Синфда давомат кам бўлса, синф раҳбарига чора кўриладими? - Ta’lim / Образование

Синфда давомат кам бўлса, синф раҳбарига чора кўриладими?

Савол: Ассалому алейкум! Мен ўқитувчиман 30 йиллик стажим бор. 11 синф раҳбариман. Ҳозирги кунда битирувчи  синфларнинг энг катта муаммоси давомат бўлиб қолди. Шу сабабли мени синфимда ҳам давомат тўлиқ бўлмаяпти. Қанча ота-оналарга мурожаат қилишимга қарамай давомат масаласини ҳал этолмаяпман. Давомат туфайли директор мени устамамни тўхтатди ва 30% ойлигимдан ушлаб қолди. Ҳар сафар давомат орқасидан ойлигингни кесаман, 100 модда билан ишдан ҳайдайман деб менга пўписа қилаяпти, қандай йўл тутишим керак? Ҳар сафар жарима тўлашга ёлғиз онаман, 2та фарзандим бор, вояга етмаган қизим бор. Катта фарзандимни эгизак болалари бор, 13 млн контракти бор. Маслаҳат беринг. Мени ойлигимни олишга, ишдан бўшатишга ҳаққи борми? Синфни топшираман десам, дарсни ҳам топшир дейди. Бугун эса яна ойликдан 50% жарима деди.


maktab_xonasi

Ҳуқуқшунос жавоби:

❌ Бу ҳолатда синф раҳбарига нисбатан интизомий таъсир чораси қўллаш нотўғри.


Биринчидан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 27.06.2023 йилдаги 190-сонли буйруғи билан тасдиқланган умумий ўрта таълим муассасаси синф раҳбарининг йўриқномасига мувофиқ синф раҳбари синфдаги давоматни назорат қилиши, бу ҳақида ота-оналар билан боғланиб, келмаганлик сабабларини аниқлаши ва мактаб раҳбариятига ахборот киритиши керак.

Ушбу буйруқнинг 1-иловаси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 01.07.2021 йил 206-сонли буйруғига асосан ММИБДЎнинг лавозим мажбуриятларидан бири бу синф раҳбарларининг фаолиятини ташкил этиш, ўқувчиларининг давоматларини назорат қилиш ҳисобланади.

Юқоридаги қоиданинг мазмунига кўра синфдаги давомадни таъминлашга синф раҳбари жавобгар эмас. У давомадни ўз вақтида амалга ошириб, дарсга келмаган ўқувчилар ҳақида юқоридаги мажбуриятини бажариши кифоя.

Иккинчидан, Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра умумий қоидага кўра ходимнинг ёзма розилиги билан, ходимнинг розилиги бўлмаган тақдирда эса ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Ходимнинг розилигисиз, унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш асослари ичида сиздаги ҳолат мавжуд эмас.

❗️Шундай экан сизнинг иш ҳақингиздан фақат суднинг қарорига мувофиқ ушлаб қолиниши мумкин.

Учинчидан, Ота-оналарга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-моддасига асосан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши:
— базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

❗️Шунга кўра, боласини мактабда юбормаган ота-оналарга юқоридаги модда билан жарима қўлланилади.

Бу ҳолатда иш берувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига биноан мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

❗️Сизга мазкур ҳолатда туман адлия бўлимига мурожаат қилиш орқали улардан бузилган ҳуқуқларингизни тиклашда амалий ёрдам сўрашни тавсия қиламиз.

манба