Академик лицейларга ҳужжат топшириш қачондан бошланади? Имтиҳонни онлайн кузатса бўладими? Натижалар қачон эълон қилинади?
1. Академик лицейга кириш учун танловлар неча босқичда бўлиб ўтади?
Академик лицейларга қабул мактабларнинг 9-синф ўқувчилари орасидан 2 босқичли танлов асосида амалга оширилади.
Дастлаб ўқувчиларнинг психологик-педагогик жиҳатдан ривожланишига ташхис қўйилади (дастлабки танлов).
Мазкур танлов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳар йили 10 июнгача мактаблардаги иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш мақсадида психологик-педагогик ташхис қўйиш усулларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.
Дастлабки танловдан ўтган ўқувчиларни академик лицейларга ўқишга қабул қилиш учун имтиҳон ташкил этилади.
2. Қабул қачондан бошланади?
Дастлабки танловдан ўтган ўқувчиларнинг имтиҳонда қатнашиш учун аризалари Маслаҳат кенгаши томонидан ҳар йили 20 июндан 30 июнгача қабул қилинади.
Ҳар бир академик лицейда ўқувчиларни қабул қилиш бўйича академик лицей директори раислигида Маслаҳат кенгаши ташкил этилади.
Академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилиш квотаси ҳар йили 15 июнгача ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
3. Қандай ҳужжатлар топшириш керак?
Имтиҳонда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- таълим йўналиши, ўқув тили, шакли кўрсатилган ариза;
- туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт ёхуд ID нусхаси;
- 3,5х4,5 см 6 та расм.
Аризаларни ўқувчининг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар ҳам бериши мумкин.
Ўқишга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқини берувчи халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар, мусобақалар ғолиблари диплом, сертификат, гувоҳнома ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатларнинг аслини топширади.
Маслаҳат кенгаши юқоридаги ҳужжатлар тўлиқ бўлганда ўқувчининг ҳужжатларини қабул қилишни рад этиши мумкин эмас.
Шунингдек бугунги кунда, академик лицейларга онлайн ҳужжат топшириш тизими йўлга қўйилган. Ўқувчилар ҳужжатларини https://litsey.edu.uz/ портали орқали топшириши мумкин, бунда барча ҳужжатларнинг нусхаси бириктирилади.
4. Имтиҳон қачон ўтказилади, уларни онлайн кузатса бўладими?
Имтиҳонлар ҳар йили 10 июлдан 25 июлгача режа асосида ўтказилади.
Имтиҳон куни, имтиҳон фанлари рўйхати ва имтиҳон шакли 10 кун олдин ўқувчиларга улар ўқиётган мактаб етказилади, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади ва академик лицейнинг эълонлар тахтасига илиб қўйилади.
Имтиҳонлар ижодий ёки тест синовлари шаклида ўтказилади.
Ижодий имтиҳонлар оғзаки, ёзма иш, иншо, баён, диктант шаклида бўлиши мумкин.
Ижодий имтиҳонлар ҳар бир фан бўйича камида 5 – 7 нафар аъзодан иборат комиссия томонидан ўтказилади.
Имтиҳонлар катта биноларда ўтказилади, имтиҳон жараёнларини жамоатчилик ва ота-оналар кузатиб бориши учун онлайн эфирга узатилиши керак.
5. Имтиҳон натижалари қачон эълон қилинади?
Натижалар имтиҳондан кейинги кун академик лицей қарашли бўлган олий таълим муассасаси ёки академик лицей ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Халқаро олимпиадалар, танловлар, мусобақалар ҳамда фан олимпиадалари III босқичида 1–5-ўринларни эгаллаган ўқувчилар имтиҳондан озод этилади ва квотасдан ташқари қабул қилинади.
Ўқишга кирганларнинг 9-синфни битирганликка оид шаҳодатномаси академик лицей томонидан ўқувчининг мактабига сўров юбориш орқали олинади.
Академик лицей қайси олий таълим муассасасига тегишли бўлса ўша олий таълим муассасасида Апелляция комиссияси тузилади. Имтиҳондан норози бўлган ўқувчилар мазкур комиссияга шикоят қилиши мумкин.