Сўнгги йилларда ўқувчиларнинг ОТМ талабаси бўлиши, яъни ўқишга кириши репетиторга “борган ёки бормаганлиги” билан изоҳланмоқда. Бу қанчалик тўғри? Мактабда яхши ўқиб, мактабдаги билимлар билан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш мумкинми?
Кўп соҳаларда йил давомида қилинган ишлар декабр ойида сарҳисоб қилинса, умумий ўрта таълим муассасаларида сентябрь ойида мактаб битирувчиларининг олий таълим даргоҳларига ўқишга кирганликлари билан ўқитувчиларнинг ишига баҳо берилади. Ўқувчиларнинг эса ўқишга кирганликлари йил давомида репетиторга борганликлари билан изоҳланади. Репетитор ва мактаб ўқитувчисининг имкониятлари бир хилми? Келинг бир солиштириб кўрамиз.
1. Мактабда битта синфда 35-40, гоҳида эса 45 ва ундан кўп бола ўқийди.
Репетитор эса фақат 10 та бола билан шуғулланади.
2. Репетитор янги келган ўқувчининг бошланғич билимларини текшириб олади, ёки унга билим олиш истагида бўлган ёшлар боради. Репетитор дангаса ва ишёқмас болалар билан ишламайди. Мактабда эса хаммага билим бериш керак.
3. Мактабда мажлислар кўп бўлади. Репетитор эса мажлисда соатлаб ўтирмайди.
4. Мактабда ўқитувчидан тез-тез жадвал тўлдириб бериш сўралади, репетитор ўз устида ишлайди, у ҳеч қандай жадвалларни тўлдирмайди.
5. Мактаб ўқитувчиси ўқувчининг тарбиясига ҳам жавобгар. Репетиторга болани тарбияси аҳамиятсиз.
6. Мактаб ўқитувчиси учун давомат ўта муҳим. Репетиторга давоматни қизиғи ҳам йўқ.
7. Мактабда ўқувчи кўп ҳолларда баҳо учун ўқийди, ота-онаси уйда 2 баҳо учун уришмасин деб, синфдошидан уйга вазифани кўчиради. Репетитор эса баҳо қуймайди. Бола ўзи учун ўқийди.
8. Мактаб тарбияси оғир, оиласида муҳит ёмон болаларга ҳам эътибор қаратади. Репетиторда ўқийман деган одобли болалар бўлади.
9. Мактабда таълим олиш бепул. Репетиторга боланинг ота-онаси пул тўлайди, шунинг учун ўқийди. Пул кетганда!
10. Мактабда ўқувчи 15-17 та фанни ўқиб ўзлаштиришга мажбур. Репетитор билан эса фақат муайян (2-3) фанларни ўқитади.
11. Энг асосийси, репетитор билан мактаб ўқитувчисининг ойлик маошида жудаям катта фарқ бор. Репетитор ойлик маошини ўзи белгилайди. Камроқ куч сарфлаб, кўпроқ пул топади. Баъзида даромади ўз имкониятидан келиб чиқиб кўпроқ бўлади. Мактаб ўқитувчиси эса давлат томонидан белгиланган ойлик билан чегараланишга мажбур.
12. Репетитор ойлик маошни кўп ҳолларда нақд пул кўринишида олади, солиқ тўламайди. Мактаб ўқитувчиси эса пластик картага олади, солиқ тўлайди, “профсоюз” ва бошқа йиғинларга пули ушлаб қолинади.
13. Репетитор машғулот вақтини ўзига мос бўлган вақтга белгилайди, баъзида машғулот вақти имкониятига қараб ўзгариши ҳам мумкин. Ўқитувчида эса бундай имконият йўқ.
14. Репетитор машғулот учун 1,5 – 2 соат вақт ажратади, мактаб ўқитувчиси эса 45 минутда давоматни олиш, уйга вазифани текшириш, янги мавзуни тушунтириш ва уйга вазифани беришга улгуриши керак.
15 чидан … яна нималар қолиб кетди?
P.S. Репетитор сўзи лотинчадан (repetitio) олинган бўлиб, такрорлаш деган маънони англатади. Яъни мактабда берилган таълим репетитор томонидан такроран ўргатилади. Хулоса ўзингиздан.