Пифагор – (қад. грекча Πυθαγόρας ὁ Σάμιος, лот. Pythagoras; милоддан аввалги 570—490 йиллар) — қадимги юнон файласуф ва математиги. 530 йилдан жанубий Италиядаги Кротоне шаҳрида, кейинроқ Метапонт шаҳрида яшаган.
Бу юнон олимининг ҳаёти ҳақида унинг Самос оролида туғилганлиги ва 2500 йилча аввал Кротон (Италиядаги қадимги юнон колонияси)га келиб яшаб қолганлиги маьлум, холос. Бу ерда у фалсафий мактаб (пифагорчилар иттифоқи) тузган ва ўз шогирдлари – пифагорчилар билан биргаликда илм-фан билан шуғулланган. “Сон барча нарсанинг моҳияти, олам эса сонлар ва улар орасидаги муносабатларнинг уйғунлашуви” деган ғоялар Пифагор фалсафасида илгари сурилган. Шогирдлари фанда нимани кашф этган бўлсалар, уларнинг ҳаммасини устозимизнинг кашфиёти, деб ҳисоблашган. Шу сабабли кўпгина муҳим илмий кашфиётлар Пифагор номи билан боғланади. Геометрияда машҳур «Пифагор теоремаси» шунингдек тўғри кўп бурчаклар ва кўпёқлиларнинг тузилиши; география ва астрономияда – Ер шар шаклида эканлиги ва унга ўхшаш бошқа дунёлар ҳам мавжудлиги; мусиқада тор ёки най билан у чиқараётган овознинг узун-қисқалиги ўртасида узвий боғлиқлик борлиги ҳақидаги кашфиётлар шулар жумласидандир. Муҳими, буларнинг барчаси икки ярим минг йил муқаддам қилинган кашфиётлардир.
Пифагор кашфиётлари ичида энг муҳимларидан бири унинг теоремаси – мактабда ўқитиладиган Пифагор теоремасидир: тўғри бурчакли учбурчак томонлари ҳақидаги теорема бўлиб, унга кўра, агар тўғри бурчакли учбурчак томонлари бир хил масштабда ўлчанган бўлса, учбурчак катетлари узунликлари квадратлари йиғиндиси гипотенуза узунлиги квадратига тенг:
a2 + b2 = c2
Бунда a2 ва b2 – катетлар, c2 – гипотенуза.
Бу теорема қадимги Миср ва Бобилда маьлум бўлган, лекин биринчи исботи Пифагорга тегишли деб ҳисобланади. Ҳозир теореманинг ўндан ортиқ исботи маьлум.
Пифагор вафотидан сўнг у ҳақда кўплаб афсоналар тўқилганига ажабланмаса ҳам бўлади. Масалан, йигитлик чоғида Мисрга борган, бу ерда узоқ вақт истиқомат қилиб, мисрлик коҳинлар қўлида таҳсил кўрган; сўнгра Ҳиндистон томонга, Ганг дарёси бўйларида саёҳатга жўнаб, у ерда дин аҳли билан суҳбат қурган, деб ишонтирмоқчи бўлишган. Шунингдек, у ўзининг машҳур теоремасини исботлаганида, илҳом париларига миннатдорчилик сифатида юзта буқа сўйдирган, деб ҳикоя қилишади. Булар, албатта, афсона. Пифагор ва шогирдларининг кашфиётлари эса ҳақиқатан ҳам бўлган, улар яшаяпти ва абадий яшайверади.
Пифагор номини ҳурмат билан айтайин,
Учбурчакнинг тўғрисини сизларга танитайин.
Қаранг дўстлар учбурчакка, тўғри ҳамда басавлат,
Гипотенуза битта-ю, катетларга бадавлат.
Тўғри бурчак, ўткир бурчак безайди уч ёғини,
Баъзилардек ҳира, ўтмас бурчаклари йўқ уни.
Уч ажойиб томонларнинг бордер яхши одати,
Буни билган ўқувчилар айта олур ёдаки.
Қўшилса гар икки катет квадратлари қачон,
Гипотенуза қийматин квадрати ўша сон.
Қийналсангиз қилиб мушкулингизни осон,
Учунчисин топиб берар меҳрибон икки томон.
Иккитаси ачинишиб, учунчи бир дўстига,
Хатто кириб чиқишади илдизларнинг остига.
Ҳавас қилса арзийдиган чинакам дўст уч томон,
Бу томон дўстлигини бузолмас яхши ёмон.
Интернет сайтлари асосида Шукуров Шаҳзод тайёрлади.
Манбалар:
1. Пифагор (Материал из Википедии — свободной энциклопедии)
2. Знаете ли вы? 10 великих математиков.
3. Пифагор (образовательный портал)
4. Pifagor teoremasi
5. Mashxur shaxslar – Pifagor
6. Pifagor teoremasi (Vikipediya, ochiq ensiklopediya)