Шахмат ўйини ҳақида (видео) - Ta’lim / Образование

Шахмат ўйини ҳақида (видео)

Шахмат, шоҳмот (форс. шоҳмот — шоҳ ўлди) — спорт тури. Ўйиндан мақсад рақиб шоҳини мот қилиш. Шахмат икки хил (оқ ва қора) рангдаги 64 та тенг катакли тахта (сатҳ)да икки хил рангдаги 16 тадан дона (биттадан шоҳ ва фарзин, 2 тадан рух, фил ва от, 8 тадан пиёда)да ўйналади. Шахмат мусобақаси пайтида маълум сондаги юришлар қилиниши учун вақт (дастлабки 40 та юриш учун 2,5, 2 ва 1,5 соат ва ҳ.к.) ва ўйин тугамаса қўшимча вақт белгиланади. Тезкор шахматда ўйинни тугатиш учун аниқ вақт (30, 25, 15 ва 5 мин.дан) берилади. Сиртқи шахматда ҳар бир юришни амалга ошириш учун масофа ва алоқа воситаси турига қараб, кун ёки ҳафталар белгиланиши мумкин.

Шахмат тарихи

 

Шахматнинг келиб чиқиши чатуранга ўйинига бориб тақалади. Араб халифалиги даврида бу ўйин “шатранж” номи билан оммавийлашди. Араблар шахмат ёзувини жорий этгани учун шахмат ўйинлари матнига оид қимматли маълумотлар сақланиб қолган. Абулфатҳ Аҳмад ибн Сижзий “Шатранж китоби”да 819 йилда Хуросонда ўтказилган биринчи шахмат мусобақаси ва унда ғолиб чиққан ўртаосиёлик машҳур шатранжчи Абу Бакр ас-Сулий ҳақида ёзган. Ас-Сулий кўплаб шахмат воқеаларига қаҳрамон бўлиб кирган Абулфарож Лайложга устозлик қилган.

Шахмат 11-асрдан бошлаб Европада жадал ривожланди. 15-асрда шахмат қоидаларига ўзгаришлар киритилди. 1512 йилда Римда Дамианонинг “Бу китоб шахмат ўйнашни ўргатади” тўплами босилди ва у Европа тилларига таржима қилинди. 1575 йилда Мадридда Испания ва Италия шахматчилари ўртасида учрашув ўтказилди. 17-асрда Жоаккино Греко (Италия), 18-асрда Даникан (Француа Андре), Филидор (Франция), 19-асрда Говард Стаунтон (Англия), Адолф Андерсен, Иоганнес Сукерторт (Германия), Пол Морфи, Луи Паулсен (АҚШ), Игнац Колиш, Вилгельм Стейниц (Австрия— Венгрия), Александр Петров, Михаил Чигорин (Россия) каби шахмат усталари бу ўйиннинг ривожига катта ҳисса қўшишди. 1851 йилда Лондонда 1-халқаро мусобақа уюштирилди. Унда Андерсен ғалаба қозонди. 1886 йилдан шахсий жаҳон чемпионати ўтказилиши шахматни янада оммалаштирди. 1924 йилда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) тузилди. 1987 йилда тузилган Гроссмейстерлар ассоциацияси (кейин Жаҳон шахмат кенгаши, деб номланди) мустақил равишда шахмат бўйича бир қанча мусобақа, жаҳон кубоги ва чемпионатини ташкил этди. 2000 йилда Владимир Крамник ва Гарри Каспаров ўртасида ўтказилган мусобақада Крамник ғалаба қозонди ва жаҳон чемпиони, деб эълон қилинди. ФИДЕ шахматдаги бўлинишга барҳам бериш мақсадида мутлоқ жаҳон чемпионини аниқлаш учун бирлаштирувчи мусобақа белгилади.

Шахмат доналарининг харакатланиш тартиби

 

Ходы шахматных фигур

Шахмат доналарининг ҳаракатланиши тартиби

Длинная и короткая рокировка

Қиска ва узун рокировка

Взятие на проходе

Кесишув вақтида олиш

Ўзбекистонда шахмат

 

Ўзбекистон заминида шахмат чуқур илдиз отганини тасдиқловчи манбалар мавжуд. 1972 йилда Далварзинтепа (Сурхондарё)да олиб борилган археологик қазилмалар вақтида Кушон даври (1— 2-асрлар)га оид шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёб (Самарқанд)да ўтказилган тадқиқотлар чоғида 7—8-асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган. 9-асрда яшаган араб олими ва шатранжчиси ал-Адлийнинг ёзишича, шатранждаги инсон тафаккурини чеклаган шашхолдаги холларнинг тушишига қараб юриш (шашхол)нинг бекор қилиниши ва бу ўйиннинг ривожланишида Ўрта Осиё халқлари муҳим рол ўйнаган. Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи Саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Лисон уттайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” ва бошқалар тарихий асарларда шахмат (шатранж)га оид қимматли маълумотлар бор. Амир Темур даврида қучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган. Табризлик Али аш Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) Самарқандда ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан. Шатранж ҳақида китоб ёзиб, унга ўзининг ва 14-асргача Ўрта Осиёда яшаган кўплаб олия (гроссмейстер)ларнинг мансубаларини киритган. У соҳибқироннинг ўзи билан ҳам шатранж ўйнаб турган.

20-асрнинг 20-йилларидан Ўзбекистонда шахматнинг замонавий қоидалари кенг тарғиб этилиши бу спорт турининг ривожланишига туртки берди. Тошкент, Самарқанд, Кўқон ва бошқа шаҳарларда шахмат тўгараклари очилди. Азмиддин Хўжаев, Сергей Фрейман, Пўлат Саидхонов, Зокир Хўжаев кабилар шаҳрини тарғиб этишда жонкуярлик кўрсатишди. 1930 йилдан эркаклар, 1935 йилдан аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатлари ўтказила бошлаган (Александр Грушевский ва Лариса Пинчук энг кўп — 8 мартадан чемпион бўлишган). Турли даврларда Фёдор Дуз-Хотимирский, Сало Флор, Тигран Петросян, Паул Керес, Александр Котов, Марк Тайманов, Виктор Корчной, Анатолий Карпов каби таниқли гроссмейстерларнинг Ўзбекистонга келиб, маърузалар ўқиши, бир йўла ўйин (сеанс)лар ўтказиши, мусобақаларда қатнашиши мамлакатимиз шахмати ривожига самарали таъсир этди. 20-асрнинг 50-йилларидан бошлаб Мамажон Муҳитдинов, Улуғбек Элбеков, Сергей Пинчук, Роман Ким, Алла Мкртичан каби шахмат жонкуярларининг янги авлоди вояга етди. Республика шахмат-шашка клуби фойдаланишга топширилди, турли тоифадаги мусобақалар ўтказила бошланди, газета, журналларда шахмат рукнлари, Ўзбекистон телевидениесида шахмат кўрсатуви очилди, шахматга оид китобларни нашр этиш йўлга қўйилди. Исаак Бирбрагер, Ефим Рухлис каби шахмат композиторлари турли танловларда ғолиб чиқишди. Георгий Борисенкога сиртқи шахмат бўйича халқаро гроссмейстер унвони берилди. Георгий Аъзамов эса Ўзбекистондан етишиб чиққан 1-халқаро гроссмейстер бўлди (1984).

20-асрнинг 90-йилларидан Ўзбекистон шахматида юксалиш бошланди. Эркаклар терма жамоаси жаҳон шахмат олимпиадасида 2-ўринни эгаллади (1992), Осиё чемпионатида ғалаба қозонди (1999). Иброҳим Ҳамроқулов ўсмирлар ўртасида жаҳон биринчилигида ғолиб чиқди (1998). Рустам Қосимжонов Осиёнинг биринчи (1998), жаҳоннинг 17-чемпиони (2004) бўлди.

Нуфузли мусобақаларда юқори натижалар кўрсатгани учун ФИДЕ қуйидаги шахматчиларимизга халқаро гроссмейстер унвонини берди: Валерий Логинов, Александр Ненашев, Григорий Серпер, Сергей Загребелний, Сайдали Йўлдошев, Алексей Барсов, Михаил Салтаев, Рустам Қосимжонов, Рена Мамедова, Шуҳрат Сафин, Марат Жумаев, Дмитрий Қаюмов, Тимур Гареев (1992 — 2004). Бир неча шахматчи ва мураббийлар Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвони ва орден-медаллари билан мукофотланишди. Мамлакатда болалар ва ёшлар ўртасида ҳам шахматни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти. Шахмат “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, универсиада мусобақалари дастурига киритилган. Ўзбекистонлик ёш шахматчилар болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келишяпти. Ҳозирги вақтда Тошкент ва вилоятлардаги шахматга ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, шахмат клублари ва тўгаракларида 2689 мураббий фаолият кўрсатяпти. Мамлакатимизда 79984 киши (24320 нафари хотин-қизлар) шахмат билан бевосита шуғулланишади, улардан 3220 нафари шахмат разряд ва унвонларига эга (2003).

ФИДЕ таснифи бўйича жаҳон чемпионлари

Чемпионлик
йиллари
Ф.И.Ш. Давлат
1 1886—1894 Вильгельм Стейниц Австро-Венгрия, АҚШ
2 1894—1921 Эмануэль Ласкер Германия
3 1921—1927 Хосе Рауль Капабланка Куба
4 1927—1935 Александр Алехин Россия, Франция
5 1935—1937 Макс Эйве Голландия
6 1937—1946 Александр Алехин Россия, Франция
7 1948—1957 Михаил Ботвинник Россия
8 1957—1958 Василий Смыслов Россия
9 1958—1960 Михаил Ботвинник Россия
10 1960—1961 Михаил Таль Россия
11 1961—1963 Михаил Ботвинник Россия
12 1963—1969 Тигран Петросян Россия
13 1969—1972 Борис Спасский Россия, Франция
14 1972—1975 Роберт Фишер АҚШ
15 1975—1985 Анатолий Карпов Россия
16 1985—1993 Гарри Каспаров Россия, Хорватия
17 1993—1999 Анатолий Карпов Россия
18 1999—2000 Александр Халифман Россия
19 2000—2002 Вишванатан Ананд Ҳиндистон
20 2002—2004 Рустам Қосимжонов Ўзбекистон
21 2005—2006 Веселин Топалов Болгария
22 2006 — 2007 Владимир Крамник Россия
23 2007 — 2013 Вишванатан Ананд Ҳиндистон
24 2013 — ҳозир. Магнус Карлсен Норвегия

манба: © www.idum.uz

3 thoughts on “Шахмат ўйини ҳақида (видео)

Leave a Reply