Х-XI синф ўқувчилари учун касбий таълимни ташкил этиш тўғрисида низом - Ta’lim / Образование

Х-XI синф ўқувчилари учун касбий таълимни ташкил этиш тўғрисида низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимидаги ўрта таълим мактабларининг Х-XI синф ўқувчилари учун касбий таълим (кейинги ўринларда касбий таълим деб юритилади) беришнинг мақсади, вазифалари ҳамда уни ташкил этиш ва касбий таълим бериш амалга ошириладиган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг (кейинги ўринларда ЎИЧМ деб юритилади) фаолияти тартибини белгилайди.

Халқ таълими тизимидаги ўрта таълим мактабларининг Х-XI синф ўқувчилари учун касбий таълимни ташкил этиш тўғрисида
низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимидаги ўрта таълим мактабларининг Х-XI синф ўқувчилари учун касбий таълим (кейинги ўринларда касбий таълим деб юритилади) беришнинг мақсади, вазифалари ҳамда уни ташкил этиш ва касбий таълим бериш амалга ошириладиган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг (кейинги ўринларда ЎИЧМ деб юритилади) фаолияти тартибини белгилайди.

2. ЎИЧМ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.

3. Касбий таълим бериш ягона ва узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми бўлиб, ўқувчиларни келажак хаётида касб-ҳунарга бўлган эҳтиёжини қондириш, касбий билим ва кўникмаларини шакллантириш, республика иқтисодиёти тармоқлари учун зарур мутахассисларни тайёрлашни таъминлайди.

Касбий таълим бериш қуйидаги тартибда ташкил этилади:
Касбий таълимнинг асосий йўналишларини белгилаш, давлат талабларини ва тегишли меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, барча бўғинларда касбий таълим бериш тизими мутахассислари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларни илмий-методик адабиётлар ва ахборот маълумотлари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ЎИЧМ фаолиятини ташкил этиш бошқармаси, Республика таълим маркази ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан амалга оширилади.

Касбий таълимга қўйиладиган давлат талаблари, ўқув режалари ва дастурлари, технологиялар ва меъёрий ҳужжатларни амалиётга жорий этиш, шунингдек бевосита ЎИЧМ раҳбарлари ва мутахассисларига услубий ҳамда амалий ёрдам беришга йўналтирилган фаолият Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

4. Касбий таълим олиш халқ таълими тизимидаги ўрта таълим мактабларининг Х-XI синф ўқувчилари учун мажбурий бўлиб, бепул амалга оширилади.

5. Касбий таълим бериш муддати 2 йил бўлиб, ЎИЧМ ва унинг филиаллари базасида амалга оширилади.

6. ЎИЧМ юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

7. ЎИЧМнинг устави белгиланган тартибда тасдиқланади ва “ягона дарча” марказларида давлат рўйхатидан ўтказилади. ЎИЧМнинг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

8. ЎИЧМда таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Касбий таълим беришнинг мақсад ва вазифалари

9. Касбий таълим беришнинг асосий мақсади – X-XI синф ўқувчиларига махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касбга тайёрлаш ва касб-ҳунар ўргатиш, мустақил фикрлайдиган, ташкилотчилик қобилиятига ҳамда тадбиркорлик фаолияти бўйича кенг тушунчаларга эга бўлган, амалий касбий тажриба кўникмалари ривожланган шахсни тарбиялаш, уларга келгуси таълим босқичини (турини) ёки касб-ҳунар танлашга кўмаклашиш.

10. Касбий таълим беришнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • ўқувчилар томонидан касб-ҳунар сирларини ўрганишни таъминлаш, уларда касб-ҳунар олиш эҳтиёжини ривожлантириш;
  • ўқувчилар учун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касбий таълим бериш;
  • ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида касб-ҳунар олишга бўлган фазилатларини тарбиялаш;
  • таълимнинг узлуксизлигини ва изчиллигини, ЎИЧМ ўқув дастурларининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув дастурлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;
  • таълим-тарбия ва касб-ҳунарга ўргатиш жараёнига замонавий ва инновацион педагогик услубларни ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим ва касб-ҳунар бериш сифатини ошириш;
  • ўқувчиларда меҳнат қилиш ва мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, уларни касбга йўналтириш, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида таълим олишини давом эттириш йўлларини онгли равишда танлаш ва касбий таълим дастурларини ўзлаштиришга кўмаклашиш;
    касбий таълим жараёнида “уста-шогирд” анъаналари, маҳаллий ва хорижий илғор тажрибалардан келиб чиққан ҳолда касбий таълим беришнинг мақбул метод ва усулларидан фойдаланиш;
  • умумий ўрта таълим тизимида касбий таълим беришда эришилган ютуқлар, илғор иш тажрибаларини ўрганиш, оммалаштириш ва рағбатлантириш.

11. Касбий таълим беришнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун ЎИЧМларда зарур ташкилий, ўқув-услубий, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитлар яратиб берилади.

3-боб. Касбий таълим беришни ташкил этиш

12. ЎИЧМ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори билан ташкил этилади.

13. Касбий таълим бериш:

  • ўрта таълим мактабларининг X-XI синфлари ўқувчилари учун ЎИЧМда кундузги таълим шаклида амалга оширилади;
  • туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузурида ўқувчиларни ўқитиш, тарбиялаш, меҳнат ва касбга ўргатиш учун зарур шароит мавжуд бўлган ЎИЧМда ташкил этилади.

14. Касбий таълим бериладиган мактаблар сони ва уларнинг ҳудудий жойлашувидан келиб чиқиб, ЎИЧМнинг филиаллари ташкил этилиши мумкин.

ЎИЧМда касбий таълим бериладиган касблар турига қараб мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъий назар ҳар қандай корхона, ташкилот ва муассаса ёки фермер хўжалиги билан шартнома асосида касбий таълим ташкил этилиши мумкин.

15. ЎИЧМда тасдиқланган таянч ўқув режасига асосан ўқувчиларга ҳафтанинг бир кунида 6 соатдан, ўқув йили давомида жами 408 соат касбий таълим берилади, ҳар ўқув йили якунида X синф ўқувчилари учун 36 соатдан иборат ишлаб чиқариш амалиёти ўтказилади.

16. ЎИЧМда ўқувчиларга махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касб берилади, уларда касбий билимлар, тадбиркорлик, ишбилармонлик асослари, меҳнат ва касбнинг бошланғич кўникмаларини эгаллашлари, шунингдек уларнинг ўзига хос касбий қобилиятлари ва сифатлари ривожлантирилиши таъминланади.

Касбий таълим ўрта таълим мактаби битирувчиларига йўналишни ихтиёрий танлаш асосида таълимни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларида ёки фаолиятини ишлаб чиқаришда давом эттиришга кўмаклашади.

17. Касбий таълимнинг мазмуни ўқув режаси ва ўқув дастуридан иборат бўлади.

4-боб. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмуни

18. ЎИЧМда ўқув йили 2 сентябрдан келгуси йилнинг 25 майига қадар давом этади ва тўрт чоракка бўлинади.

19. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

  • ўқув йилининг давомийлиги – 34 ҳафта;
  • ҳафтасига бир кунлик дарс машғулотларининг давомийлиги – 6 соат;
  • дарс машғулотининг давомийлиги – 45 дақиқа;
  • дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги – 5 – 10 дақиқа.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди. Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.

20. Ўқув йили давомидаги таътилларнинг муддатлари қуйидагича белгиланади:

  • кузги таътил – 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун;
  • қишки таътил – 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;
  • баҳорги таътил – 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;
  • ёзги таътил (X синфларда) – меҳнат амалиёти тугаган кундан бошлаб 1 сентябргача.

21. Белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган ЎИЧМ синфлари тўлиқлиги шаҳарларда 25 нафардан ва қишлоқ жойларда 20 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган, олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида жойлашган ЎИЧМларда (унинг филиалларида), шунингдек ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

22. Касбий таълимнинг давлат талаблари ўрнатилган тартибда тасдиқланади.

23. Касбий таълим бериш таянч ўқув режаси ва намунавий ўқув дастури асосида амалга оширилади, заруратдан келиб чиқиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

24. Ўқувчиларнинг касбий таълим бўйича билим, кўникма ва малакаларини (компетенция)ларини аниқлаш ва назорат қилиш мақсадида ЎИЧМда қуйидаги назорат турлари олиб борилади:

жорий назорат – ўқувчиларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини мунтазам равишда назорат қилиш учун сўровлар, назорат ишлари ёки тестлар кўринишида ўтказилади;

оралиқ назорат – чорак (ярим йиллик) якунида ўқувчиларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун ўқув дастурининг бир қисми тугаганда амалга оширилади ва у ёзма (амалий) назорат иши ёки тестлар кўринишида олиб борилади;

босқичли назорат – ўқув йили тугаганда оғзаки, ёзма, амалий имтиҳон ҳамда тест синовлари кўринишида амалга оширилиб, унга асосан ўқувчининг якуний баҳоси, рейтинги аниқланади ва ўқувчини кейинги синфга ўтказишга қарор қилинади;

якуний назорат – ўқувчи танлаган мутахассислик бўйича касбий таълим бериш жараёни тугаганидан сўнг якуний давлат аттестацияси шаклида ўтказилади.

Жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

25. ЎИЧМдаги якуний назорат иши ўрта таълим мактаблари якуний давлат аттестациясидан камида бир ҳафта аввал ўтказилади.

26. ЎИЧМни муваффақиятли тугатган ўқувчиларга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги ҳужжат берилади. Якуний назоратдан ўта олмаган ўқувчиларга ЎИЧМ томонидан тасдиқланган маълумотнома берилади. Касб малакаси бўйича давлат намунасидаги ҳужжат шаклини тасдиқлаш ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

27. ЎИЧМдаги ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ бошқа масалалар таянч ўқув режага мувофиқ белгиланади.

5-боб. Ўқувчилар соғлиғини муҳофаза қилиш

28. Ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш ЎИЧМнинг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади. Тиббиёт ходимлари ЎИЧМ раҳбарияти ва педагог ходимлари билан бир қаторда даволаш-профилактика тадбирларини ташкил этиш, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена талабларига риоя қилиниши учун масъулдирлар.

29. ЎИЧМ раҳбарияти томонидан тиббиёт ходимларининг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар (махсус жой, мебель ва тиббий жиҳозлар, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дори-дармонлар) яратиб берилади.

6-боб. Касбий таълим бериш учун педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш

30. Педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, касб маҳоратининг рақобатбардош даражада сақлаб турилиши туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан ташкил этилади ва назорат қилинади.

31. ЎИЧМ раҳбарияти педагогларнинг обрў-эътибори ва ижтимоий мақомини, уларнинг масъулияти ва касб маҳоратини ошириш бўйича аниқ йўналишли ишларни амалга оширади, уларнинг тизимли равишда малака оширишлари ва ўз устида ишлашлари, касбий таълим бериш жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек янги ўқув дастурлари жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратади.

32. ЎИЧМ ишлаб чиқариш таълими усталари ва мос касб-ҳунарлар бўйича мутахассислар ўз йўналишлари бўйича олий ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасаларида қайта тайёрловдан ўтадилар ва малака оширадилар.

7-боб. Касбий таълимни бошқариш

33. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактаблари 10-11-синфларда ташкил этиладиган касбий таълимни бошқариш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланади.

34. ЎИЧМга бевосита раҳбарлик қилиш тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан тайинланган директор томонидан амалга оширилади. ЎИЧМ директори муассасанинг ташкилий-ҳуқуқий, касбий таълим бериш, ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва молиявий-хўжалик фаолиятининг ташкил этилишига бевосита масъул ҳисобланади.

35. ЎИЧМда педагогик ва методик кенгашлар тузилади, улар фаолиятининг тартиби, ваколати, ҳуқуқ ва мажбуриятлар доираси, шунингдек касбий таълим иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ЎИЧМнинг намунавий уставида белгиланади ва тартибга солинади.

36. Педагогик кенгаш ЎИЧМ ўқув-тарбия ва касбий таълим бериш жараёнининг ташкил этилишида олий бошқарув органи ҳисобланади.

37. ЎИЧМни аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

38. ЎИЧМнинг раҳбар ва педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

8-боб. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини молиялаштириш
ва моддий-техник таъминоти

39. ЎИЧМнинг фаолиятини молиялаштириш белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

40. ЎИЧМга бюджетдан ташқари қўшимча маблағларни жалб этиш бюджетдан молиялаштириш камайтиришга олиб келмаслиги лозим.

41. ЎИЧМ ўз уставида белгиланган мақсадларга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

42. ЎИЧМ фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
  • ЎИЧМнинг тадбиркорлик фаолиятидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатиш, бино ва иншоотларни, жиҳоз
    ва анжомларни ижарага беришдан олинган даромадлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотларнинг грантлари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

43. ЎИЧМ штатидаги ходимлар сони ЎИЧМнинг намунавий штатларига мувофиқ белгиланади.

44. ЎИЧМда ўқувчиларга бепул касбий таълим берилишидан ташқари, қўшимча пуллик таълим хизматлари кўрсатилиши мумкин.

45. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк ЎИЧМнинг мол-мулки таркибига киритилади.

46. ЎИЧМнинг мол-мулки ва пул маблағлари сарфланиши учун бевосита унинг раҳбари жавобгар ҳисобланади.

47. ЎИЧМ томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий ва статистик ҳисобот юритилади.

48. ЎИЧМ ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда иш ҳақига устамалар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

49. ЎИЧМнинг моддий-техник таъминоти ва кадрлар билан таъминланиши белгиланган нормативларга мувофиқ эҳтиёжлар асосида амалга оширилади.

9-боб. Якуний қоидалар

50. ЎИЧМнинг халқаро ҳамкорлиги халқаро шартномалар асосида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилади.

51. ЎИЧМ ўқувчиларнинг ота-оналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан узвий алоқада фаолият кўрсатади.

52. ЎИЧМда уларнинг иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотлар, жумладан, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар ташкил этилишига ва фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

53. ЎИЧМни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун талабларига мувофиқ ўқув йили якунида муассис (таъсисчи) томонидан амалга оширилади.

54. ЎИЧМ тугатилган тақдирда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига ва ЎИЧМ уставига мувофиқ фойдаланилади.

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

Facebook даги саҳифамизни кузатиб боринг

Leave a Reply