Умумий ўрта таълим муассасалари учун 2024-2025 ўқув йилига мўлжалланган танлов фанлар бўйича ўқув режа тасдиқланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 96-сонли (26.03.2024 йил) «Умумий ўрта таълим муассасалари юқори синф ўқувчиларининг қизиқиши ва қобилиятига кўра фанларни чуқурлаштириб ўқитиш ҳамда замонавий касбларни ўргатиш тўғрисида»ги буйруғи эълон қилинди.
Унга кўра 2024-2025-ўқув йилига қадар:
- умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида танлов фанлари ҳамда бизнес ва касб-ҳунар йўналишларидан бирини танлаш бўйича сўровномалар ўтказилади;
- сўровнома натижалари ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларининг имкониятларини инобатга олиб, йўналишлар бўйича умумий ўрта таълим муассасалари рўйхатини шакллантирилади;
- шакллантирилган умумий ўрта таълим муассасалари рўйхатини тасдиқлатиш бўйича тегишли ишларни амалга оширади.
Умумий ўрта таълим муассасаларида танлов фанлари қуйидаги йўналишлар бўйича ташкил этилади:
- математика – физика;
- кимё – биология;
- она тили ва адабиёт – чет тили;
- математика – чет тили.
Танлов фани жорий этиладиган синфда йўналишлар бўйича таълим жараёни мазкур буйруқнинг 2-иловаси билан тасдиқланган ўқув режалар асосида ташкил этилади.
Хорижий тиллар йўналиши бўйича танлов фанлари жорий этиладиган синфларда қуйидаги чет тилларидан бири иккинчи хорижий тил сифатида танланади:
- инглиз тили;
- корейс тили;
- немис тили;
- француз тили;
- хитой тили;
- япон тили.
Хорижий тиллар йўналиши бўйича танлов фанлари жорий этиладиган синфда таълим жараёни мазкур буйруқнинг 3- ва 4-иловалари билан тасдиқланган ўқув режалар асосида ташкил этилади.
Бизнес ва касб-ҳунар йўналиши жорий этиладиган синфларда касб йўналиши ҳамда қўшимча равишда иқтисодиёт ва бизнес фани танланади ва битта йўналиш ташкил этилади.
Бизнес ва касб-ҳунар йўналиши жорий этиладиган синфларни ташкил этишда мазкур буйруқнинг 7-иловаси билан тасдиқланган умумий ўрта таълим муассасаларида ўргатиладиган касб-ҳунарлардан мактаб ўзининг имкониятлари, ҳудудий шароити ва ота-оналарнинг фикрларидан келиб чиқиб, керакли йўналишлар бўйича ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказади.