Тошкент шаҳри умумтаълим муассасаларида “Khan Academy O‘zbek” электрон платформасидан фойдаланган ҳолда таълим бериш йўлга қўйилади - Ta’lim / Образование

Тошкент шаҳри умумтаълим муассасаларида “Khan Academy O‘zbek” электрон платформасидан фойдаланган ҳолда таълим бериш йўлга қўйилади

Жорий йилнинг 1 июль куни Халқ таълими вазирлиги ҳамда «BILIM ONLAYN» нодавлат нотижорат муассасаси ўртасида Тошкент шаҳри умумтаълим муассасаларида “Khan Academy O‘zbek” электрон платформасидан фойдаланган ҳолда таълим бериш бўйича меморандум имзоланди.

Платформа Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларда ўқувчиларнинг мустақил билим олиши учун электрон таълим ресурси сифатида кўмак беради.

Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад умумтаълим муассасалари битирувчилари ўртасида STEM фанларини чуқур ўрганган ҳолда, инновацион ва илғор тажрибалардан фойдаланиб, олий таълим муассасаларига қамровини оширишдан иборат.

Дастлабки босқичда Khan Academy томонидан тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳридаги 215-сонли ҳамда 222-сонли умумтаълим муассасаларида таълим жараёни платформадаги электрон ресурслардан фойдаланган ҳолда ўқитиш, шунингдек моддий техник базасини мустаҳкаш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун ушбу мактабларга ўқув жараёни сифатини оширишга ва мустақил ўрганишга қаратилган методик қўлланмалар тайёрланиб, ўқитувчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилади, ҳамда платформадаги электрон ресурслардан фойдаланиш учун 80 га яқин компьютер жиҳозлари тақдим этилади.

Мазкур тажриба-синов ишлари Тошкент шаҳрида муваффақиятли амалга оширилган тақдирда платформани Республикамизнинг бошқа худудларидаги мактабларга ҳам тадбиқ қилиш режалаштирилган.

Khan Academy Oʻzbek — ўзбек тилидаги илк бепул онлайн платформа бўлиб, математика, физика, кимё, биология, иқтисодиёт, инглиз тили грамматикаси, тиббиёт, астрономия, молия, тарих каби фанлар бўйича 10 мингдан зиёд видеодарслар ва 6 млндан ортиқ мавзулаштирилган интерактив машқларни жамлаган. Бугунги кунда мазкур платформадан Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ ёшлар фойдаланади. Khan Academy платформасининг контенти бугунги кунда 36 та тилга таржима қилинган бўлиб, ундан 190 дан ортиқ давлатда 80 миллиондан ортиқ одам фойдаланади.

Платформадан фойдаланиш — бепул.

Leave a Reply