низомларига мувофиқ ихтисослашув фанлари доирасида амалга оширилади.

Хабарингиз бор, Олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатлари Давлат тест марказининг abitur.dtm.uz сайти орқали онлайн қабул қилинади. Онлайн ҳужжат топшириш учун эса битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини киритиш талаб этилади. Шу боис Халқ таълими вазирлиги 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларидан ўз вақтида паспорт ва бугунги кунда ID карта олишларини сўраймиз. Бугунги кунга қадар амалдаги фуқаролик паспорти бўлган битирувчиларга ID карта олишнинг зарурияти йўқ.

Маълумот учун, жорий ўқув йилида мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчилар битиради.

Leave a Reply