Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори (572-сон, 17.09.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан:
– педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш бўйича вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳамда таълим муассасалари миқёсидаги аттестация комиссияларини тузиш ва йиғма жилд орқали ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилинади;
– педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш уларнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигини баҳолаш ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўқув фани бўйича малака синовини ўтказиш орқали амалга оширилади;
– педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси (лавозим) бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш ДХМ ёки ЯИДХП ёхуд Таълим инспекцияси расмий веб-сайтидаги махсус портал орқали амалга оширилади;
– педагог кадрларга қоғоз шаклидаги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат бериш амалиёти бекор қилиниб, электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилади;
– педагог кадрларга бунгача берилган сертификатлар ўз кучида қолади ва амал қилиш муддати тугагунга қадар сертификатда кўрсатилган малака тоифаси (лавозими) бўйича базавий тариф ставкалари асосида ҳақ тўлашда ҳисобга олинади.
2022 йил 1 январгача “pedkadr.tdi.uz” платформаси ишлаб чиқилади.
Пенсия ёшига тўлган педагог кадрлар навбатдаги аттестацияга жалб этилмайди, аттестациядан ўтганлик муддати тугашидан қатъи назар уларнинг амалдаги малака тоифаси (лавозими) сақлаб қолинади ҳамда мазкур малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади.
Пенсия ёшига тўлган педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтиб, малака тоифаси оширилган тақдирда, уларга янги тасдиқланган малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади.
Қарор билан шунингдек, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.