Жорий йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган «9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни»га бағишланган Антикоррупцион ҳафталик доирасида «Очиқ эшиклар куни»да вазирлик раҳбарияти, масъул мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Бу ҳақида Халқ таълим вазирлиги хабар бермоқда.
Тадбир Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг жамоатчилик ва фуқаролар олдида очиқлигини таъминлаш ҳамда журналист, блогерлар шунингдек фуқароларни коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларга оид саволларига жавоб бериш мақсадида ташкил этилди.
Хабардор сайти журналистининг “Ўқитувчиларимизнинг ойлиги қачон давлатимиз раҳбари айтганидек 1000 АҚШ долларига етказилади?” саволига Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов қуйидагича жавоб берди:
– Давлатимиз раҳбари томонидан 2024/2025 ўқув йилигача энг муносиб ва энг яхши ўқитувчиларнинг ойликларини 1000 АҚШ долларига етказиш топшириғи берилган. Ҳозир ҳам 1000 доллар атрофида ойлик олаётган ўқитувчиларимиз бор. Лекин ҳамма ўқитувчиларнинг ҳам ойликлари 1000 доллар бўлмайди. Фақатгина муносиблариники ушбу суммага етказилади, – деди Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов.