Кимёвий элементлар: Водород - Ta’lim / Образование

Кимёвий элементлар: Водород

Водород (Hydrogenium), Д.И. Менделеев даврий системасининг биринчи гуруҳига мансуб кимёвий элемент; атом массаси – 1,00797. Одатдаги шароитда рангсиз, ҳидсиз газ бўлиб, таъми йўқ. Металларга кислоталар таъсир эттирилганида ёнувчи газ ажралиши 16 ва 17 аср кимёгарларининг асарларида кўп эслатиб ўтилади. 1766 йилда инглиз кимёгари Г. Кавендиш ажралаётган газни йиғиб текшириб, “алангаланувчи ҳаво” деб атади ва ана шу газ флогистон бўлса керак, деб ўйлади. 1783 йилда А. Лавуазе сувни анализ ва синтез қилиш йўли билан унинг таркиби мураккаб эканини исбот этди. 1787 йилда эса “алангаланувчи газ”ни янги элемент деб таърифлади ва унга ҳозирги hydrogene (юнонча hydro (ὕδωρ) – сув ва gennao (γεννάω) – туғдираман,  «сувни ҳосил қилувчи» ) номини берди. Русча «Водород» номини 1824 йилда М. Ф. Соловьёв таклиф этган.

Водород ҳақида видео

Юклаб олмоқ   

    Водород табиатда кенг тарқалган бўлиб, ер пўсти (литосфера ва гидросфера)даги миқдори оғирлиги бўйича 1%, атомлар сони бўйича 16% ни ташкил этади. Ерда энг кўп тарқалган бирикма – сув (оғирлиги бўйича 11,19% водород) таркибида ҳамда кўмир, нефт, табиий газлар, тупроқ, шунингдек, ҳайвон ва ўсимлик организмлари (яъни оқсиллар, нуклеин кислоталар, ёғлар, углеводлар ва бошқалар) таркибида учрайди. Водород эркин ҳолда жуда кам, табиий газларда озгина, атмосферада жуда оз бўлади. Ер атрофида протонлар оқими сифатида Ернинг ички (“протон”) радиацион минтақасини ҳосил қилади. Фазода энг кўп тарқалган элемент ҳисобланади. Плазма сифатида Қуёш ва кўпчилик юлдузлар оғирлигининг ярмини, юлдузлараро муҳит ҳамда газ туманликларининг асосий қисмини ташкил этади. Бир қатор сайёраларда Н2 сифатида эркин ҳодда, метан, аммиак, сув Н2О, ва бошқа радикаллар сифатида учрайди.

   Оддий водород икки барқарор изотоп: енгил водород ёки протий (Н) ва оғир водород ёки дейтерий (2Н ёки D) лардан иборат. Табиий бирикмаларида бир атом 2Н га ўртача 6800 та Н тўғри келади. Радиоактив изотопи – ўта оғир водород ёки тритий (3Н ёки Т) сунъий йўл билан олинган. Бунинг ярим емирилиш даври Т1/2=12,262 й. Табиатда тритий космик нурлар нейтронларининг таъсирида азотдан ҳосил бўлади. Жуда беқарор изотопи 4Н ҳам олинган. Водород атоми бошқа элементлариникига нисбатан оддий бўлиб, ядро ва битта электрондан иборат. Электроннинг ядро билан боғланиш энергияси (ионизация потенциали) 13,595 эВ га тенг.

Водород – келажак ёқилғиси

Юклаб олмоқ      

   Водород маълум моддалар ичида энг енгили бўлиб (ҳаводан 14,5 баравар енгил), зичлиги 0,0899 г/л. Водород  +252,6° да қайнайди (суюқланади) ва – 259,1° да суюқланади (қотади). Барча газлар ичида водород энг кўп иссиқ ўтказувчандир. Водород сувда кам эрийди, лекин металлар (Ni, Pt, Pd ва бошқалар)да, айниқса палладийда яхши эрийди.

Водород саноатда табиий ва юлакай газлардан, кокс гази ва нефтни қайта ишлашда ҳосил бўлувчи газлардан олинади. электролиз йўли билан сувдан ҳам олинади. Метандан сув буғи ёки кислород таъсир эттириб олиниши асосий йўллардан ҳисобланади.

   Водород XVIII-асрдан бошлаб ҳаво шарларини тўлдириш учун ишлатилиб келган. Водород аммиак, метил спирт, синтетик бензин (синтин) ишлаб чиқаришда, қаттиқ ва оғир суюқ ёқилғилар, ёғларни гидрогенлашда, хлорид кислота синтезида, нефть маҳсулотларини тозалашда, металларни кавшарлаш ва қирқишда ишлатилади. Водород изотоплари – дейтерий ва тритий атом энергетикасида кенг қўлланилади.

 


One thought on “Кимёвий элементлар: Водород

Leave a Reply