Болани дастурлашга ўргатувчи 10 та ўйин - Ta’lim / Образование

Болани дастурлашга ўргатувчи 10 та ўйин

Замонавий техника воситалари тараққий этаётган бир пайтда компьютер ўйинларининг ҳам кўплаб турлари ишлаб чиқилмоқда. Кўпинча компьютерда ўйин ўйнаб ўтирган болани кўрганимизда бизда салбий фикрлар уйғонади. Чунки биз фарзандимиз уларга беҳуда вақт сарфлаяпти, деб ўйлаймиз. Бироқ шуни ҳам ҳисобга олишимиз керакки, яъни шундай ўйинлар ҳам борки, улар нафақат ўйин балки дастурлаш учун қўлланма шаклида яратилган.

“Ўйлашимча, келажакда дастурчиларгина дастурлаш элементлари билан боғлиқ бўлмайдилар”– дейди Марк Цукерберг.


Фарзандларимиз келажакда дастурлаш асослари билан ҳаёт кечирар эканлар, уларни қийинчиликларга тайёрлаш, яъни дастурлашни ўргатишимиз керак. Болани дастурлашга ўргатиш шу қадар муҳимми? У келажакда футболчи ёки балерина бўлишни истаётган бўлса-чи? Жавоб жуда оддий: мантиқий фикрлаш ва ўз ишларини режалаштиришга ўргатиш учун дастурлашни билиш муҳим ҳисобланади. Ота-оналар замонавий фарзандлари кичик ёш давриданоқ планшет ва компьютерларни ёқишни билишини айтиб мақтанадилар. Техника воситаларига бўлган қизиқишни алгоритм тузувчи ва кодларни ёзишни ўргатувчи ўйинларни таклиф этиш орқали ёнма-ён олиб бориш мумкин. 

Нима деб ўйлайсиз, неча ёшдан дастурлашни бошлаш мумкин? Kodable ташкилотчиларининг айтишича, ушбу ўйин икки ёшли болаларга ҳам таклиф этилиши мумкин. Кодларни ўргатишни ҳарфларни ўрганишдан аввал бошлаш мумкин. Ҳатто миттивойлар ҳам қизиқ лабиринт бўйлаб югуришлари, кетма-кетликка эътибор берган ҳолда, бир вақтнинг ўзида дастурларни тузишни ўрганишлари мумкин. Маслаҳатлар графиклар ёрдамида тақдим этилган, шунинг учун фарзандингиз маълумотни ўқишига тўғри келмайди.

Kodable

«Kodable»ни бошланғич синфларда информатикани ўрганиш учун тавсия этадилар: ўқитувчи ва ота-оналар ўрганиш жараёнини назорат қилиш, мураккаблик даражасини белгилаш ва муваффақиятларни кузатиб боришлари мумкин. Энг кичик ёшдаги болажонлар учун жуда яхши илк қадамдир.

“Дастурлаш даври” деб номланган нотижорат ташкилот, халқаро ҳаракат томонидан ташкил этилган Code.org сайтида болалар ва катталар учун бир неча маърифий курслар тўпланган. Улардан фойдаланишни бошлаш ёши – тўрт ёш.

Code.org

Ягона ўйин ёрдамида ҳамма нарсани бир вақтнинг ўзида ўрганиш имконсиз, аммо турли мультфильм қаҳрамонлари иштирок этган қадамма-қадам ўрганиш тизими тақдим этилган. Босқичма-босқич ҳаракатланиб, қисқа дастурларни яратишни ўрганиш мумкин.

Смартфон ва планшетларда мавжуд бўлган ушбу ўйинда кичик робот буйруқларга бўйсуниб, керакли жойда лампочкани ёқиши керак. Бунда бола олдида турадиган асосий вазифа ўйинчоқнинг йўлини оддий буйруқлар ёрдамида режалаштиришдан, ота-оналарнинг вазифаси эса болакайларга расмларда нима акс этганини тушунтиришдан иборат.

