Педагоглар аттестацияси бўйича муҳим саволларга жавоблар (#6) - Ta’lim / Образование

Педагоглар аттестацияси бўйича муҳим саволларга жавоблар (#6)

Ушбу саҳифада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси телеграм ботига педагоглардан келган бир қатор саволларга соддалаштирган ҳолатда жавоблар билан танишишингиз мумкин.


Аттестация

Савол: Ходим кетма-кет 2 марта аттестатцияга жалб килинган. Иккаласида хам паст балл олиб, мутахассис лавозимига мувофиқ эмас деб топилган. Шунга кўра ходим билан меҳнат шартномаси бекор килиниши мумкинми?

Жавоб: Аттестация комиссиялари мутахассис, олий ёки ўрта махсус, профессионал маълумотли ўқитувчи лавозимидаги педагог кадрлар бўйича «Аттестациядан ўтмади, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, профессионал маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас» қарорини қабул қилса, улар навбатдан ташқари малака ошириш курсларига юборилади ҳамда кейинги йилда қайта аттестацияга жалб этилади.

Аттестация комиссиялари қайта аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар бўйича «Аттестациядан ўтмади, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, профессионал маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас» қарорини қабул қилса, иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат ҳақидаги қонунларда белгиланган тартибда бекор қилинади.

 

Савол: Мен пенцияга чиқиб мактабда дарс бераяпман.Шу йили олий тоифа учун имтиҳон топширдим. Лекин паст балл тўплаганим сабабли, тоифамни туширишди. Бу тўғрими?

Жавоб: Агар сертификат муддати 2019 йил 13 майдан олдин тугамаган бўлса, пенсия ёшидаги педагогларнинг мавжуд малака тоифалари ва лавозимлари таълим муассасаларида ишлаган даврида сақланиб қолади. Шунингдек, қарор билан уларнинг малака тоифаларига ихтиёрий равишда жалб этилишлари белгилаб қўйилган.

 

Савол: Магистратура босқичини тамомлаганман. Ўтган ўқув йилида 1 тоифа учун аттестацияга ҳужжат топшириб, 55 балл тўпладим. Ушбу ҳолатда магистратура даражасидаги диплом билан тоифамни сақлаб қола оламанми?

Жавоб: Магистр даражасидаги педагоглар дастлаб ишга қабул қилинган кундан бошлаб, 5 йил давомида иккинчи малака тоифаси ёки катта ўқитувчи лавозими берилади. Беш йилдан кейин белгиланган тартибда навбатдаги аттестацияга жалб қилинади.
Агар талабгор навбатдаги аттестацияда белгиланган кўрсаткичларнинг барчасидан 60 ва ундан юқори балл тўплай олмаса, мутахассис лавозимига туширилади.

 

Савол: Ассалому алайкум. Олий тоифали ўқитувчи 5 йилдан сўнг кайта аттестациядан ўтадими ёки муддатдан олдин хам ўтиши мумкинми?

Жавоб: Аттестациянинг асосий принциплари мажбурийлик, даврийлик, ошкоралик, кенгашиб иш кўриш ҳамда холислик ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан барча тоифадаги педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта малака тоифа аттестациясида иштирок этишлари лозим.

📌 Асос: Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 392-сонли қарори

 

Leave a Reply