Ўзбекистонда мактаблар «Замонавий мактаб» мезонлари асосида баҳоланади

«Ўзбекистонда «Замонавий мактаб»ларга қўйилган талаблар, баҳолаш тартиби ҳамда баҳолаш методикаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Эндиликда мактаблар шу мезонлар асосида баҳоланади», – дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

zamonaviy_maktab

Унга кўра, президент қарори билан, Ўзбекистонда Ofsted ва Жаҳон банки экспертлари ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси «Замонавий мактаб»ларга қўйилган талаблар, баҳолаш тартиби ҳамда баҳолаш методикасини ишлаб чиқди.

«Замонавий мактаб»ларни баҳолаш бўйича 11 та йўналиш, 38 та мезон ва 150 та кўрсаткичлар қуйидаги 4 та асосий соҳа бўйича амалга оширилган:

  • таълим ва тарбия жараёни (умумий баллнинг 30 фоизи);
  • умумтаълим муассасасини бошқариш (умумий баллнинг 20 фоизи);
  • малакали мутахассислар билан таъминланганлиги (умумий баллнинг 20 фоизи);
  • моддий-техник базаси ва инфраструктураси (умумий баллнинг 30 фоизи).

Тажриба-синов тариқасида 42 та (ҳар бир ҳудуддан 3 тадан) мактаб «Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талаблар асосида баҳоланди.

Натижада ушбу 42 та мактабдан 8 та (19 фоиз) мактаб «Замонавий мактаб» мақомига эга бўлди, 34 таси (81 фоизи) эса ушбу мезонларга тўлиқ жавоб бермагани аниқланди.

«Замонавий мактаб» мақомига эришган мактаблар ва уларнинг натижалари қуйидагича:

  • 1 та мактаб – «2-даражали «Замонавий мактаб» мақоми;
  • 7 та мактаб – «3-даражали «Замонавий мактаб» мақоми.

Баҳолаш натижасида ҳар бир мактабга 38 та мезон бўйича кўрсаткичларни яхшилаш бўйича тавсиялар берилади ва «Замонавий мактаб» даражасига олиб чиқиш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгиланади.

Маълумот учун, йил якунига қадар республика бўйлаб 750 та умумтаълим мактаблари «Замонавий мактаб»лар мезонлари асосида баҳоланиши режалаштирилган.

манба

🔥2.3 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853