Lightbot

Lightbotни ўйнайдиган бола келажакда истеъдодли лойиҳалаштирувчи бўлиши аниқ эмас, аммо ўз ҳаракатларини режалаштириш ва содда алгоритмларни тузишни ўрганади. Бу илова ҳам мактаб ёшидагилар ёки 4-6 яшарлар учун тавсия этилиши мумкин. Лойиҳа ташкилотчилари тўққиз ёшдан катта бўлган болалар учун ҳам мураккаб шаклдагисини таклиф этишган.Айтганча, ота-оналар ҳам йўналишларни тузишда бажонидил иштирок этишлари мумкин. Робот болаларга ажойиблиги билан ёқади, ота-оналарни эса ўзининг жиддийлиги билан ром этади.

Россия фанлар академияси буюртмасига асосан ишлаб чиқилган. “ПиктоМир” мактабгача ёшда бўлган болалар учун мўлжалланган бўлиб, жуда қизиқарли ишланган. Робот майдонни бўяйди, бола эса алгоритмларни тузишни ўрганади. Барча эслатмалар графиклар ёрдамида бажарилган, шунинг учун “ПиктоМир”ни ўқишни билмайдиган болаларга ҳам беш ёшдан бошлаб бериш мумкин, олимлар ҳатто болаларга ҳам тушунарли бўлишини таъминлаш мақсадида анча ҳаракат қилишган.

ПиктоМир

Агар ота-оналар инглиз тилини билишмаса ёки дастурлаш борасида билимга эга бўлишмаса, аммо фарзандларида мантиқий фикрлашни ривожлантириш истагида бўлишса, «ПиктоМир» улар учун қутқарувчи вазифасини бажаради. Мобиль кўринишлари iOS, Android ва Windows Phone учун мавжуд, аммо иккита охиргисини ишлаб чиқарувчилар сайти орқали юклаб олиш зарур.

Мазкур ўйининг маъноси вазифаларни бажариш ва кўрсаткичга қараб алгоритм тузиш бўлиб, у мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган. Тўғри оддий кўрсаткич етти ёшли болани узоқ вақт давомида қизиқтирмайди. Бироқ ўн ёшдаги ва ундан катта алгоритмлашдан хабари бўлган болаларни қизиқтириши аниқ, чунки энг қизиқ бошқотирмалар мураккаб бўлган босқичларда учрайди.

Robozzle

Robozzl янги масалаларни тузиш ва излаб топиш бўйича чексиз имкониятлар тақдим этади, шунинг учун нафақат дастурлаш алифбосини ўрганиш, балки такрорлаш ва амалиёт учун ҳам мос келади.

Мактаб ёшигача бўлган болалар ўзини қулай хис қиладиган, ўзлаштириш учун оддий бўлган яна бир ўйин «Cargo-Bot»дир. Ундаги матнлар кам бўлганлиги учун болалар дастлабки вазифаларни бажариши ва энг кам юришлар билан қутиларни жойдан жойга олишда бир неча ҳарфларнигина фарқлай билишининг ўзи кифоя қилади.

Cargo-Bot

Мураккаб масалалар эса ҳатто катталарни ҳам узоқ вақтга ўйлантириб қўяди. Бошқа ўргатувчи ўйинлар орасида Cargo-Bot ўзининг ёқимли расмлари билан ажралиб туради. Айтганча, Cargo-Bot бутунлай «iPad»да дастурлаштирилган.

Ғаройиб маймунни бошқаришни қадамма-қадам ўргатувчи онлайн ўйин, жуда содда тузилган. Ҳар бир янги босқич дастурлаш имкониятларини намойиш этади, кейинги масалани бажариш учун эса аввалги дарсга оид билимларни қўллашга тўғри келади.

CodeMonkey

Бананга етиб бориш учун бир неча дақиқа керак, шунинг учун дарслар бола зерикиб қолмаслиги ва улгуришини ҳисобга олган ҳолда, жуда қулай ишланган. «Code Monkey»нинг ютуғи шундаки, буйруқлар пиктограммалар ёрдамида берилади, вазифалар кетма-кетлиги эса деярли ҳақиқий кодлар қатори билан ёзилади.

«Scratch»ни мазкур рўйхатга қўшиш ноҳақликдир, чунки бу ўйни эмас, болаларни дастурлашга ўргатиш учун мўлжалланган махсус муҳитдир; киритмасликнинг ҳам иложи йўқ, чунки у аъло даражадаги ўргатиш кўрсатмасидир. Массачусетс технология университетига тегишли «Scratch»дан кенг омма фойдаланиши мумкин.

Scratch

Scratch имкониятлари унда масала ва босқичлари мавжуд эмаслигига қарамай катта таассурот қолдиради, бироқ уни қўллаш учун фантазия ва воситалар мавжуд. Ҳар бир дастурнинг мақсади болаларни мустақил равишда дастурлашга қаратилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу борада универсал ечим ҳам йўқ, бироқ алгоритмлашга ўргатувчи ўйинларнинг кўпчилигида етишмайдиган ижод учун имконият мавжуд. Scratch саккиз ёшдан бошлаб болаларга тақдим этилиши мумкин.

Узоқ чанг босиб ётган классикани ҳам унутиш керак эмас. «СeeBot»нинг ўргатувчи ўйинлари 2003 йилда таълим муассасалари учун махсус ишланма сифатида пайдо бўлди. Дастлаб яратувчилар янги сайёрани мустамлакага айлантириш ҳақида ўйин яратдилар, унинг қизиқ жойи шунда эдики, қаҳрамонларни бошқариш учун ўз дастурингизни ёзишингиз талаб этиларди. CeeBot эса ўхшаш кўрсатмаларга эга бўлган бир неча масалалардан иборат бўлган ўйин тариқасида ўргатувчи курсдир.

CeeBot

Янги сайёрда маҳаллий фаунани қириб ташлаётган дастурлаштирилган роботлар тарихи кичик ёшдаги болаларга тўғри келмаслиги мумкин, бироқ информатикага қизиқишни бошлаган ва алгоритм ҳақида тасаввурга эга бўлган ўсмирлар учун яхши қўлланмага айланади. СeeBot замонавий ўйинларга қараганда анча кўримсиз, аммо яна қайси ўйинда бола қаҳрамонларни максимал даражада С++га яқинлаштирилган шахсий дастурлар ёрдамида бошқариши мумкин?

CodeCombat жиддий, чунки бу ўйинда ҳақиқий кодлар ўргатилади ва ғолиб ҳақиқий дастурчига айланади. Сиз дастурлаш тилини ўзингиз танлаб, унда ўз қаҳрамонингиз учун буйруқлар ёзасиз (Ўйинда Python, JavaScript, Lua ёки CoffeScript га ўхшаган тажрибадагилар таклиф этилади) ва кристалларни қидириб саёҳатга равона бўласиз.

CodeCombat

Ўғил болалар ва қиз болалар бу ўйинни саккиз ёшдан бошлаб ўйнашлари мумкин. Ўрганиш ва эслатмалар рус тилида. Ўйиндан мактабларда ҳам фойдаланса бўлади. Ўйинда ҳар бир босқичнинг бошланишида бола дастурлаш тўғрисида қизиқ ва илҳом берувчи иқтибосларни ўқийди, улар болага “бу код ўз-ўзидан сени ўргатиб қўёлмаслиги”ни эслатади. CodeCombat “отишмалар”га қараганда кўпроқ жалб этади, дам олиш ва ўргатиш учун энг яхши ўйинлардан биридир.

Ана кўрдингизми, ҳар бир нарсани ижобийга айлантириш ўзимизга боғлиқ. Ўйлаймизки, юқорида номлари келтирилган ўйинлар ёрдамида фарзандимиз нафақат вақтини қизиқарли, шу билан бирга унумли ўтказади. Келажакда дастурчи касбида фаолият юритмаса ҳам, иш ва вақтини ақл билан режалаштирувчи инсонга айланади.

 


Leave a Reply