Дунёдаги давлатларнинг номлари қандай маънони англатишига ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Хар бир давлат номининг келиб чиқиши тарихий воқеалар билан боғлиқ. Қуйида кўпгина мамлакат номларининг келиб чиқиши тарихи келтирилган.
Аргентина — лотинча «argentum» сўзидан олинган бўлиб, кумуш маъносини билдиради. Бу ерларга испанлар илк бор келганида Рио-де-ла-Плата дарёси кумушга тўлалигини кўришган экан. Бу атамани биринчи бўлиб Мартин дель Барко Сентенера исмли шоир 1602 йилда «Аргентина ва Рио-де-ла-Платанинг ишғоли» номли шеърида қўллаган.
Кипр — бу ном лотинча «cuprum» сўзидан олинган. Маъноси — мис. Оролга мис конлари кўп бўлгани учун шундай ном берилгани айтилади. Аммо айрим тахминларга кўра, Кипр сўзи кипарис (сарв) дарахти номидан олинган бўлиши хам мумкин экан.
Барбадос номини испан тадқиқотчиси Педро Кампос берган. У оролда ўсган анжир дарахтларидан таъсирланиб, уни Los Barbados — «серсоқол» деб атаган.
Белиз номи испанча Питер Уэллис исмининг нотўғри талаффуз қилинишидан келиб чиққан. Айнан қароқчи Уэллис 1638 йилда Белизга илк кадам қўйганлардан ҳисобланади.
Бразилия худди шундай аталувчи қизил тусли дарахт номидан олинган.
Ватикан. Қадимги Римда Mons Vaticanus деб аталувчи тепа бор эди. Унинг пастида жойлашган кўчада фолбинлар макон қурганди. Вақт ўтиб католиклар маркази — Ватиканга ўша тепаликнинг номи берилди. Аслида бу сўз лотинчада «vaticinari» «башорат қилиш» иборасидан олинган.
Венесуэла номини саёҳатчи Америго Веспуччи берган. Бу ерда ҳам сув устида қурилган уйларни кўрган Веспуччининг ёдига Италиянинг Венецияси тушади ва Venezuola, яъни Кичик Венеция, дея хитоб қилади.
Канада — ирокез ҳиндулари тилида «қишлоқ» дегани.
Жибути давлати шарқий Африкада жойлашган. Афар халқи тилида бу ном «палма толасидан тўқилган ва эшик тагига тўшаладиган гиламча» маъносини англатади.
Испания. Қадимги Рим замонларида ҳозирги Испания ҳудудида қуёнлар жуда кўп бўлган экан. Шунинг учун финикияликлар бу ўлкани Испания — қуёнлар қирғоғи деб номлашган.
Либерия — лотинча «liber»- «озод» сўзидан олинган. Африка ғарбида жойлашган ушбу давлатга 1822 йили АҚШ томонидан асос солинган. Бундан кўзланган мақсад Америкада озод этилган қора танли кулларни шу ерга жойлаштириш эди.
Люксембург — немисчада «кичик қалъа» дегани.
Намибия давлатининг номи Намиб чўли номидан олинган. Намиб сўзи эса нама халқи тилида «ҳеч нарсасиз жой» маъносини билдиради.
Сальвадор — испанчада «халоскор» маъносини беради. Испаниялик сайёҳ Педро де Альварадо бу ўлкани Исо Масиҳ шарафига ана шундай номлаган.
Ямайка – ҳиндулар тилида “Hamaica” ёғоч ва сув мамлакати ёки эҳтимол булоқлар мамлакати деган маънони англатади.
Япония – Хитой тилида “ribenguo” ёки “қуёш чиқадиган мамлакат”, Япониянинг Хитойнинг шарқий қисмида (қуёш чиқадиган жойда) жойлашганлигини англатади. Япон олимлари “Nippon-guni Nihon-guga” ни соддалаштириб оддийгина Nihon ёки Nippon (“Қуёш чиқадиган мамлакат”) атамасига алмаштирдилар.