Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари фарзандлар тарбияси ва уларнинг касб танлашида ота-оналарнинг ролини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказди.
Сўровнома натижаларига биноан:
Ёшларда тиббиёт йўналишидаги касбларга (15,5 фоиз) қизиқиш катталиги аниқланди. Кейинги ўринларни ўқитувчи (9,7 фоиз), IТ мутахассислиги (9,3 фоиз), иқтисодчи (соҳалар бўйича) (8,2 фоиз), тадбиркор (7,7 фоиз) каби касблар эгаллади.
Респондентларнинг 2,5 фоизи фарзандлари келажакдаги касби ҳақида ҳали қарорга келмаганини таъкидлаган. Қизлар кутилганидек кўпроқ шифокор (16,3 фоиз) ва ўқитувчи (13,8 фоиз) касбларини танлаган бўлса, ўғил болалар биринчи ўринда IТ мутахассислиги (18,7 фоиз), кейин эса шифокор (13,7 фоиз), иқтисодчи (13,2 фоиз) ва тадбиркор (11,2 фоиз) касбларини афзал кўрган.
Фарзандининг касб тўғрисидаги қарори қандай бўлмасин, ота-оналарнинг 81,6 фоизи бу қарорни бажонудил қабул қилишини, 12,7 фоизи эса ушбу қарорни ўзгартириш кераклигини илтимос қилишини айтган.
Ота-оналарнинг 55,7 фоизи фарзандларига нисбатан талабчанлик қилиш, керак бўлганда ёрдам кўрсатиш, 36,2 фоизи назорат қилиш орқали тарбия бериш лозимлигини, 6,4 фоизи эса фарзандларига эркинлик бериш кераклигини қайд этган.
❗️Сўровда қатнашган ота-оналарнинг 20 фоиздан ортиғи фарзандларининг ўқитувчилари билан бир ойда бир марта мулоқот қилишини, 16,4 фоизи эса умуман мулоқот қилмаслигини билдирган.