Ҳукумат қарори билан мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг педагогларига малака тоифалари беришнинг янги тартиби белгиланди.
Унга кўра педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш икки босқичда амалга оширилади ҳамда иккита босқич бўйича умумий 100 баллик тизимда баҳоланади. Шунингдек, аттестация учун мактабдан 20 баллик маълумотнома бериш амалиёти бекор қилинди.
Бунда: мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим педагог кадрлари бўйича:
биринчи босқичда — педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида 40 та тест топшириғи берилади. Ҳар бир тўғри бажарилган тест топшириғи 2 балл билан баҳоланиб, тест синовлари учун жами 80 балл берилади;
иккинчи босқичда — педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида илғор педагогик услуб ва технологияларни («cаsе study» услуби, лойиҳалар услуби, ҳамкорликда ўқитиш, «амалий ўйин», интерфаол таълим услуби ва бошқалар) қўллаш бўйича 10 та топшириқ берилади. Ҳар бир тўғри берилган жавоб 2 балл билан баҳоланиб, жами 20 балл берилади.
Ўрта махсус ва профессионал таълим педагог кадрлари бўйича:
биринчи босқичда — педагог кадрнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги;
иккинчи босқичда — ўқув фани бўйича билим даражаси баҳоланади.